АсосийJinoyat

ВОЯГА ЕТМАГАН СУДЛАНУВЧИЛАР КАФИЛЛИККА ОЛИНДИ

'ВОЯГА ЕТМАГАН СУДЛАНУВЧИЛАР КАФИЛЛИККА ОЛИНДИ'ning rasmi

Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланган эди. Айнан, фуқароларга ўз ҳақ ва хуқуқларини янада танитишга кўмак берадиган бу фармондан келиб чиқиб Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди маҳаллаларда сайёр учрашувлар ҳамда сайёр суд мажлисларини ўтказмоқда. Бу эса судларнинг фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали жиноятчиликнинг олдини олиш каби вазифани бажараётганидан далолат беради.

Мирзо Улуғбек туманининг “Феруза” маҳалла худудидаги 205-мактабда ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам маҳалла фуқаролари, ўқувчи-ёшларнинг иштироки, суд жараёнига гувоҳ бўлиши, шунингдек, уларни қизиқтирган саволларга суд ходимлари томонидан жавоб берилиши аҳоли ўртасидаги жиноятчиликни олдини олишга қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

— Аҳоли орасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун жиноий, маъмурий, фуқаролик ҳамда иқтисодий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судлари раислари томонидан маълум режали дастур ишлаб чиқилган, — дейди Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси Ёқутхон Ҳайдарова. — Унга асосан, биз судьялар Тошкент шаҳри бўйлаб барча маҳаллаларга бориб фуқаролар билан учрашамиз. Бунда маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари ёрдамида маҳалладаги муаммоси бор аҳолини кўпроқ жалб этишга ҳаракат қиламиз. Улар билан юзма-юз мулоқот ўтказамиз. Бу эса билиб-билмай қилиниши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олади. Яқинда билмай жиноят йўлига кириб қолган ёшлар ҳаётига оид муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланди. Энди судлар маҳалла, жамоатчилик кафиллигидан ташқари Ёшлар иттифоқининг кафолат хатларини ҳам инобатга олади. Бу эса билмай нотўғри йўлни танлаган ёшларга тўғри йўлга ўтиб олишларига кўмак беради.

“Феруза” маҳалласи худудидаги 205-мактабда ўтказилган сайёр суд мажлисида ёшлик шўхлигими ёки ота-онанинг беэътиборлиги сабабми ўғриликка қўл урган вояга етмаган уч нафар ёш, яъни Мўминов, Сахобиддинов ва Илҳомбековларнинг иши кўриб чиқилди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, в, г” бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликлари аниқланган бўлиб, жиноятлари учун қатъий белгиланган жазони ўташлари керак эди. Бироқ Ёшлар иттифоқининг Мирзо Улуғбек тумани кенгаши кафиллиги ва маҳалла фаоллари кафиллиги сабаб Мўминов ва унинг шериклари жазоси енгиллашди. Мўминовга бир йил озодликдан чеклаш, Сахобиддинов ва Илҳомбековга эса олти ой озодликдан чеклаш жазоси белгиланди. Кафиллик сабаб ҳали мурғак гўдаклик нуқси юзидан кетмаган ёшлар қамоқхонадан асраб қолинди.

Хуршид СОДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман суди ходими

    Бошқа янгиликлар