1

Ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

ЖАМИЯТ 09.04.2014, 10:45
Ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга доир миллий қонунчиликни такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар  ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламентдаги фракцияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида қабул қилинадиган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнидаги аҳамияти муҳокама қилинди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси жорий йилнинг март ойида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Қонун фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлашда мазкур институтлар ролини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир дастурларни ҳаётга татбиқ этиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У.Муҳаммадиев, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар  ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизни модернизация қилиш ва ислоҳ этиш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларини янада фаоллаштиришга кўмаклашишини таъкидлади.

Ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий шерикликнинг асосий тушунча ва тамойиллари, вазифалари, уни қўллаш соҳаларини ўз ичига олган бўлиб, ижтимоий шериклик соҳасидаги давлат сиёсатини белгилайди, ижтимоий шериклик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро ҳамкорлиги шаклларини тартибга солади. Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, буларнинг барчаси кўплаб ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ёрдам беради.

 – Шуниси эътиборлики, қабул қилинаётган мазкур қонуннинг ўнта моддаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси фаолияти билан бевосита боғлиқ, – дейди ушбу фонд директори Абдужалил Тўраев ЎзА мухбирига. – Фонд нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлайдиган мустақил тизим сифатида давлат субсидиялари, ижтимоий буюртма ва грантлар шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш борасида қисқа ва узоқ муддатли лойиҳалар, дастурларни амалга оширмоқда. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари қонун лойиҳасининг партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги аҳамиятини таъкидлади.

Давра суҳбати иштирокчилари “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1