1

Давлатимиз раҳбарининг Наврўз байрамига бағишланган табрик сўзи катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

ЖАМИЯТ 25.03.2014, 11:49
Давлатимиз раҳбарининг Наврўз байрамига бағишланган табрик сўзи катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишида мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилади. Уларга ўзининг меҳри ва ишончини билдириб, ҳар томонлама баркамол, фидойи ва ватанпарвар бўлишга ундайди.

Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида Юртбошимиз ёшлар масаласига яна бир бор эътибор қаратиб, «...ўзлигини, ўз қадр-қимматини, Ватани олдидаги ўз бурчини чуқур англаган, ўз олдига баланд марралар қўйиб, дунёдаги барча тенгдошлари билан беллашувга тайёр фарзандларимни бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз, деб юксак қадрлаймиз ва сиз ёшларимизни эъзозлаб камол топтиришда ўзимизни ҳеч қачон аямаймиз», дея таъкидлади. 

Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кейин атиги икки ой ўтиб, 1991 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, таълим тизимини ривожлантириш, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшлар ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.

Ўша пайтда кўплаб иқтисодий-ижтимоий муаммолар мавжудлигига қарамай, бу масалага биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратилгани бугун ўз самарасини бермоқда. Мустақиллик йилларида туғилиб, камолга етган ёшлар етакчи куч бўлиб ҳаётга кириб келмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Уларнинг манфаатларини таъминлаш, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш учун ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва йигирмадан ортиқ қонунда ёшлар масаласи ўз ифодасини топган.

Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда. Ҳар йилга муайян ном берилиши муносабати билан қабул қилинаётган давлат дастурлари самарасида ёшларнинг ҳаётий муҳим масалалари ҳал этилмоқда. Ўз сафларида 5,5 миллион йигит-қизни бирлаштирган «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик бу борада алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти, «Ниҳол» мукофоти, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ва бошқа стипендиялар иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Ёш спортчиларни камолга етказиш мақсадида «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари мунтазам ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда ўғил-қизларнинг нафақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, балки маънавий тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшлар миллий ўзлигимиз, бой маънавий қадриятларимиз асосида тарбияланаётир.

...Яқинда интернетда шундай маълумотга дуч келдим: бугун Европада ҳар икки никоҳдан биттаси бекор бўлаётган экан. Бунинг сабаби ёшлар ўртасидаги ахлоқсизлик, уларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, масъулият ва қийинчиликларга чидамсизлиги экани қайд этилган. Атиги ўн йил илгари ушбу кўрсаткич ҳар учтадан бирига тўғри келгани ҳисобга олинса, бу жараён қанчалик тезлашиб бораётгани яққол намоён бўлади.

Маълумки, ўтган асрнинг 60-йилларида АҚШ ва Европа мамлакатларида рўй берган жинсий эркинликни тарғиб қилишга қаратилган “инқилоб” одамларнинг турмуш тарзини, маънавий-маданий қадриятларни кескин ўзгартириб юборди. Ёшлар ўртасида ахлоқий бузуқлик, тийиқсизлик оддий ҳолга айланди. Кайфу сафо, енгил-елпи ҳаётга ўрганган ёшлар ўқиш, ишлаш, фарзанд тарбиялашга ортиқча ташвиш, деб қарайдиган бўлди.

Бу иллатлар таъсирида бугунги кунда кўплаб тараққий этган давлатларда оила институти емирилиб бораётгани сир эмас. Туғилиш даражаси йилдан-йилга камайиб, меҳнатга лаёқатли кишилар билан аҳолининг бошқа қатламлари ўртасида жуда катта тафовут пайдо бўлмоқда. Бу пенсия таъминоти, солиқ сиёсати, эмиграция оқими билан боғлиқ бир талай ижтимоий-сиёсий муаммоларни келтириб чиқараётир.

Жаҳон ёшлари орасидаги яна бир муаммо ишсизликдир. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, ёшлар ўртасида ишсизлик йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Европадаги айрим мамлакатларда ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 60 фоизга етган...

Бугун жаҳонда кузатилаётган бундай хавотирли ҳолатлар қиёсида давлатимизнинг ёшларга оид сиёсати нақадар тўғри ва асосли эканлиги янада яққолроқ намоён бўлади. Мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, оилаларни мустаҳкамлаш, соғлом авлодни вояга етказиш, ёшларни иш билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Таълим тизими изчил ривожлантирилиб, ёшларимизнинг замонавий асосда билим олиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Мактабни тамомлаган ёшлар ўрта махсус таълим тизимига, коллеж битирувчилари иш ва ўқишнинг кейинги босқичларига тўлиқ қамраб олинмоқда.

2013 йилда касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди. Ўз хусусий бизнесини очиб, шу соҳа билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди.

Ёшларнинг маиший шарт-шароитларини яхшилаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Президентимизнинг 2007 йил 18 майда қабул қилинган «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қуватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларга катта мадад бўлмоқда. Ҳар йили ёш оилалар учун уй-жой қуриш ишларига миллиард-миллиард сўмлик кредитлар ажратилиб, янги уйлар фойдаланишга топширилмоқда.  Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшлар турар-жой билан таъминланиб, уларнинг оила қуриб, ҳаётда ўз йўлини топишига катта кўмак берилаётир. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар оилалар, жумладан, ёшларнинг турмуш шароитини, дунёқарашини ўзгартирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланган. Уларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаб, орзу-интилишларини рўёбга чиқаради.

Йиллар ўтгани, жамият ривожлангани сари ёшлар ҳам ўзгариб бораверади. Доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилса, улар жамиятнинг ишончи ва таянчига айланади.

Ўзбекистон ана шундай мустаҳкам таянчга эга мамлакат. Унинг барча бойликларидан-да қадрлироқ хазинаси – юксак маънавиятли ва салоҳиятли ёшлари ҳамда уларни менинг фарзандларим деб эъзозлайдиган, мунтазам ғамхўрлик қиладиган Президенти бор.

Анвар САМАДОВ,

ЎзА шарҳловчиси

 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1