Бош прокуратурада республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг мувофиқлаштирувчи Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди, дея хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Йиғилишда тергов жараёнида жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқланиши, бартараф этилиши ҳамда “Суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси давомида ашёвий далиллар, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни олиб қўйиш (қабул қилиш), ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, сотиш, қайтариш, йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ижроси муҳокама қилинди.
Шунингдек фош этилмаган жиноятлар юзасидан дастлабки тергов ва тезкор-излов фаолияти, гиёвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласини олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлиги ҳамда бу борадаги прокурор назорати аҳволи кўриб чиқилди.
Йиғилишда диний экстремизм, терроризм ва давлатнинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш, уларнинг олдини олиш ҳамда бу тоифадаги жиноят ишлари бўйича тергов, тезкор-қидирув ишлари аҳволини муҳокама этиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан муайян ишлар амалга оширилгани билан бирга, улар фаолиятида айрим камчиликлар мавжудлиги танқид остига олинди.
Жиноятларни фош этиш борасида кўрилаётган кенг қамровли тадбирларга қарамасдан, жойлардаги баъзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан сусткашликка йўл қўйилаётганлиги таъкидланди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан прокуратура ва ички ишлар органларининг соҳага масъул раҳбарларининг ахборотлари тингланди.
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш йиғилиши якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ушбу соҳалардаги фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан масъул идоралар олдига қатъий талаб қўйилди ҳамда тегишли қарор қабул қилиниб, жойларга ижро қилиш учун юборилди.





