АсосийJamiyat

Пойтахтимизда 270 мингдан зиёд дарахт ва 2,7 миллион дона гул экилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 мартда қабул қилинган фармойиши шаҳар ва қишлоқларда ҳовли-жойларни, хиёбонларни тартибга келтириш, янги боғлар барпо этиш борасидаги ташаббуслар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Шу кунларда пойтахтимиздаги кўча ва хиёбонлар, бозорлар, таълим масканлари, майдонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мамлакатимиз бош кентининг кундан-кун чирой очиб бораётгани мазкур соҳа учун масъул ташкилотларда ишнинг тўғри ва самарали йўлга қўйилгани, шу билан бирга, юртдошларимизнинг ўз уйи, кўчаси, маҳалласи озодалигини таъминлашга эътибори ошгани самарасидир.

– Ташкилотимиз томонидан ободонлаштириш, суғориш иншоотларини таъмирлаш, марказий майдонлардан фойдаланиш билан боғлиқ долзарб юмушлар тизимли тарзда амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Ботир Ортиқхўжаев. – Асосий  вазифамиз шаҳримиз кўчалари ҳамда Тошкент катта ҳалқа йўлига манзарали дарахтлар экиш ва парваришлашдан иборат. Шунингдек, канал ва кўчаларни тозалаш, йўлларни таъмирлаш, бекатлардаги озодаликни назорат қилиш ҳам доимий эътиборимизда.

Жорий мавсумда пойтахтимизда 270 мингдан зиёд дарахт ва бута, 2 миллион 700 минг дона гул кўчатлари экиш белгиланган. Уларнинг асосий қисмини чиройли манзара ва соя берувчи эман, шумтол, заранг, каштан, лола, қарағай кабилар ташкил этади, дея хабар беради ЎзА.

Кўчат экилаётганда нафақат кўркамлиги, айни пайтда инсон саломатлиги учун фойдаси ҳам ҳисобга олинади. Шу боис қрим ва элдор қарағайи экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу дарахтлар ҳавони яхши тозалайди. Бир гектар майдонга экилган игнабаргли дарахтлар 200 нафар одамни соф ҳаво билан таъминлайди. Йўл четига экилганлари транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газларни тутиб қолиб, ҳавони тозалашга ёрдам беради. Кейинги йилларда бу борада амалга оширилаётган изчил тадбирлар туфайли Тошкент шаҳрида биргина ўтган йилнинг ўзида ҳавога чиқарилаётган заҳарли моддалар қарийб тўққиз минг тоннага камайган. Айни пайтда фақат манзарали дарахтлар экиш билан чекланмасдан, тегишли жойларга мевали дарахт кўчатлари ҳам ўтқазилмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон кўчаси ёқасига қарийб 500 дона лола дарахти экилди. У баланд бўйи ва тез ўсиши билан бошқа дарахт турларидан ажралиб туради. Бундан ташқари, гуллар экишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда уларнинг иқлим шароитимизга мослиги, гуллаш даври ҳисобга олинаётир. Иссиқсевар атиргуллар, салқин жойларда ҳам яхши ўсувчи сальвия гулининг ҳар хил турларини кўчалар бўйларига, Голландиядан келтирилган петуния гулининг оқ, қизил, пушти, тарам ва кўк рангли турлари марказий кўча ва майдонларга ўзига хос жозиба бағишлаши табиий. Бу гуллар эрта баҳордан кеч кузгача очилиб туриши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, кўчалар туташган ҳудудларда бир юз ўндан зиёд турли шаклдаги махсус гулхоналар яратиш мўлжалланмоқда.

    Бошқа янгиликлар