АсосийJamiyat

250 НАФАР ПОРАХЎРГА ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ

'250 НАФАР ПОРАХЎРГА ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ 'ning rasmi

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида «Давлат органлари тадбиркорлар таянчи: коррупцияга йўл йўқ!» мавзуида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда солиқ хизмати органларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, хусусан, давлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субектлари ўртасида коррупция ҳаракатларини олдини олиш ва уларга чек қўйишга оид чора-тадбирлар ижроси ҳамда келгусидаги вазифаларга асосий эътибор қаратилди.
Тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ж.Темуров, вилоят Жиноят ишлари бўйича судининг раиси Б.Умаров, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи А.Рўзметов сўзга чиқиб, айни кунда мамлакатимизда коррупцияни олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар жараёнида солиқ хизмати органларининг ўрни, тадбиркорлик субектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.
Мулоқот давомида мамлакатимизда тадбиркорларга ҳар томонлама қулай шароит яратиб берилаётгани, аммо баъзи ҳолларда тадбиркорлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари туфайли таъмагирлик, порахўрлик, коррупция ҳолатлари юзага келаётгани, бунинг учун эса, давлат органлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарур эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, солиқ хизмати ходимлари ўртасида коррупция ҳолатларга чек қўйиш мақсадида бошқарма томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 72 та ҳолат бўйича хизмат текшируви ва 41 та ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказилиб, шундан 250 нафар ходимларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг тегишли моддаларига асосан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра, 57 та ҳолат бўйича хизмат текшируви хулосалари ва тўпланган ҳужжатлар назорат тариқасида кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
– Бугунги очиқ мулоқотда коррупцияга қарши курашиш масаласида тадбиркорлар фаолиятида мавжуд муаммолар ечимига асосий эътибор қаратилди, - дейди Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Р.Эшчанов. - Бу каби тадбирлар халқ билан яқиндан мулоқот қилишда ҳамда давлат ташкилотларининг очиқлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда жаҳон миқёсида коррупцияга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам бу борада тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мулоқот давомида солиқ хизмати органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда тадбиркорлар коррупция ва таъмагирликка қарши курашиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
- Бугунги очиқ мулоқотда ўз фаолиятимизни қонуний амалга ошириш бўйича керакли маълумотларга эга бўлдик, - дейди урганчлик тадбиркор Нилуфар Исамова. - Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларнинг ўтказилиши, давлат ташкилотлари билан тадбиркорлар ўртасида коррупция ҳаракатларини олдини олишда ҳамда солиқ хизмати органлари билан ҳамкорликда ишлашда яқиндан ёрдам беради. Эндиликда ўз фаолиятимизда янада ҳаққоний ва қонун ҳужжатлари асосида юритишга ҳамда давлатимизда томонидан яратилаётган имтиёз ва қулайликлардан оқилона фойдаланишга ҳаракат қиламиз.


    Бошқа янгиликлар