АсосийSUG'DIYONA

ҚИШНИ КАСАЛЛИКЛАРСИЗ ЎТКАЗАМИЗ!

'ҚИШНИ КАСАЛЛИКЛАРСИЗ ЎТКАЗАМИЗ!'ning rasmi

Занжабил

Томоғингиз қичишиб, тумов бошланаётганини ҳис қилсангиз, уйқуга ётишдан аввал бир неча пиёла занжабилли чой ичинг.

Томоғингиз оғриса, занжабилнинг пўстлоғини артиб, бир бўлагини чайнанг. У ҳам оғриқни кесади, ҳам томоқдаги инфекциялар ўчоғини йўқотади.

Юрак учун калий ва магний муҳим. Занжабил бу минералларга бой бўлиб, қон томирларини ҳам мустаҳкамлайди, уларнинг ўтказувчанлигини яхшилайди. Юрагингиз соғлом бўлишини истасангиз, ҳар куни занжабилли чой ичинг.

Ошқозонга фойда: таркиби овқат ҳазми учун керакли аминокислоталарга бой бўлган занжабил овқат ҳазмини яхшилаб, холестерин миқдорини туширади. Шунингдек, ошқозон микрофлорасини яхшилаб, бактерияларни нобуд қилади, ортиқча вазнни йўқотади.

Занжабилли чойни тайёрлаш осон: занжабилни пўстлоғидан тозалаб, майда тишли қирғичдан чиқаринг. Чойнакка занжабил, кўк ёки қора чой, бир неча бўлак лимон ва 3-4 дона қалампирмунчоқ солиб, устидан қайнаб турган сув қуйинг. 15-20 дақиқа тиндиринг. Истакка кўра, асал қўшиб ичишингиз ҳам мумкин. Занжабилли чой иситувчи таъсирга эга. Шунингдек, танангизни витаминлар билан бойитади.

Мумкин эмас: жигар ва тери касалликларида, ҳомиладорлик ва эмизикли даврда билан маслаҳатлашинг.

Турп — саломатлик қўриқчиси

Микроблардан муҳофаза қилади, организмдан заҳарли моддаларни ҳайдовчи енгил сингувчи бирлашмаларга бой. Турп сабзавотлар орасида калийга энг бойи. Атеросклероз, подагра, буйрак касалликларида, шунингдек, иштаҳани очиш учун турпни қирғичдан чиқариб, бироз асал қўшиб ейиш фойдали.

Болалардаги йўтални даволаш учун турпни майда тўғраб, темир идишга солинг. Устига бироз шакар сепиб, паст оловга 2 соатга қўйинг. Ҳосил бўлган суюқликни сузиб олиб, кунига 3 маҳал овқатланишдан аввал 2 чой қошиқдан ичиринг.

Бронхит ва бошқа шамоллаш касалликларида турпни қирғичдан чиқариб, хантал (горчица) каби орқа ва кўкрак қафасига қўйиш лозим.

Ич қотиши ва ичакдаги хилтлардан халос бўлиш учун бир дона турпни қирғичдан чиқариб, шарбатини сиқиб олинг ва уни илитиб ичинг. Шунингдек, у пешоб ҳайдаш таъсирига ҳам эга.

Мумкин эмас: энтероколит, ошқозон яраси ва гастритда турпли муолажадан аввал шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Қизилпойчали чой — жигар ёрдамчиси

Қизилпойча (зверобой) тиббиётда кўп қўлланиладиган даволовчи гиёҳлар сирасига киради. Жигар, ўт пуфаги касалликлари, ошқозон фаолиятини яхшилаш учун қабул қилинади. Стоматитда оғизни чайиш, гайморит ва яраларни ювиш учун ҳам қизилпойча дамламаси фойдали. Чунки у бактерияларга қарши таъсирга эга.

Дамлама тайёрлаш учун 1,5 ош қошиқ гиёҳни эмалланган идишга солиб, устидан бир стакан қайнаган сув қуйилади. Сўнг идиш қопқоғини ёпиб, 30 дақиқа давомида қайнаб турган чойнак устида тутинг. Докада сузиб олиб, истакка кўра бироз қайнаган сув аралаштириб ёки ўзини ярим стакандан овқатланишдан 30 дақиқа аввал ичинг. Дамламани 2 суткадан ортиқ сақламанг.

Мумкин эмас: ҳомиладорлик ва қон босими кўтарилиб кетадиган беморларга тавсия этилмайди.

Дасторбош (тысячелистник)

Қўл-оёқларингиздаги асаб толалари шамоллаганда дасторбош дамламаси қўшилган ванна қилиш фойда беради. Шунингдек, климакс даврида дасторбошли чой ичиш аҳволни енгиллаштиради.

Қон камайганда: бир хил миқдордаги дасторбош, момоқаймоқ ва қичитқи ўтни аралаштиринг ва 1 ош қошиғини 1,5 стакан қайнаган сувда дамланг. 3 соат тиндиринг. Овқатланишдан 20 дақиқа аввал кунига 3-4 марта қабул қилинг.

Ошқозон яраси, гастритда бир чой қошиқ дасторбошни бир стакан қайнаган сувда дамланг ва 5-10 дақиқа тиндиринг. Кунига 3 маротаба ярим стакандан ичилади.

Файруза МУХТОРОВА тайёрлади.

Бошқа янгиликлар