АсосийJamiyat

Давлат бюджетига етказилган 79 млрд сўмлик зарар тикланди

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари ва мониторинг амалиёти натижасида 79 миллиард сўм Давлат бюджети маблағлари мақсадсиз сарфлангани аниқлангани ҳақфида маълумот бергандик. Бугунги кунда эса давлат мақсадли жамғармалари ҳамда хўжалик субъектлари ҳисобига Давлат бюджетига етказилган 79 миллиард сўмлик умумий зарар тикланди.

ШТАТ ЖАДВАЛИДАН ОРТИҚЧА ЎРИНЛАР

Ҳисобот даврида Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида Наманган, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида маҳаллий бюджетларни текшириш давомида даромадларни 1 миллиард 200 миллион сўмга ошириш ҳамда харажатларни 5 миллиард сўмга камайтириш учун қўшимча заҳиралар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, давлат бошқарув ҳудудий органлари тузилмалари учун белгиланган штатлар меъёрига зид равишда 2013 йил давомида юқорида номи келтирилган вилоят ҳокимликлари штат жадвалларига 73 та ортиқча штат киритилиб, уларни сақлаш учун 500 миллион 200 минг сўм бюджет маблағлари сарфланган.

ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР УЧУН СОХТА МАЪЛУМОТЛАР

Ҳисоб палатаси томонидан 2013 йилда ижтимоий соҳаларга ажратиладиган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини текширилди. Жиззах вилоятида ўтказилган текширишларда бир вақтда нафақанинг икки тури тайинлангани, тўлаш муддати ўтган ва даромадлар белгиланган мезонлардан ошиқча бўлишига қарамай, сохта маълумотлар асосида нафақалар тўланган. Оқибатда эса 183 миллион сўмлик нафақалар нотўғри тайинланиб, 53 миллион сўм ноқонуний тўлангани аниқланди.

ҚЎШИБ ЁЗИШ ВА СИФАТСИЗ ИЖРО ОҚИБАТИ

Текширишларда ижтимоий соҳа объектларини қураётган пудратчилар томонидан қурилиш монтаж ишларини қўшиб ёзиш ва сифатсиз бажариш орқали 548 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштирилгани, бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмларини яшириш ҳисобига пудратчилар иомонидан 164 миллион сўмлик солиқлар ҳисобланмагани, объектларнинг бошланғич нархларини нотўғри ҳисоблаш, қурилиш материалларини асоссиз равишда ошириш каби хатоликлар ҳисобига 1 миллиард 157 миллион сўмлик молиявий камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди. Текширишларда мақсадли жамғармалар ҳисобидан амалга оширилган қурилиш монтаж ишлари ҳам назоратдан ўтказилганида аниқланган ҳолатларга кўра, 4 миллиард 58 миллион сўм ноқонуний сарфланган.

Жумладан, Жиззах вилоятида 2 миллиард 359 миллион сўм ва Наманган вилоятида 1 миллиард 700 миллион сўмлик маблағ мақсадсиз сарфланган. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар бўйича эса 479 миллион сўм, жумладан Наманган вилоятида 194 миллион сўм ва Жиззах вилоятида 285 миллион сўмлик қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

МАХСУС ДАСТУРЛАР ИЖРОСИ ҚАЙ АҲВОЛДА?

Ҳисобот йилида давлат махсус дастурларнинг, жумладан қишлоқлардаги уй-жойлар қурилиши ҳам назоратда ўтказилди. Наманган вилоятида уй-жойлар қурилишида иш ҳажмига ҳақиқатда бажарилмаган 2 миллиард 617 миллион сўмлик ишлар қўшиб ёзилган. “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси вилоят бўлими томонидан пудратчиларга сметада кўзда тутилганига нисбатан имтиёзли нархларда 272 миллион сўмлик 170 тонна метал прокати ортиқча ва 329  миллион сўмлик 438 метр куб ёғоч материаллари кам тақсимланган.

Вилоятда 2010-2012 йилларда қурилган 51 та массивларнинг деярли ярмида бозор инфратузилмаси ва ижтимоий объектлар қуриб битказилмаган. Янги қурилган массивларда газ ва сув тармоғи тортиш ишлари охирига етказилмаган бўлиб, ички йўлларни қуриш ишлари 12,3 километрга ёки 25 фоизга бажарилган.

Жиззах вилоятида уй-жойларни топшириш муддатидан 8 ой ўтган бўлса-да, 23 та пудратчи томонидан 1 миллиард 971 миллион сўмлик ишлар бажарилмаган. 9 та массивда 16 та пудратчи шартномаларга асосан 1 миллиард 197 миллион сўмлик ишларни бажармаган бўлса-да, уй-жойлар давлат қабул қилиш ҳайъати томонидан қабул қилинган.

Сурхондарё вилоятида янги барпо этилган массивларда 20 та ижтимоий ва бозор инфратузилма объектлари қуриб битказилмаган.  

Қоғозда бор-у, амалда...

Наманган вилояти бўйича 2011-2012 ўқув йилларида касб-ҳунар коллежларини якунлаб, ишга жойлаштирилган 5744 нафар битирувчилардан 1018 нафарига жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими бўйича ҳисоб рақамлари очилмаган. Ишга жойлаштирилган битирувчиларни ҳақиқатда ишлаётгани 1313 нафар битирувчи мисолида ўрганилганда уларнинг 1030 нафари ёки 78 фоизи амалда ишлаётгани маълум бўлди.

Сурхондарё вилоятида 47 00 нафар битирувчининг меҳнат билан бандлиги амалда таъминланмаган бўлса-да, уларнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги меҳнат шартномалари ва буйруқлар сохталаштирилиб ҳисоботларда сони ошириб келтирилган. Битирувчиларнинг 1398 нафари вақтинча ишлаш мақсадида хорижга чиқиб кетган бўлса, 523 нафар битирувчи умуман ишга жойлашмаган. Шунингдек, 360 та ҳолатда битирувчилар амалда тугатилган ёки фаолият кўрсатмаётган корхоналарга ишга қабул қилинганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Бу эса жойларда иш ўринларини, шунингдек, касаначилик иш ўринларини яратилишида ҳам муаммолар борлигини кўрсатмоқда.

ДИПЛОМИ СОХТА ЎҚИТУВЧИЛАР

Ҳисоб палатанинг 2013 йилги фаолияти давомида аниқланишича, фақатгина 3 та вилоятнинг ўзида фаолият юритаётган 122 та таълим муассасасидаги 138 нафар ўқитувчиларнинг олий маълумоти тўғрисидаги дипломлари сохталиги аниқланган.

Ушбу дипломлар асосида уларнинг иш ҳақи ва ажратмалари учун жами давлат бюджетидан 2 миллиард 751 миллион сўм, ўтаётган фанларига дипломи бўйича мутахассислиги тўғри келмайдиган 155 нафар ўқитувчига 120 минг 952 ўқув соати берилиб, уларнинг иш ҳақи тўловларига 879 миллион сўм бюджет маблағлари ноўрин сарфланган.

МАСЪУЛЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Ушбу ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш ва бу каби муаммоларнинг олдини олиш бўйича белгиланган аниқ чора- тадбирлар ҳақида Халқ таълими вазирининг ўринбосари Улуғбек Абруев маълумот берди:

— Ўқитувчиларимизни қайси вақтда қайси диплом билан тугатган бўлса, ўша дипломларни ахборот базасини шакллантиришни ўзимиз учун асосий йўналиш сифатида белгилаб олдик. Ўйлайманки, яқин бир-икки ой мобайнида бу база яратилади. Асосий муаммоларни шунинг ҳисобига ҳал қилишга эришамиз.

ШУНИНГДЕК...

Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, уларга қулай яшаш шарт-шароитларини таъминлаб беришга мамлакатимизда доимий эътибор қаратилмоқда.

 Бироқ ҳисоботда келтирилишича, бу йўналишдаги ишлар барча жойларда ҳам бирдек ижобий ҳал этилаяпти, дейиш мушкул. Маълумотларга кўра, Ҳисоб палатаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2008-2012 йилларда Сурхондарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тўғрисидаги 136-сонли қарорининг ижроси ўрганилган.

Маълум бўлишича, ушбу лойиҳа учун йўналтириладиган маблағ 1 миллиард 425 миллион сўм этиб белгиланган. Лойиҳа доирасида эса 34 та аҳоли пунктида ичимлик суви иншооти ва 61 км. ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Аммо жойларда аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш долзарб бўлиб турган бир вақтда ушбу давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилмай қолишига нима сабаб?

Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи вакили Тоҳир Тошбоев шу саволни ўртага ташлади.

ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ ШАРҲЛАНАДИ?

Олимжон Аҳмедов, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги бош директорининг ўринбосари:

Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминоти бўйича бир қанча давлат дастурлари қабул қилинган. 2013 йилни қарайдиган бўлсак, Сурхондарё вилоятига давлат бюджети ҳисобидан 9 миллиарддан ортиқ маблағ ажратилди. Ва бу маблағларни 2013 йил 1 июнида бир йиллик дастурни ярим йилда бажарилгани учун бу ерга давлат томонидан яна қўшимча дастур ишлаб чиқарилиб, яна 4,5 миллиарддан ошиқ маблағ ажратилган.

Аммо иккинчи ярим йилликда ажратилган маблағларни ўзлаштиришда объектлардаги лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш жараёни бор. Бу лойиҳа-смета ишлаб чиқилиб, тасдиқланиб экспертизадан ўтгандан кейин бу ишлар амалга оширилади. Бу борада амалга оширилмаган ишлар 2014 йил дастурига ҳам киритилган.

    Бошқа янгиликлар