3-10 апрел кунлари Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти мутахассислари Жиззах ва Сирдарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказишади.
Шунингдек 8-9 апрел кунлари Фонднинг тиббий-ижтимоий марказида Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказишади.
Кўриклар 4 апрел куни Жиззах шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида, 5 апрел куни – Самарқанд шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида, 6 апрел куни – Қарши шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида, 7 апрел куни – Бухоро шаҳри вилоят кўптармоқли болалар тиббий марказида.
Тиббий кўрик натижаларига кўра энг оғир деб топилган бемор болалар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган вақтга жўнатилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги Қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг 49-бандига мувофиқ, болаларни республика клиникаларида ва тиббиёт марказларида ҳамда чет элда соғломлаштириш, шу жумладан: ногирон болаларни Германия клиникаларида тезкор даволаш; кам таъминланган оилалардаги юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган ва оёқларнинг туғма нуқсонлари (маймоқлик) ва бўйин қийшайиши билан боғлиқ туғма ортопедик касалликларга чалинган болаларни тезкор даволаш, куйишнинг асоратлари бўлган болаларни пластик операциялар қилиш борасидаги ишларда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг алоҳида ўрни бор. Фонд оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу мақсадда, Фонд томонидан бемор болаларни чет эл нуфузли клиникаларида даволаш учун махсус дастур ишлаб чиқилган.
2002 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти томонидан уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти 1967 йили ташкил топган бўлиб, 35 дан ортиқ давлатлар билан ўзаро хамкорлик қилади. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланадилар.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки 2013 йилнинг 18-25 апрел кунлари Германиялик мутахассислар томонидан республикамиз ҳудудларидаги жами 500 нафарга яқин бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 40 нафар бемор болаларнинг ҳужжатлари Германия клиникаларида даволаш учун танлаб олинган.
Шунингдек, жорий йилнинг 12 феврал куни эса Тошкент Халқаро Аэропортидан 13 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун Германияга жўнаб кетиб, ўтган йиллар давомида Германияга даволаниш учун жўнатилган 13 нафар бемор болалар даволаниш курсларини ўтаб, 16 феврал куни соғломлаштирилиб юртимизга қайтишди.





