1

БУКРИНИ ГЎР ТУЗАТАДИ

ЖИНОЯТ 09.01.2018, 15:16
 БУКРИНИ  ГЎР  ТУЗАТАДИ

Карима (исм-шарифлар ўзгартирилган) уй юмушларини бажариб бўлди-ю, ухлаш учун болалари ётган хонага кирди. Анчагача ухлолмай, хаёл суриб ётди. Турмуш ўртоғи ишлаш учун Россияга кетгандан бери шу аҳвол, “Нима еди экан? Қаерларда юрибди экан?” деган ўй-хаёллар унга сира ҳам тинчлик бермайди. “Соат ҳам ўн икки бўлибди, ухлаш керак...” деб ўйлади Карима. У ҳали тўлиқ уйқуга кетиб улгурмай, хона эшигининг ғийқиллаб очилишидан кўзи мошдек очилди. Чироқ ўчганлигидан кимлигини танимади, хона ўртасида бегона эркак пайдо бўлди. Карима қўрққанидан “Кимсан?” деб бақириб юборди, бироқ овози ўзидан бошқа одамга эшитилмади. Эркак бақувват қўллари билан унинг бўйнидан бўғди.

– Бақирма, агар яна қичқирадиган бўлсанг, бўғиб ўлдираман! Мени Комил бандит деб аташади.

Бу гапдан кейин Кариманинг кўз ўнгига эрининг синфдоши, қўшни маҳаллада яшовчи, муқаддам бир неча маротаба судлангани учун “Комил бандит” деб ном олган йигит келди.

– Сизга бу ерда нима бор? Чиқиб кетинг, бўлмаса, ҳозир қайин акамни чақираман.

– Мени қайин аканг, қамоқ билан қўрқита олмайсан. Илгариям бир неча маротаба ўтириб чиққанман. Йўқотадиган ҳеч нимам йўқ. Агар бақирадиган бўлсанг, ўзингни шарманда қиламан. Қайин акангга мени келинингизни ўзи чақирди дейман.

Унинг туҳматидан кейин Кариманинг дами ичига тушиб кетди, аммо аламига чидолмади.

– Ўғирлик қилмоқчимисан? Ўз дўстингни уйига ўғирликка киришга уялмайсанми? Виждонинг борми? – деди у жаҳлдан қалтираб.

Аёлнинг гапидан Комилнинг ғазаби қайнаб, унинг жағига бир мушт туширди. Шовқиндан ухлаб ётган болалар ҳам уйғониб кетди. Комил уларга ҳам дағдаға қилди:

– Овозларингни чиқарма, ғинг десаларинг сўйиб кетаман!

Унинг бу гапидан кейин болалар ҳам жим бўлиб, онасининг пинжига тиқилишди.

– Агар бу ерга келганимни бировга оғзиларингдан гуллайдиган бўлсаларинг, ўлдираман! – деди Комил ва шартта бурилиб, хонадан югуриб чиқиб кетди.

Карима анчагача ўзига келолмади, қўрқиб кетган болаларини тинчлантириб, секин бошқа хоналарга мўралади. Меҳмонхонадаги сандиқ устига йиғилган кўрпа-тўшак сочилиб ётар, сандиқ ичидаги нарсалар ҳам ташқарига улоқтирилганди. Шунда Комил ҳақиқатан ҳам ўғирлик қилиш учун кирганлигини англади. Бу ҳақда қайин акасига айтмоқчи бўлди, аммо Комилнинг “Агар айтсанг, келинингизни ўзи мени чақирди деб айтаман”, деган сўзлари ёдига тушди. У қандай йўл тутишни билмай, дардини ичига ютди, болаларига ҳам бўлган воқеани ҳеч кимга айтмасликни тайинлади.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Карима одатдагидек, соат 23.00 лар атрофида ухлаш учун болаларининг олдига кирди. Хонага кўчадаги симёғоч чироғидан ёруғлик тушиб турарди. Шу пайт бирдан симёғоч чироғи ўчиб, атрофга қоронғилик чўкди. Каримани ваҳима босди, кимдир секингина деразани чертди. У қўрқа-писа деразага яқинлашди. Дераза тагида Комил турарди.

– Карима, чиқ дарвозани оч! – деди у буйруқ оҳангида.

Дераза тагида турган Комилни кўриб, Кариманинг тили калимага келмай қолди.

– Яна нимага келдинг? Кет бу ердан, бўлмаса қайнотам билан қайинакамни чақираман, – деди у қалтираб.

Аммо унинг бу гапидан кейин Комилнинг ғазаби қайнаб, бўралаб сўкишга тушди. Қўрқиб кетган Карима ҳамма нарсани унутиб, овсини Мастуранинг олдига югурди. Мастура турмуш ўртоғи билан ташқарига чиқиб қараганда Комил қочиб кетганди. Қаттиқ қўрқиб кетган Карима илгари ҳам Комилнинг уйга бостириб кириб қўрқитганлигини, “бировга айтсанг, ўлдираман”, деган гапларини қайин акасига оқизмай-томизмай айтиб берди.

Бу гаплардан кейин у қайин акаси билан Чиноз туман ички ишлар бўлимига олиб бориб, Авазов Комилнинг устидан ариза билан мурожаат этди.

Ўтказилган суриштирувлар давомида Авазов Комил илгари ҳам шу маҳаллада яшовчи фуқаро Д.Ҳусанбоеванинг уйда йўқлигидан фойдаланиб, ўғирлик қилиш мақсадида уйига кирганда, вояга етмаган қизи Ҳусанбоева М. уни таниб қолганлиги, у қизга тан жароҳати етказиб, Карима каби уни ҳам бировга айтса, ўлдириш билан қўрқитганлиги маълум бўлди.

Авазов Комил аввалига айбини бўйнига олишни истамай, ўзини турли мақомга солиб кўрди. Аммо келтирилган далил-исботлар натижасида айбига иқрор бўлишдан бошқа илож тополмади. У ўзининг қасддан содир этган ҳаракатлари билан ўғирлик, ўзганинг мол-мулкини уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, яширин равишда талон-тарож қилишга суиқасд қилганликда ва такроран ўғирлик жиноятини содир этишда айбланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Лола Шоимова

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1