Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида Бухоро вилояти Ички ишлар тизимида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси тузилган эди. Ушбу бошқарманинг асосий вазифалари қаторига сайёҳлик объектлари ва инфратузилмалари жойлашган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, уларга зарурий маълумотларни етказиш кабилар киритилган. Албатта бундай вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш тегишли малака ва кўникмаларга эга бўлишни талаб этади.


Бухоро вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси фаолиятини юқори даражада ташкил этиш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 8 январь кунидан бошлаб, Бухоро давлат университети Туризм факультетида ушбу бошқарма ходимлари учун 216 соатлик махсус курслар бошлаб юборилди. Курсларнинг асосий мақсади - бошқарма ходимларининг касбий малакаларини ошириш, туризмга тегишли асосий фактлар, турли миллат вакилларининг хусусиятлари, фавқулодда ҳолатлар пайтида улар билан ишлаш каби тушунча ва билимларни бериш, мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар билан мулоқот кириша оладиган даражада инглиз тилида кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Туризм факультети томонидан ушбу курсларни ўтишга юқори малакали, Италия, Испания, АҚШ, Туркия, Япония каби туризм тараққий этган мамлакатларда таълим олган ва малака оширган ўқитувчи-тренерлар жалб этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, вилоят ИИБ томонидан Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси таркибига ўз соҳасининг фидоий, билимдон ва янги кўникмаларни эгаллашга қизиқувчи ходимлар киритилганлиги курсларнинг қизиқарли ва фойдали ўтишига хизмат қилмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати






