АсосийJamiyat

“Ташаббус – 2014” ғолибларига Президент соврини – «Spark» автомобили топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2014” кўрик-танловининг республика босқичи ниҳоясига етди.

Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Фермерлар кенгаши ва “Ҳунарманд”  уюшмаси, тегишли вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилди.

Жорий йилда ушбу кўрик-танловда ўн минг нафарга яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди. Февраль ойи охирида якунланган туман ва шаҳар босқичлари ғолиблари вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Вилоят босқичларининг энг муносиб 41 нафар ғолиби эса “Ташаббус – 2014” кўрик-танловининг мамлакат босқичига чиқди.

«Туркистон» саройида танлов ғолиблари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кенг кўламли кўргазмаси ташкил этилди. Унда қишлоқ хўжалигининг энг сўнгги ютуқлари, саноат ва ҳунармандлик соҳасидаги  янгиликлар намойиш этилди. Ушбу экспозиция ва умуман «Ташаббус – 2014» танлови  истеъдодли ва фидойи тадбиркор, фермер ва ҳунармандларни кашф этди. 

Анъанага кўра, ғолиблар номи «Туркистон» саройида тантанали равишда эълон қилинди.

Ғолиблар учта асосий – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди»  йўналишлари, шунингдек, «Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшлар учун энг кўп иш ўринларини ташкил қилган тадбиркор», «Энг яхши оилавий бизнес», «Менинг Ватаним – менинг фахрим» ҳамда «Йилнинг энг яхши экспортчиси» каби махсус номинациялар бўйича аниқланди.

«Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида Наманган вилоятидаги «Ифтихор кийим саноат» масъулияти чекланган жамияти директори Анна Добрих ғолиб бўлди. Унинг корхонаси болалар, эркаклар ва аёллар либосларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.         

Сирдарё вилоятидаги «Аҳмадий» фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кенжаев энг яхши фермер деб топилди. У раҳбарлик қилаётган хўжалик пахта ва ғалла етиштириш, қорамол парваришлаш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Андижон вилоятидан Абдималик Мадраимов йилнинг энг яхши ҳунарманди, деб эълон қилинди. Уста миллий мусиқа асбоблари тайёрлашнинг унутилган анъаналарини қайта тикламоқда.       

«Ташаббус – 2014» кўрик-танлови ғолибларига дипломлар ва  мамлакатимиз Президентининг соврини – «Spark» автомобиллари, махсус номинациялар совриндорларига эса пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар  топширилди.

    Бошқа янгиликлар