Ўзбекистон ҳукумати хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасига Инха университетига Зиёлилар кўчаси (собиқ Асом Муҳитдинов)даги 9-бино ва қурилиши тугалланмаган 13-а бинони барча ён ҳудудлар ва муҳандисдик коммуникациялари билан бирга Инҳа университетига сотиш топшириғини берди.
Ушбу сотувдан тушган маблағ Фанлар Академиясининг Фундаментал кутубхонасини модернизация қилиш, унга қарашли илмий муассасаларнинг илмий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий юқори технологияли илмий жиҳозларни сотиб олинишига сарфланади, дея хабар беради Podrobno.uz нашри.
Бинолар мажмуини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича пудратчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ишлар Бошқармасининг Қурилиш бирлашмаси тайинланган. Сотилаётган биноларда жойлашган Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти, “Фан” нашриёти ва Тарих институти Шахрисабз кўчасидаги 5-бинога кўчирилади.
2014 йилнинг якунига қадар Университетнинг ўқув мажмуасини кенгайтириш, ён ҳудудларда янги бинолар, шу жумладан жалб қилинаётган хориж мутухассислари учун шароит яратиш мақсадида ётоқхоналар қуриш таклифлари ишлаб чиқилади.
Таъкидлаш жоизки, шу ойнинг охирида Университетнинг асосий ўқув биноси реконструкцияси дизайни ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
2014/2015 ўқув йилига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш июн-июл ойларида амалга оширилиб, июлнинг иккинчи ярмида абитуриентларни тестдан ўтказилади ва суҳбат олиб борилади. Ўқув жараёни 2014 йил 1 октябрдан бошланади.
Тошкентдаги Инҳа университетида мутахассиларни тайёрлашнинг асосий йўналишлари (мутахассисликлари) компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг ва компьютер тармоқлари инжиниринги эканлигини эслатиб ўтамиз.