1

Юртимиздаги 102 та давлат архивида 1,2 минг нафар ходим ишлайди

ЖАМИЯТ 04.04.2014, 11:56
Юртимиздаги 102 та давлат архивида 1,2 минг нафар ходим ишлайди

Миллий матбуот марказида архив ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, академик лицей ва  касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз марказий давлат архивлари, Тошкент шаҳри ва вилояти архив ишлари бошқармалари мутахассислари ҳамда ходимлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчи ва талабалари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Давлат ва идора архивлари ходимларининг чуқур билим, малака ва кўникмага эга бўлиши архив ишини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Шу мақсадда мамлакатимизда архившунослик, иш юритиш соҳалари мутахассисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизими яратилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 26 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида архив ишини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

“Ўзархив” агентлиги бош директори ўринбосари Д.Кўчарованинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 102 давлат архивида 1,2 минг нафар ходим меҳнат қилаётир.

Ходимлар малакасини ошириш мақсадида 2006 йилдан буён марказий давлат архивлари ҳузурида “Идора архивлари фаолиятини ташкил этиш асослари”, “Иш юритишнинг замонавий асослари ва маданияти” ўқув курслари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур курсларда архив ва ташкилотларнинг уч мингдан зиёд ходими ўз малакасини оширди.

Ўқув жараёнида идора архивлари ходимлари архив ҳужжатлари билан ишлаш кўникмасига эга бўлмоқда, уларни тўғри жамлаш, ҳисобга олиш ва фойдаланишни ўрганиб, соҳага тааллуқли сўнгги меъёрий ҳужжатлар билан танишмоқда.

Матбуот анжуманида “Ўзархив” агентлиги соҳага ёш ва фаол мутахассисларни жалб қилиш борасида ҳам изчил ишларни амалга ошираётгани қайд этилди. Жумладан, сўнгги йилларда архивларда бундай мутахассислар 2,5 баробар кўпайди. Бу борада 28 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ва учта олий ўқув юрти билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ушбу ўқув муассасалари битирувчилари мамлакатимиз архивларида меҳнат қилаётир.

“Ўзархив” агентлиги томонидан мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш борасидаги  ишларнинг давом эттирилаётгани Ўзбекистонда архив ишини янада ривожлантириш имконини бераётгани таъкидланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1