1

17,7 минг АҚШ долларини яширинча олиб чиқмоқчи бўлган шахсни “Келес” темир йўл чегара божхоначилари қўлга олишди

ЖАМИЯТ 04.04.2014, 10:27
17,7 минг АҚШ долларини яширинча олиб чиқмоқчи бўлган шахсни “Келес” темир йўл чегара божхоначилари қўлга олишди

Маълумки, республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги, норезидентларга эса божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага келтирилган валюта миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Кўрсатилган миқдордан ортиқча нақд хорижий валютани олиб кетишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ёки хорижий валюта билан операцияларни ўтказишга асосий лицензияси бўлган ваколатли банкларнинг рухсати билан йўл қўйилади.

Аммо, жорий этилган мазкур тартибларга буйсунмай, нақд ҳорижий валюталарни яширинча олиб чиқишга уринишлар ҳам учраб турибди.

Бангкокка отланган чет эл фуқароси Н.Казлованинг “парвози” бироз кечикди, сабаби у Тошкент халқаро аэропортида 5200 АҚШ долларини ички кийимларига яширганча олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. “Чўкаётган одам хасга ёпишади” деганларидек, қоидабузар божхоначиларга Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигини яхши билмаслигини рўкач қилди. Аммо, энди бу баҳона уни жавобгарликдан озод қила олмайди.

Шунингдек, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан “Тошкент-Новосибирк” авиарейси йўловчиларидан бири, россиялик Н.Гильмутнинг ҳам қинғир қилмишларига нуқта қўйишди. Қаранг-ки, божхона баённомасида 1800 АҚШ долларини олиб чиқиб кетаётганлигини қайд қилган бу аёл қўл сумкасига яширилган 6710 АҚШ доллари ҳақида  баённомада ҳам, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилишни “унутиб” қўйди, дея хабар беради ДБҚ матбуот хизмати.

 “Дўстлик” чегара-божхона комплексида эса қўшни давлатга 10 минг АҚШ долларини чарм курткасига яширганча олиб чиқишга уринган М.Мамаджонов андижонлик божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди. Қинғир қилмиши ошкор бўлган қонунбузар божхоначилар олдида ер чизишдан нарисига ўта олмади.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам шу турдаги йирик божхона қоидабузилишининг олди олинди. “Тошкент-Уфа” йўналишида йўлга чиққан поезд йўловчилари “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчилардан бири, фуқаро Р.Фархутдинованинг қўл юклари орасида 17710 АҚШ доллари яширинча олиб чиқилаётганлиги фош қилинди.

Эндиликда юқорида исмлари таъкидланган шахслар жавобгарликка тортилиши ва пул маблағларининг давлат фойдасига мусодара қилиниши муқаррардир.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2014 йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқлаган 171 та қонунбузарлик ҳолатларида 758 млн. сўмдан ортиқ эквивалентдаги нақд ҳорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1