1

“Тошкент” республика фонд биржаси Япония фонд биржаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади

ЖАМИЯТ 09.04.2014, 10:56
“Тошкент” республика фонд биржаси Япония фонд биржаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади

“Тошкент” республика фонд биржаси ҳамда Япония фонд биржаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Қимматли қоғозлар билан муомала кўлами бўйича жаҳондаги энг илғор ташкилотлардан бири бўлган Япония фонд биржаси билан имзоланган меморандум Ўзбекистон ва Япония қимматли қоғозлар бозорларини янада ривожлантириш, икки мамлакатнинг фонд бозорларини ўрганиш, ўзаро тажриба ва ахборот алмашишга йўналтирилгандир.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради, – деди Япония фонд биржаси бошқарув менежери Котаро Ямазава ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Мазкур меморандум қимматли қоғозлар соҳасидаги алоқаларимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ўзбекистонлик шерикларимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Меморандумга мувофиқ андеррайтинг ва листинг тартиботлари, бозор ҳолати таҳлили бўйича ахборот алмашилади, фонд бозорини ривожлантиришда акциядорлик компанияларининг иштироки янада кенгайтирилади.

Юртимизнинг барча ҳудудларида юздан ортиқ брокерлик идораларига эга “Тошкент” республика фонд биржаси қимматли қоғозлар бозорида асосий савдо майдонидир. Биржанинг Токио, Шанхай, Лондон, Франкфурт, Истамбул ва Сингапур фонд биржалари билан яқин ҳамкорлиги йўлга қўйилган. “Тошкент” республика фонд биржаси Евроосиё фонд биржалари федерацияси ҳамда МДҲ мамлакатлари биржалари халқаро уюшмасининг аъзосидир.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1