Италиянинг «Rai Tre» телеканали томонидан ўтказилган сўровномага кўра, Туркманистон 2018 йил учун энг мақбул йўналиш декб топилди. Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонасидан Darakchi.uzга маълум қилишларича, ушбу сўровда дунёнинг турли қитъаларига саёҳат қилган туристларнинг ва телетомошабинларнинг фикрлари ўрганилган.
Дарҳақиқат, Туркманистоннинг тарихий обидалари ўтмиш билан қизиқувчи сайёҳларнинг диққатини ўзига тортиши табиий. Жумладан қадимий Олтин-тепа шаҳри ўзининг тош обидалари билан “Туркманистондаги Стоунхендж” номини олган. Бу қадимий шаҳар Бронза даврида – эрамиздан аввалги 2300-1900 йилларда бунёд этилган. Бу ерда туристлар қадимги Элам ва Шумер миххат битикларини эслатувчи битиклар билан танишилари мумкин.
Сайёҳларда кўҳна Парфия қадимий шаҳарлари, хусусан унинг маданий пойтахти бўлган Ниса шаҳри катта қизиқиш уйғотади. Буюк Марғиёна шаҳар ва қалъалари ҳам туристларни бефарқ қолдирмайди. Тарихда айнан шу ҳудудда юнонлар ва римликлар хитойликлар билан тўқнашишган.
Шунингдек, Туркманистоннинг шарқида ўрта асрларга оид жуда кўп ёдгорликлар учрайди. Эл Арслон, Текеш, Тўрабек хоним, Остона бобо мақбаралари, Қутлуғ Темур минораси сайёҳларни хаёлан олис ўтмишга етаклайди.
Дарвоқе, ўтган йилнинг декабрь ойида Туркманистонда Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган ёдгорликлар бўйича илмий текшириш ва археологик тадқиқотларни олиб бориш, маданий меросни кенг тарғиб этиш бўйича Давлат дастури қабул қилинган эди.






