АсосийJamiyat

​СУД ТИЗИМИ: СЕНАТОРЛАР ОЛИЙ СУД ТОМОНИДАН КИРИТИЛГАН ҚОНУНЛАРНИ ҚАНДАЙ АСОСЛАРГА КЎРА МАЪҚУЛЛАДИЛАР?

'​СУД ТИЗИМИ: СЕНАТОРЛАР ОЛИЙ СУД ТОМОНИДАН КИРИТИЛГАН ҚОНУНЛАРНИ ҚАНДАЙ АСОСЛАРГА КЎРА МАЪҚУЛЛАДИЛАР?'ning rasmi

Ўзбекистон Республикасининг Олий суди томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор кодексларини тасдиқлашни назарда тутувчи қонунлар Олий Мажлиси Сенатининг 20 декбар куни бўлиб ўтган ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўриб чиқилди. Изоҳланишича, мазкур қонунлар “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, "Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида муҳокамага киритилган.

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонунлар... Сенаторларга кўриб чиқиш учун киритилган мазкур қонунлар суд-ҳуқуқ соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини акс эттиради. Мазкур ислоҳотлар суд тизимини изчил демократлаштиришга, суд ҳокимияти мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий принципга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.

Кодексларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган талаблар эътиборга олинди.

“Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқиш давомида сенаторлар ушбу ҳуқуқий ҳужжат 1997 йил 30 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Фуқаролик процессуал кодекси нормалари ва қоидалари асосида ишлаб чиқилганлигини қайд этдилар. Мазкур нормалар ва қоидалар замон талабини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтирилган фармонлари билан тасдиқланган дастурларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда Кодексда мавжуд нуқсонларни бартараф этиш мақсадида такомиллаштирилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

“Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни кўриб чиқилаётганда Кодекс Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Хўжалик процессуал кодексининг замон талабларини ҳисобга олиб ва амалдаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган нуқсонларни бартараф этиш мақсадида такомиллаштирилган нормалари асосида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Масалан, Кодексда айрим низоларни (чет эллик шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари иштирокидаги ишларни; хорижий судлар ва арбитражлар қарорларини эътироф этиш ҳамда ижро этиш тўғрисидаги ишларни) кўриб чиқиш вилоят даражасидаги иқтисодий судлар судловига киритилди.

Низолар тез кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаси ўзгартирилди (юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга даъволар улар рўйхатдан ўтказилган жой бўйича судга тақдим этилади).

Фуқаролик процессуал кодексида бўлганидек, шартлашилган (ихтиёрий) вакиллар рўйхати келтирилмоқда, шунингдек, судда вакил сифатида ишларни кўриб чиқиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланишлари мумкин.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқишда таъкидланишича, маъмурий соҳалардаги ҳамда бошқа ҳуқуқий муносабатлар борасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонун ва судга ҳурмат муносабатини шакллантириш Кодексда маъмурий суд ишларини юритишнинг муҳим вазифалари этиб белгиланган.

Шу муносабат билан Кодексда бир тарафдан давлат органлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа тарафдан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар, ташкилотлар ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича иш юритиш тартибини, шунингдек, бошқа оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ишлар юритилиши тартибга солинади.

Кодекс маъмурий суд ишларини юритишнинг тамойилларини мустаҳкамлайди. Одил судловнинг фақат судлар томонидан ҳамда фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилиши, судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги, суд ишлари юритиладиган тил, судда иш кўришнинг ошкоралиги, судда ишни кўришнинг бевоситалиги ва оғзакилиги, ишларни қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш ва бошқа тамойиллар шулар жумласидандир.

Суд тизими фаолияти самарадорлигини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида Кодексда суд мажлисини аудио ва видеоёзувга олиш имконияти назарда тутилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    Бошқа янгиликлар