АсосийJamiyat

Ватанимиз илм-фани оғир жудоликка учради

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Биоорганик кимё соҳасидаги йирик олим, кимё фанлари доктори, академик Абдували Абдуваҳобов 73 ёшида вафот этди.

А.Абдуваҳобов 1941 йили Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилди. 1965 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсил олди, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг қарийб 50 йиллик илмий фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти лаборатория мудири, институт директори, Фанлар академиясининг Кимё технологияси бўлими раиси, академия вице-президенти каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ва кимё соҳасининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Таниқли олимнинг кимё фанининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган долзарб мавзудаги мақола ва рисолалари, илмий ишланма ва ихтиролари кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Абдували Абдуваҳобовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

                                               И.Каримов, И.Собиров, Д.Тошмуҳамедова,

                                                                      Ш.Мирзиёев, Ш.Солиҳов 

    Бошқа янгиликлар