1

ГЕЛЬ, ҚАЛАМЧА ЁКИ ПЛАСТИК ЖАРРОҲЛИК? ҚАЙ БИРИ ИШОНЧЛИ?

СУҒДИЁНА 14.12.2017, 11:49
Теглар: Соғ бўлинг
ГЕЛЬ, ҚАЛАМЧА ЁКИ ПЛАСТИК ЖАРРОҲЛИК? ҚАЙ БИРИ ИШОНЧЛИ?

Жинсий ҳаёт тарзини яхшилаш учун ҳар сафар қоп-қоп маслаҳат берамиз. Ақалли биттасига амал қилаётгандирсиз-а? Бу сафар эҳтиросларни жунбушга келтирувчи шамчалару алламбало либослар хусусида гаплашмаймиз. Мавзумиз анчайин жиддий – қинни торайтириш усуллари ҳақида бўлади. Ҳа-ҳа, тўғри тушундингиз, куни кеча дугонангиз боплаб мақтаган, қўшни келинчак қайсидир хорижий фирма маҳсулоти дея таърифлаётган воситаларнинг фойда ва зарари, қўллаш мумкин бўлган ва аксинча ман этилган ҳолатларини батафсил таҳлил қиламиз. Ва энг асосийси, қиннинг меъёрий ўлчамдан кенгайиши қандай содир бўлади? Мунозарали саволнинг ечимини топишга ҳам уриниб кўрамиз.

Мутахассис – андролог – сексопатолог Дилмурод ЭРГАШЕВ.

Буни қачон сездингиз?

Соғлиқда бирор безовталик кузатилмаса, жинсий аъзоларда сурункали яллиғланиш ёки аёлларга ҳос касалликлар мавжуд бўлмаганида қин мушакларининг чўзилувчанлиги меъёрда бўлади. Айримларда қин мушакларининг сустлиги туғма патология ҳисобланиб, туғруқдан сўнг янада бўшашиб кетиши мумкин. Ёшга доир ўзгаришлар ҳисобига тўқималарда коллаген тақчиллигининг юзага келиши ҳам муаммонинг сабабчиларидан бири. Хўш, қиннинг аввалги ўлчамда эмаслиги қай ҳолатда сезилади? Авваламбор, жинсий яқинлик вақти аёл қониқиш ҳосил қилмайди. Бу ҳолат эркакда ҳам кузатилиши мумкин. Аммо шугина холос эмас-да. Таранглигини йўқотиб бораётган мушаклар аста-секинлик билан пешоб тутолмаслик, қин деворларининг тушиб қолиши, қин аъзосининг қисман ёки тўлиқ пастлашига олиб келиши мумкин. Англаганингиздек бу яқинликдан ҳам кўра саломатликда муаммоларни пайдо қилади.

Дорихонада нега йўқ?

Қаламча, гель ёки крем шаклида бўлган қинни торайтирувчи воситаларнинг изидан тушиб, пойтахтимиздаги бир қанча дорихоналар билан боғландик. Бироқ ҳеч бирида биз сўраган воситаларнинг лоақал биттаси ҳам учрамади. Ваҳоланк,и қаламча кўринишида бўлган торайтирувчи восита ҳақида «бачадондаги яллиғланишни даволайди, қон айланишини яхшилайди, эрозиялар ҳам чўт эмас» дейилганди. Агар чиндан ҳам тиббий кўрсатмалари бўлса, хўш нега унда дорихонада йўқ?! Ахир бачадон бўйини деворида ҳосил бўлган ярани даволаш учун тиббий текширувдан ўтган ва шифокорлар томонидан тасдиқланган препаратлар тавсия этилади. Зеро, ушбу патологиянинг нотўғри даволаниши хавфли ўсимта юзага келишига сабаб бўлиши ҳам муболаға эмас!

Таркиби қандай?

Суриштиришда давом этиб, косметика воситалари савдоси билан шуғулланувчи компаниялар билан алоқага чиқдик. Излаганимизни топишга топдиг-у, гель, крем ёки қаламчанинг таркиби ва қандай таъсир кўрсатиши ўйлантириб қўйди. Маълум бўлишича, бу каби воситалар асосида ошловчи моддалар бўлиб, қин шиллиғининг эпителиал тўқимасини бир-бириги бириктиради ва шунинг эвазига қиннинг торайиши келиб чиқади. Масалан, қаламчадан фойдаланишда учини сувда хўллаб, аста қин ичига киритилади. Қаламча ёрдамида қин ичида ўттиз сониялик енгил уқалаш амалга оширилади. «Муолажа» яқинликдан 15-20 дақиқа аввал бажарилади, таъсири қаламча қиндан бўшатилгач сезила бошлайди. Мазкур усулнинг иш беришини инкор этолмаймиз. Бироқ фойдаланишда баъзи қоидаларни унутмаслик керак. Масалан, қаламча ўттиз сониядан ортиқ ушлаб турилса қин шиллиғи камайиб, ҳаддан ортиқ қуруқлашиб кетади. Натижада яқинлик вақти оғриқ қўзғалиши мумкин. Қолаверса бу каби усулларга 3-4 кунда бир марта мурожаат қилиниши лозим. Мунтазам фойдаланганда органнинг табиий муҳитига ножўя таъсири бўлади. Ҳидли суртмалар билан ҳам худди шу гап. Доимий фойдаланилганида қин мушакларининг табиий қисқариши йўқолади. Гигиена қоидаларига амал қилинмаганида эса турли хасталикларга сабаб бўлиши мумкин.

Яна бир муҳим ҳолатга диққат қилинг: қин мушакларини таранглаштирувчи воситалар жинсий аъзоларда бирор касаллик бўлмаганидагина фойда бериши мумкин. Қин мушакларининг патологик чўзилувчан кўринишга келиши ҳамда мушаклар атрофиясида ҳеч қандай восита кўмак бермайди. Жинсий аъзоларда яллиғланиш бўлганида эса гель ёки қаламчалар ажралма миқдорининг ортиши, қориннинг пастки соҳаси ёхуд белда оғриқнинг юзага келтириши мумкин.

Жарроҳлик амалиёти қачон ўтказилади?

Қин мушаклари эластиклик хусусиятини мутлоқ йўқотганида, қиннинг орқа ва олд деворларининг тушиб қолиши кузатилганида шифокорлар пластик жарроҳлик амалиётини тавсия этишади. Тиббий текширувлар хулосасига кўра, муолажа учун қарши кўрсатмалар аниқланмаса, кольпорафия усули амалга оширилади.

Тос суяги кичик ҳомила эса катта туғилганида қин даҳлизи кенгайиб кетиши мумкин. Ушбу ҳолатда қин деворларининг эластиклиги меъёрда сақланиб қолинган бўлса, айнан даҳлиз қисмини торайтириш бўйича пластик операция ўтказилиши мумкин. Ҳар иккала усул ҳам фақат мутахассис томонидан танланиб, ҳар бир аёлга индивидуал тарзда мос келиш-келмаслиги ҳал этилади.

Қон касалликлари ва организмда инфекция аниқланганида, жарроҳлик амалиёти ман этилади.

Ортиқча вазн ортиқча муаммо!

Маълумотларга кўра, ҳаддан ортиқ семизлик қин мушакларининг сустлашишига олиб келиши мумкин. Демак, ортиқча вазндан ҳалос бўлсангиз, бошқа муаммолар ҳам ўз-ўзидан ечимини топади.

Шарчалар...

Қин мушакларини таранглаштиришда Кегель машқининг махсус пластик шарчалар билан бажариладиган тури мавжуд. Бунда кичик ўлчамдаги шарча қин ичига кетма-кет киритилиб, мушакларни сиқиш ва бўшатиш машқи бажарилади. Шуғулланишдан аввал пешоб халтасини бўшатиб олган маъқул. Машқни турган ёки ўтирган ҳолатда ўтказиш мумкин. Кегел шарчалари нафақат қин деворларининг эластиклигини қайтаришда балки сийдик тутолмасликда ҳам тавсия этилади.

Кегель машқи

Гувоҳи бўлганингиздек қин мушакларини торайтиришда ё турли хил воситалар ёки пластик жарроҳлик усулига мурожаат қилиш мумкин экан. Аммо ҳар қайсинисининг ўзига яраша ножўя таъсирлари ва мумкин бўлмаган ҳолатлари мавжуд. Дарров руҳингизни чўктирманг. Ҳам вақтингиз, ҳам нақдингиздан ютишнинг яна бир усулини таништирамиз. Бу ўша Кегель машқлари! Ҳафсала қилсангиз, машқларни тезда ўзлаштириб оласиз. Натижаси эса бир умр сиз билан бирга қолади.

  • Биринчи босқич: 1-2 сонияга қин мушакларини қаттиқ сиқинг, сўнг бўшатинг. Кутилган натижага эришиш учун машқни бир кунда 2-3 мартадан, 5-30 марта қисқартиришгача бажариш мумкин;
  • Иккинчи босқич: қин мушакларини сиқиб 10 сония ушлаб туринг, сўнг бўшаштиринг-да, 10 сония дам беринг. Машқни 4 дақиқа давомида бажарасиз. Кейин бир дақиқа давомида қин мушакларини тез-тез қисқартириб-бўшатиш керак бўлади.
  • Учинчи босқич: «Лифт» деб номланувчи машққа ўтиш учун аввал юқоридаги иккитасини бажарган бўлишингиз керак. Шунда муаммога йўлиқмайсиз. Диққат қилинг, аввал қин мушакларини сиқинг-да 3-5 сония ушлаб туринг, сўнг ана шу ҳолатда мушакларга тағин зўриқиш берасиз. Яъни хаёлан лифт иккинчи қаватга кўтарилди. 3-5 сониядан сўнг яна мушакларга зўр бериб қисқартирасиз. Шу тариқа лифтингиз 4 қаватга кўтарилиши керак. Сўнг аста мушакларни бўшаштиришингиз мумкин. Тортилиб турган мушакни кескин бўшатиб бўлмайди.

Кегел машқини кунора бажаришга одатлансангиз, торайтирувчи воситаларга ҳожатга ҳам қолмайди.

Ранжиманг-у, аммо тайёр суртма ёки қаламчалардан фойдаланишингиз, ўз устингизда ишламаслигингизга ишора бераяпти-да. Норози бўлаяпсизми? У ҳолда турли воситаларни бир четга яширингда, бугундан бошлаб жисмоний машқлар билан шуғулланинг, таомномангизни қайта кўриб чиқинг, ётоқхона кўринишини ҳам бир сидра янгилаб олинг, сочни турмаклашу қош-кўзни бўяшни гапирмасам ҳам бўлар-а? Шуларнинг барини бажарсангиз, яшириб қўйганларингизга қайрилиб ҳам қарамайсиз. Хўш, нима дедингиз?

МАРЖОНА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

БЎШАШГАН, ҚОНАЁТГАН ВА ЯЛЛИЈЛАНГАН МИЛКНИ ДАВОЛАЙМИЗ!

21.12.2017, 18:31

Кўпчилик тиш юваётган пайтда милкларининг қонашига унча аҳамият бермайди. Ваҳоланки, айнан шу ҳолатдан кейин оғзидан ҳид келишидан тортиб тиш бўшаб қолиши ва тушишигача бўлган асоратлар...
АПЕЛЬСИН. ШАРБАТИ ҲАМ, ЭТИ ҲАМ, ПЎСТЛОҒИ ҲАМ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТГА ЭГА

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Шарбати ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, тери жароҳатланганда қон кетишини тўхтатишда ёрдам беради, яраларни зарарли микроблардан тозалайди.Агар ҳар куни оч қоринга бир жуфт апельсин есангиз...
МАНДАРИН — ЯНГИ ЙИЛ МЕВАСИ!

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Тана ҳарорати кўтарилганда мандарин шарбати чанқоқни босишда ёрдам беради; Микроб ва вирусларга қарши таъсир кучига эга. Демак, ўткир респиратор касалликлар ва гриппнинг олдини олишда...
БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ ВА САЛОМАТЛИК

21.12.2017, 18:15

Ҳар бир касалликка хос мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Байрам дастурхонини безатишда ёки ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишда уларни инобатга олишга тўғри келади. У ёки бу касалликда қайси...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1