Андижон вилояти меҳнат жамоалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилаётган профилактика тадбирлари яхши самара бераётир, деб ёзади ЎзА.
Профилактика тадбирларида фуқароларнинг паспорт-виза, доимий ёки вақтинча яшаш, ёнғин, ҳаракат хавфсизлиги тартиб-қоидаларига риоя этишлари назоратдан ўтказилди. Жумладан, вилоятдаги 14 минг 783 хонадон ўрганилганда паспорт-виза тартиб-қоидаларини бузган 161 нафар шахс аниқланди. Уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турган 1774 нафар шахс ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ов қуроли бўлган 212 фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 3 объект қўриқлаш пультига уланди, 8 объектга видеокузатув мосламаси ўрнатилди.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида 227 объект назоратдан ўтказилиб, 31 ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолати аниқланди, уларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.






