1

ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

СУҒДИЁНА 21.12.2017, 18:16
Теглар: Психология
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар болалик аталмиш эртакнинг бош қаҳрамони — Қорбобо билан учрашади-да! Азиз ота-оналар, байрам фарзандингизга эсда қоларли дақиқаларни ҳадя этиши учун нималар қилаяпсиз? Агар бу борада бош қотираётган бўлсангиз, қуйидаги тавсиялар айнан сиз учун! Болалар учун янги йилни нишонлаш сценарийсини олдиндан тузиб қўйсангиз, Янги йилни фарзандингиз учун энг эсда қоларли байрамга айлантирасиз. Болакайларнинг қувноқ кайфияти эса сизга ҳам кўчиб, ўзингизни бардам ва шод ҳис этасиз.

1. Биргаликдаги тайёргарлик

Фарзандингиз билан биргаликда уйингизни байрамона қилиб безатинг. Арча ўйинчоқлари, зар иплар, маржондек тизилган гуллар, Кор парчаларини уй бўйлаб — қандилга, эшик устига, дераза токчасига, деворларга жойлаб чиқинг. Безак беришда фарзандингизга ўз фантазиясини намоён этишига имкон беринг. Балки у рангли қоғозлардан занжир ясар, қоғоздан қор парчаси кесар… Болакайга янги йилга мос суратларни бўяшни таклиф этинг. Хуллас, уйингизни фарзандингиз ўз қўллари билан ясаган, чизган, бўяган нарсалар билан безасангиз, кичкинтой ғоятда завқланади!

2. Қўшиқ

Танлов, рақс ва шунчаки «фон» учун мусиқани синчиклаб танланг. Янги йилбоп мультфильмлар ва болалар учун мўлжалланган кинофильмларда янграган машҳур қўшиқлар жамланмасини ҳозирлаб қўйсангиз, болалар учун ажойиб «сюприз» бўлади. Қўшиқлар байрамона муҳитни яратишда ёрдам беради.

3. Кийим

Меҳмонларга карнавал кийимида келишни таклиф этинг. Ёки олиб келиб, уйда кийиниб олишлари ҳам мумкин. Фарзандингизни ҳам бирор эртак қаҳрамонига айлантиринг. Бунда унинг хоҳишини инобатга олинг. Бола ўзи ҳавас қилган эртак ёки мультфильм қаҳрамонига «айланса», ўзини бахтиёр сезади. Базм охирида эса энг зўр кийим учун танлов ўтказиш мумкин.

4. Байрамона лотерея

Янги йил кичкинтой учун эсда қоларли ўтиши учун байрамони лотерея ўтказинг. Лотерея чиптасининг ҳар бир рақами учун совғалар ҳозирлаб қўйинг. Бола «сеҳрли қопча»дан таваккалига бирма-бир чипта олсин. Чипталарга яширинган совринларни тақсимлаш жараёнини базм авжига чиққанда ўтказиш мумкин. Соврин номи ва лотерея чиптаси рақамини эълон қилинг. Қизиқ бўлиши учун ҳар бир лотга кичик шеърчалар тўқиш мумкин. Масалан, «Хоҳласанг гар ўйинчоқ, мана сенга қўғирчоқ!» «Келақол шўх Алишер, мана сенга катта шер!», «Хурсанд бўлиши аниқ, Нодирага бу айиқ» ва ҳоказо. Совринлар сони болалар сонидан ортиқ бўлиши керак.

5. Ўйинлар

Болаларнинг энг «муҳим иши» — ўйинлар ўйнаш. Сизга иккита ўйинни таклиф этмоқчимиз: «Байрам» ва «Қор парчаси».

«Байрам» ўйини учун совринлар қопчаси ва бош ҳарфи ўйиннинг ҳар бир ҳарфига мос келадиган совғалар керак бўлади. Масалан, булочка, апельсин, йўлбарс, ручка, айиқча, машина. Бошловчи ўйин иштирокчиларидан «қўлимдаги сеҳрли қопчада «б» ҳарфидан бошланадиган нима бор?» деб сўрайди. Болалар унинг нималигини топишга ҳаракат қила бошлайди. Ким топса, совға ўшаники бўлади. Шу тарзда ҳар бир ҳарф кетма-кет топилади. Хоҳишингизга қараб бошқа сўз танлашингиз ҳам мумкин. Масалан, «Янги йил».

«Қор парчаси» ҳам ҳатто катталарни ҳам қизиқтирадиган ажойиб ўйин. Байрам арафасида қоғоздан 30-40 та қор парчаси қирқинг. Улардан бирининг орқа томонига «соврин» сўзини ёзиб қўйинг. Қор парчаларини хонанинг турли жойларига жойлаштириб чиқинг. Байрам бошида болаларга ҳамма қор парчаларини топиш кераклигини тушунтиринг. Совринли қор парчасини топганга эса совринни топширинг.

6. Совғалар

Совғаларни қанчалик қувноқ ва ноанъанавий тарзда топширсангиз, бола бу кунни узоқ вақт завқ билан эслаб юради. Янги йилни бола учун эртакмонанд саргузаштга айлантиришнинг кўпаб усуллари мавжуд. Айтайлик, совғаларни бутунжаҳон анъанасига кўра арча тагига қўядиган одатингиз бўлса, буй ил ўзгача йўл тутинг. Масалан, совғаларни бекитиб қўйишингиз мумкин. Совғага «олиб борадиган йўлни эса чалкаштириб юборсангиз», яна-да қизиқроқ бўлади. Кўринарли жойга чиройли конверт қўйинг. Болалар ундаги хатдан совғалар арча тагида туриши керак эди, лекин ёвуз сеҳргар уни бекитиб қўйган»ини билиб олишади. Хатда шундай сўзлар ҳам бўлсин: «Лекин кайфиятингизни туширманг, эртакдаги дўстларингизнинг йўл-йўриқлари совғаларни топишингизда ёрдам беради. Биринчи ишора конверт турган жойдан беш қадам шимолда турибди...» Ҳар гал хат ҳар хил жойда (пуфак ичида, деразадаги қор парчасида ва ҳоказо) бўлса, бола учун яна-да қизиқ ва завқли бўлади. Охир-оқибат болалар совғаларни топишади ва уларни осонлик билан олганларидан кўра кўпроқ хурсанд бўлишади.

7. Қорбобо чақириш

Агар «профессионал» Қорбобо хизматидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, жажжи болакайларни унинг ташрифига тайёрлаш керак. Кичкинтойга Қорбобо кимлиги ва уни болалар қанчалар яхши кўришини тушунтиринг. Болакайлар Қорбобо келганда нима бўлишини билишлари муҳим. Акс ҳолда қўрқиб кетишлари мумкин. Шунинг учун Қорбобо эртаклар айтиб бериши, совғалар беришини тушунтиринг.

Янги йилни шундай ўтказингки, у нафақат фарзандингиз, балки бутун оилангиз учун энг эсда қоларли лаҳзаларни туҳфа этсин!

Нилуфар ВАҲОБОВА

Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯЛҚОВЛИКНИ ЕНГИШНИНГ 7 ҚОИДАСИ

20.12.2017, 19:41

... Кун давомида иш бўйича муҳим ҳисобот тайёрлаш ёки бирор лойиҳа ҳақида бош қотириш керак. Аммо одатдагидек, буни ортга сурамиз ва кун охирига келиб, жуда...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1