Тошкент шаҳридаги Алоқа тарихи музейи залида Матбуот тарқатувчи АК томонидан Босма оммавий ахборот воситаларини тарқатишни янада ривожлантириш йўлида белгиланган чора-тадбирлар, обуна нархларини пасайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ва нашрларнинг обуначиларга белгиланган муддатда етказиб берилишини таъминлаш мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Компания ҳар йили Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида тарқатиладиган газета, журналлар ва китоблар каталогини чоп этади. Каталогга 350 дан ортиқ вақтли матбуот нашрлари ва китоблар киритилган. Обуна ҳар хил нархларда расмийлаштирилиб, абонент қутисига ёки манзилга етказиб берилади. Бундан ташқари компания ўзининг махсус "Матбуот" киоскларига эга. Мижозлар бу киоскларда обунани расмийлаштириш ва ўзлари олиш имкониятига эга. Ушбу киоскларда обуна расмийлаштириш арзон нархларда амалга оширилади.
«Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарда вақтли матбуот нашрларини истеъмолчига тез ва сифатли етказиб бериш ҳамда аҳолига қўшимча хизматлар кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш мақсадида 2011-2014 йилларда тармоқни замонавийлаштириш, хизматларнинг янги турларини жорий этиш бўйича дастур қабул қилинган. Мазкур дастур доирасида «Матбуот» дўконларининг 737 таси жорий, 218 таси капитал таъмирланган. Ўрганиш натижаларига мувофиқ, аҳоли гавжум ҳудудларга яна қўшимча 128 та, пойтахтимиздаги марказий кўчаларда эса 85 та янги типдаги «Матбуот» дўконлари очилди.
Муштарийларга қулайлик яратиш мақсадида 840 та «Матбуот» дўконлари орқали обуна расмийлаштириш ташкил қилинди.
Бугунги кунда обуна буюртмалари электрон кўринишда ҳам амалга оширилмоқда. Компаниянинг www.akmt.uz веб-сайти орқали даврий нашрларга обуна қилиш йўлга қўйилган.
Обуна тўловларини пластик карточкалар орқали қабул қилишни ташкиллаштириш мақсадида компания шахобчаларида терминаллар сони 273 тага кўпайтирилди. Шу билан бирга, ВЭБ СУМ, ИНТЕРНЕТ БАНКИНГ ва KLIК тўлов тизимлари орқали обуна уюштиришга ва ҳисоб-китоб ишларини амалга оширишга имкон яратилган.
Маълумот учун: “Матбуот тарқатувчи” АК ўз фаолиятини 2000 йил апрел ойидан бошлаган. Мазкур компанияни тузишдан асосий мақсад Республика бўйича вақтли матбуот нашрларини тарқатувчи тузилмани ташкил этишдир.
Агар сизда вақтли матбуот нашрларининг тарқатилиши борасида саволлар туғилса, Матбуот тарқатувчи АКнинг қуйидаги ишонч телефонларига қўнғироқ қилишингиз мумкин: 8 (371) 234-85-81
Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуддаги алоқа ташкилотларида фуқаролар мурожаати учун махсус назорат телефонлари ўрнатилган. Сиз обуна бўлиш учун у ерга борганингизда ушбу телефон рақамларини ёзиб олинг. Кейинчалик обуна масаласида муаммо юзага келган тақдирда унга мурожаат қилиш имкониятига эга бўласиз.
Обуначини газета қониқтирмаса...
Агар сизни обуна бўлган газетангиз қониқтирмаса ёки ўрнига бошқа газетани олиш хоҳиши пайдо бўлса, буни ўша газетага обуна бўлган жойда йилнинг истаган вақтида қайта расмийлаштиришингиз мумкин. Бунда сиз истаган маълум бир газета учун белгиланган нархини тўлашингиз (олдинги тўловингиз билан ўртадаги фарқни тўлайсиз холос), ёки умуман обунани бекор қилиб, пулингизни қайтариб олишингиз мумкин.
ШУНИНГДЕК...
Сиз республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидаги Матбуот тарқатувчи акциядорлик компаниясининг бўлимларида, матбуот шахобчалари (киосклар), почта бўлимлари ва бошқа хусусий обунани расмийлаштирувчи ташкилотларда нақд пул ва пул ўтказиш ҳамда пластик карточкалар орқали бемалол тўловни амалга оширишингиз мумкин.
Вақтли матбуот нашрларни обуна орқали тарқатиш хизмати махсус лицензияни талаб қилмайди. Шу боис, бу хизматни таҳририятларнинг ўзи ёки истаган юридик, жисмоний шахслар ва хусусий тадбиркорлар орқали ҳам амалга ошириши мумкин. Ҳозир республикамизда бундай хусусий матбуот тарқатувчилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай айрим обуна агентликларида ҳар бир нашр чоп этилиши билан мижоз истаган жойда (офис, уй, ҳатто кўчада), истаган пайтда (эрталаб, кундузи, кечқурун) эгасининг қўлига топширилади.