USAID халқаро ташкилотининг “Тинчлик йўлидаги озиқ-овқат ёрдами” дастури доирасида 2 апрел куни “Соғлом авлод учун” халқаро ҳайрия фонди мажлислар залида АҚШ нинг “Resource and Policy Exchange” халқаро ташкилоти томонидан келтирилган, умумий қиймати 311 833,7 АҚШ долларига тенг бўлган 112,5 т витаминлар билан бойитилган қуритилган сабзавот шўрвасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, 2013 йили ушбу халқаро ташкилотдан умумий қиймати 306 317 АҚШ долларига тенг бўлган 112,5 т витаминлар билан бойитилган қуритилган сабзавот шўрваси қабул қилиниб, 97 та тиббий ва ижтимоий муссасаларига топширилган.
Фонд “Resource and Policy Exchange” халқаро ташкилоти билан 2009 йилдан бери ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ушбу мурувват юки Фонд ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда Соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари орқали республикамиздаги 107 та тиббий ва ижтимоий муассасаларига топширилади.
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, 2013 йил давомида ҳам Фонд ўз мурувват йўналиши доирасида хайрия тадбирларини амалга оширишда АҚШнинг “AmeriCares”, “TOMS SHOES” ва “Resource and Policy Exchange”, Германиянинг “Friedensdorf International”, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро ташкилоти, KOFIH халқаро соғлиқни сақлаш фонди, Финляндиянинг “Pribory Oy” ташкилоти ва бошқа халқаро хайрия ташкилотлари томонидан дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари, озиқ-овқат ҳамда тиббий жиҳозлардан иборат мурувват 104 та мурувват юклари келтирилиб, Республикамиз тиббий муассасалари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саҳоват” уйлари тарбияланувчилари учун тарқатилди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мурувват йўналишида хайрия тадбирларини амалга ошириш, ўз Низоми ҳамда Давлат Дастурларининг ижросини таъминлаш мақсадида Республикамиздаги тиббий-ижтимоий муассасалар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саҳоват” уйлари, махсус мактаб интернатлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш учун дори-дармон, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечак, озиқ-овқат, ногиронлик аравачалари, спорт инвентарларидан иборат мурувват ёрдамларини топшириб келмоқда.
Жорий йил давомида “Соғлом авлод учун” жамғармасига халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан дори-дармон, тиббиёт анжомлари, мультивитамин, ногиронлик аравачалари, витаминлаштирилган сабзавот аралашмаси кўринишидаги мурувват ёрдамлари келтирилмоқда. Ушбу мурувват ёрдамлари жамғарманинг минтақавий филиаллари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари орқали республикамиздаги тиббий ва махсус болалар муассасаларига тақдим этилди.





