АсосийJinoyat

ЧИЛОНЗОРДА 50 МИНГ СЎМ УЧУН БОСҚИНЧИЛИК ҚИЛГАН ШАХС ҚЎЛГА ОЛИНДИ

'ЧИЛОНЗОРДА 50 МИНГ СЎМ УЧУН БОСҚИНЧИЛИК ҚИЛГАН ШАХС ҚЎЛГА ОЛИНДИ'ning rasmi

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий веб-сайтида хабар қилинишича, 2018 йилнинг 4 январь куни тахминан соат 15:00 ларда Зиятов Шерзод Махмадустович босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида (Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган уйларнинг оралиғида) фуқаро Раҳимжонов Умарбек Раззоқовичга нисбатан пичоқ ишлатиш ва тан жароҳати етказиш билан қўрқитиб, унга тегишли бўлган 50 минг сўм миқдоридаги пулларини эгаллаб олиб, жиноят содир этилган жойдан яширинган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.М.Зиятов ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (босқинчилик, яъни қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган нарсаларни ишлатиб, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилия ва исмнинг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.

Диққат !!!

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса,

«102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.

    Бошқа янгиликлар