Янги таҳрирдаги қонун республикада электрон тижоратни янада ривожлантириш ва рағбатлантиришни кўзда тутади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банк матбуот хизмати хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 17 январдаги йиғилишидаги топшириқларини ижросини таъминлаш учун Марказий банк томонидан “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасида давлат органлари ва хўжалик субъектлари, шунингдек аҳолининг кундалик фаолиятида ахборот технологияларини кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда жаҳоннинг йирик савдо компаниялари анъанавий савдо усулларидан фойдаланиш билан бирга электрон тижоратдан ҳам кенг фойдаланмоқдалар. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 10 фоизи харидларни интернет тармоғи орқали амалга оширмоқда ва бу рақам кундан кунга ўсиб бормоқда.
Мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиёти тизимига интеграциялашуви тегишли технологияларни нафақат ташқи бозорда, балки ички бозорда ҳам амалга жорий этилишини тақозо этади.
Республикамизда электрон тижоратни тартибга солиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий база яратилган. Бироқ, ахборот технологиялари ва тижоратнинг бугунги кундаги ривожланиш даражаси электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни янада пухтароқ тартибга солишни талаб этади.
Қонун лойиҳаси республикада олиб борилаётган демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш доирасида электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга йўналтирилган.
Ҳужжат тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашда қўшимча шароитлар, шу жумладан халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфраструктураси яратилишини таъминлайди.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади электрон тижоратнинг самарали фаолият кўрсатиши - товарлар савдоси, ишларни бажариш ва хизмат кўрсатишни электрон ҳужжатлар ва хабарлардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш учун қулай шароит яратиш, шунингдек электрон тижоратни амалга ошириш ва электрон тижорат иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мукаммал механизмларини яратишдан иборат.
Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор мамлакатларнинг электрон тижорат фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги амалиётлари таҳлил қилинди. Қайд этиш лозимки, мазкур давлатларда электрон тижорат қуйидагича тартибга солинган:
фуқаролик қонунчилигининг умумий қоидалари ва ахборот технологиялари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида (Ҳиндистон, Болтиқбўйи ҳамда МДҲ давлатларининг аксарияти);
электрон ҳужжатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида (Беларусь, Украина, Италия);
электрон тижорат ва электрон рақамли имзони тартибга солувчи алоҳида қонунлар асосида (АҚШ, Жанубий Корея, Сингапур, Австралия, Канада, Россия Федерацияси ва бошқалар).
Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги амалдаги қонуни Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги ва “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунларида белгиланган тушунча ва терминларга, хусусан бутунлиги ва ҳақиқийлиги электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда аниқланадиган электрон кўринишдаги ахборот электрон ҳужжат деб белгиланишига асосланади.
Электрон рақамли имзони қўллаш технологияси олдиндан томонлар ўртасида тузилган ўзаро шартномавий муносабатлар мавжуд бўлишини ёки оммавий калитларни тасдиқловчи марказлар хизматларидан фойдаланишни тақозо этади.
Бу соҳадаги халқаро амалиётда чакана савдони амалга ошириш учун товарларни интернет-магазинлар орқали харид қилишда, қоида тариқасида, хабар жўнатувчиларни идентификация қилиш имкониятини берувчи воситалардан фойдаланилади (жумладан, мобиль телефонига ёки электрон манзилига бир марталик идентификаторларни жўнатиш усули билан).
Ҳозирги кунда республика банк тизимида банк карталаридан онлайн режимида тўловларни интернет тармоғи орқали амалга ошириш механизми яратилган, масофадан банк хизматларини кўрсатиш ҳам кенг йўлга қўйилган.
Чет эл тажрибасига мос равишда “Умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари орқали тўлов тизимларини ташкил қилиш қоидалари”да (рўйхат рақами 1767, 2008 йил 13 февраль) ушбу тизимларда аутентификация қилиш ва операцияларни ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун электрон рақамли имзодан фойдаланишдан фарқли равишда бошқа усуллар қўлланилиши кўзда тутилган.
Шу муносабат билан, қонун лойиҳасида битимлар тузиш жараёнини соддалаштириш учун электрон битимларни расмийлаштиришни осонлаштириш имконини берувчи бир марталик идентификаторлардан ва бошқа имзолардан фойдаланишга рухсат этилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида электрон тижоратда битимлар тузиш ва бошқа юридик ҳаракатларни амалга оширишда электрон ҳужжат (хабар)лардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниб, электрон ҳужжат (хабар)лардан фойдаланган ҳолда шартномалар тузишнинг ўзига хос хусусиятлари, электрон тижорат иштирокчиларига бўлган талаблар белгиланган.
Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси амалдаги қонундан қуйидагилар билан фарқ қилади:
- биринчидан, жисмоний шахслар-электрон тижорат субъектлари учун электрон ҳужжатларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш бўйича қатъий талаб бекор қилинади, жисмоний шахслар - электрон тижорат субъектларига электрон рақамли имзонинг бир марталик идентификаторидан ёки шахсий имзонинг аналогидан фойдаланишга рухсат этилади. Бу электрон битимларни расмийлаштиришни соддалаштириш ва интернет тармоғи орқали банк карталаридан фойдаланган ҳолда тўлов механизмини жорий этиш имконини беради;
- иккинчидан, электрон тижорат субъектларига электрон битимларни амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатувчи ахборот воситачилари таркиби (телекоммуникация тармоғи операторлари, тўлов агентлари, электрон савдони ташкил этишни амалга оширувчи ва электрон ҳужжатларни депозитар сақлаш бўйича хизмат кўрсатувчи шахслар) кенгаяди;
- учинчидан, электрон ҳужжат (хабар)лардан фойдаланган ҳолда электрон битимлар тузилишини ўзига хос хусусиятларини ҳамда электрон шаклдаги шартномалар тузилишини ҳисобга олиб, оферта, тижорат таклифлари акцепти ва электрон тижорат шартномалари шартларига қўшимча талаблар ўрнатилади;
- тўртинчидан, қонун лойиҳасида счет-фактура ва бошқа зарурий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш имконини берувчи норма киритилди. Бугунги кунда, қонун ҳужжатларига мувофиқ, товарлар (иш, хизматлар) савдосида шартнома ижросини бажариш учун счет-фактуралар ва бошқа ҳужжатларни қоғоз шаклида имзолаш амалиёти мавжуд бўлиб, бу ҳол ўз навбатида, электрон тижоратни интернет тармоғи орқали амалга оширишга тўсиқлар яратади;
- бешинчидан, электрон тижорат учун қулай шароитлар яратиш ва уни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, ташкилий, технологик ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш масалалари бўйича ягона ёндашувни шакллантириш мақсадида давлат томонидан мазкур соҳани тартибга солувчи ваколатли орган тайинланиши кўзда тутилиб, унинг ваколатлари белгиланмоқда;
Қонун лойиҳасида электрон тижорат иштирокчилари маълумотлари ва шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ҳамда республикада электрон тижоратни янада кенгроқ жорий этилиши қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:
савдо операцияларини амалга ошириш бўйича харажатлар (транзакцион ҳаражатлар) анча камаяди, электрон тижорат субъектларининг бир-биридан географик узоқлиги билан боғлиқ муаммолар ҳал этилади;
сотувчилар ва харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри тезкор равишда шартномавий муносабатларни ўрнатиш учун шароит яратилади, шу жумладан бозорда янги иштирокчилар пайдо бўлади (бундай шароитда кичик бизнес субъектлари халқаро бозорда ҳам самарали рақобат қилишлари мумкин бўлади);
ахборот тармоқлари воситасида электрон савдо қилишда операцияларнинг шаффофлиги ошади, бу эса сотувчилар ва харидорларга қисқа фурсатда нархлар, сифат ва товарни етказиб бериш билан боғлиқ ҳар хил рақобатчилар таклиф этган маълумотларни олиш имконини беради.
“Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан кенг муҳокама этилади.