Ўзбекистон республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маданий меросларимиз сақланадиган давлат музейларида смарт-технология концепциясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди .
2017 йил 6-декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ҳамда “Теҳно Даргоҳ” МЧЖ ўртасида уч томонлама келишув меморандуми асосида, Бухоро вилоятининг 50 га яқин (Пойи Калон ансамбли, Гавкушон мадрасаси, Кўкалдош мадрасаси, Тоқи сарофон, Тоқи телпакфурушон, Тоқи заргарон савдо тоқлари, Лави ҳовуз мажмуаси, Насриддин Афанди ҳайкали, Нодир Девонбеги мадрасаси, Яҳудийлар Синагогаси, Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони ва бошқалар) тарихий объектларида QR код ўрнатилди.
Ушбу лойиҳага кўра вилоятнинг СМАРТ туризм вилояти сифатида халқаро туризм бозоридаги имиджни ошириш ва сайёҳларга қулайлик яратиш учун
IT -технологиялардан фаол фойдаланиш мақсадида «VERUM QR» қўшма лойиҳасини амалга оширишнинг амалий босқичи бошланди.
Ўрнатилган QR код лар 1 апрел кунига қадар 12 та тилда объект ҳақидаги маълумотларни маҳаллий ва хорижий сайёҳларга 3 сонияда тақдим этади.
Ўрнатиш ишларида “Теҳно Даргоҳ” МЧЖ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ва Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш инспекцияси ходимлари иштирок этишди.
Мазкур кодлар ўрнитилгани заҳотиёқ, маҳаллий ва хорижий меҳмонларга катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур лойиҳаларни такомиллаштириш мақсадида 2018 йилнинг феврал ойида қўшимча туристик ташкилотлар (меҳмонхона хўжалиги, ресторанлар ҳамда археологик объектлар)га ҳам мазкур шаклдаги кодлар ўрнатилиши белгилаб олинди.
Айни кунларда смарт-технологияларни маданий мерослар сақланувчи давлат музейларига ўрнатиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Шундай қилиб, Бухорода ўтказилган тажрибадан мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида фойдаланиш кўзда тутилмоқда.






