1

ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА БЎЛИШНИ ЁҚТИРАСИЗМИ ЁКИ ПАНАРОҚДА ЮРИШНИ?..

СУҒДИЁНА 15.12.2017, 15:36
Теглар: Психология
ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА БЎЛИШНИ ЁҚТИРАСИЗМИ ЁКИ ПАНАРОҚДА ЮРИШНИ?..

Айтинг-чи, катта давраларда ўзингизни бемалол ҳис этасизми ёки «Шу ерга келганимдан кўра уйда қолганим яхши эди» дейдиганларданмисиз? Қай бири феълингизга кўпроқ яқинлигига ўйланиб қолган бўлсангиз, диққат қилинг, сиздаги ҳолатлар учун баъзи маълумотларни ҳавола этамиз.

Таъсирчан, оғир-босиқ, баъзан бор-йўқлиги ҳам билинмайди...

Булар интроверт феъл-атвордагилардир. Уларда ички дунёларига қулоқ солиш устун. Яъни муаммоларини бошқалар билан бўлишмай ҳал қиладилар, вазминлик ва хотиржамликни жуда қадрлайдилар. Бир қарашда ажойиб феълли экан, дерсиз. Хулоса қилишга шошилманг.

Танишинг: интроверт хонимлар! Агар сиз «ўқиш-иш-уй» деган йўналиш бўйича ҳаракатлансангиз, дўсту дугоналарингиз билан учрашувлардан қочсангиз, қавму қариндошларникига, тўй-ҳашамларга хадеб боравермасангиз, билингки, сиз интровертсиз! Яъни кўпчиликни хушламайсиз. Сиз учун ёлғиз қолиш, фақат ўзингизга яқин билган инсонлар даврасидагина бўлиш кифоя. Дугоналарингизнинг кийим-кечак харид қилишлари, мода ортидан қувишлари ҳам сизга эриш туюлади.

«Нега мен шундайман?» Бу феъл-атворнинг изоҳини узоқдан ахтарманг. Шундоққина болалик хотираларингизни ишга солсангиз кифоя. Бордию болаликда ота-онангиз «Ортиқча савол берма, жим ўтир» дея қизиқишингизни қайтарган бўлсалар, бу ҳам феълингизга таъсир этмай қолмаган. Ўзингиздаги туғма вазминлик бора-бора бошқалар билан мулоқотга кириша олмаслик комплексига айланиб қолган.

Камчилигингиз... Сиздаги ўта вазминликни атрофингиздагилар манманлик ё ўзига бино қўйганликдек баҳолашади. Баъзи вақтларда бесабаб жамоавий йиғинларда иштирок этишдан бош тортишингиз ҳам худди «Мен сизлардан устунман» дегандай туюлиши мумкин. Унутманг, ҳар бир ҳаракатингиз четдан қараганда бошқача тасаввур ҳосил қилиши мумкин. Ҳатто у ижобий бўлса ҳам.

Ютуғингиз... Феълингизда вазминлик бўлгани учун ҳам бирор қарор қабул қилишдан аввал етти ўлчаб бир кесишни афзал биласиз. Баракалла! Мана шу феъл-атворингиз сабаб фикрингиз аниқроқ ва узоқни кўзлаган бўлади. Бу сизнинг ютуғингиз!

Маслаҳат. Агар бу борада сал бўлсада ўзгаришни истасангиз, феълингизнинг акси бўлган ҳамроҳ топинг. Ана шунда вазминлигингиз билан кўпчилик орасида ноқулайликни сезмайсиз. Айтайлик, оилада турмуш ўртоғингизнинг феъл-атвори сизнинг аксингиз бўлса, демак, ундан нималарнидир олишингиз мумкин.

Хушмуомала, фаол, хушчақчақ, аммо баъзида асабий...

Сиз уларни яхши танийсиз. Қаерда пайдо бўлишса, дарҳол борликлари билинади. Атрофдагиларни ўзларига қаратишга уста. Доим кўтаринки кайфиятда бўлганликлари боис бошқалар ҳам улар билан суҳбатлашишга ошиқади.

Танишинг: экстроверт хонимлар! Ниманики ўйласангиз, очиқ-ойдин билдиришдан истиҳола қилмайсизми? Ташкилотчиликни ёқтирасиз, ҳеч бир байрам сизсиз ўтмайди. Киришимли бўлганингиз боис нотаниш даврани ҳам тезда ўзингизники қилиб олишингиз мумкин. Келтирилган таърифлар феълингизга яқин бўлса, билингки, сиз эксровертлар тоифасига мансубсиз. Сизни оилангиздагилар ҳам, жамоадошларингиз ҳам ёқтиришади. Бироқ кўпинча бу кайфият ортида муаммоларингизни ҳам яширасиз.

«Нега шундайман-а?» Аслида доим хушчақчақ ва атрофдагиларнинг диққат-марказида бўлиш ҳам ҳамма вақт фойда келтиравермайди. Экстровертлар ўзларидаги бу фаоллик ортида баъзи камчиликларини яширишни билишади. Шу сабаб ҳам бошқалар наздида уларда ҳеч қандай муаммо йўқдек туюлади. Аслида эса уларнинг ички оламлари шу қадар таъсирчанки, кўз ёшларини кўрсангиз, ишонмаслигингиз мумкин.

Камчилигингиз... Баъзи вақтларда сиздаги ўта фаоллик суҳбатдошингизни иккинчи даражага чиқариб қўяди. Яъни ҳамма ишда етакчилик қилиш истаги туфайли бошқалар фикрига имкон ҳам қолдирмайсиз. Феълингизни тушунган инсон бўлса-ку, тоқат билан суҳбатлашиши мумкин. Аммо ҳар ким ҳам бу ишни эплолмайди-да! Айниқса, жамоада бу каби ишларингиз сабаб «Билағон»га чиқариб қўйишлари ҳеч гап эмас.

Ютуғларингиз... Фаол ва киришимлилигингиз мақтовга лойиқ албатта. Ҳатто сиз иштирок этган давраларда доим табассум янграшини ҳам айтиш ўринли. Бироқ фақат «мен» демасдан, бошқаларга ҳам имкон берсангиз яхши бўларди. Озроқ танаффус қилишни ҳам ўрганинг. Бу вақтда бошқалар фикрини тинглаб, сўнг яна ташаббускорлигингизни давом эттирсангиз бўлаверади.

Маслаҳат. Экстроверт характер соҳибаларига доим талаб кучли. Ахир ижобий қувват улашадиган инсон ҳар қандай жамоага керак-да! Аммо ёнингизда интроверт ҳамроҳингиз бўлса, керакли вақтларда маслаҳатларини аямай, сизга тўғри йўл кўрсатади. Фақат ўз фикрингизга таянмай, бошқалар маслаҳатига ҳам қулоқ тутинг.

Экстроверт ва интроверт феъл. Кўпчиликда униси ҳам, буниси ҳам бўлади. Фақат кимдадир фаоллик кўпроқ бўлса, кимдадир вазминлик етакчи. Бироқ «Борим шу» демасдан, ўзингиздаги яхши фазилатларни янада юзага чиқариш устида ишлаб, камчиликларингизни бартараф этишга ҳаракат қилсангиз, ҳаётда кўп ютуқларга эришишингиз тайин.

Самира УЛУҒБЕКОВА

Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1