1

Камолиддин Раҳимов шогирдларидан мамнун(ми?)

ШОУ-БИЗНЕС 12.04.2014, 12:21
Камолиддин Раҳимов шогирдларидан мамнун(ми?)

Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимовни республика миқёсида танишади, ҳурмат қилишади. Бу ҳурмат ва эҳтиром ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Бу устоз санъаткорнинг ўз устида тинимсиз ишлагани,  мумтоз ва миллий қўшиқларини маромига етказиб куйлай олганлиги, ижод йўлларида машаққат чекканлигидан далолатдир. Халқимиз орасида “Устоздан ўтмаган шогирд шогирд эмас” деган гап бор. Хўш, бугунги кунда устознинг шогирдларини унинг издошлари деб бемалол айта оламизми?   

Мухбир:

  • Камолиддин ака, Абдулла Шомағруповнинг ижодини устоз сифатида қандай баҳолайсиз?
  • Шогирдларни ёнида мақташ керакмас-у, ҳа, майли (кулишади). Шогирдим Абдулланинг ижоди маъқул. Абдулладан ташқари шогирдларим жуда кўп. Эллик йилдан ортиқ қўшиқчилик соҳасида ижод қилган бўлсам, Наманган, Фарғона ва қўшни вилоятларда, қолаверса, пойтахтимизда менинг қўшиқларимга мухлис бўлиб, ашула айтишга ҳавас қилганлар жуда кўп бўлди. Балки бу жуда кўп эмасдир. Бунга менинг ижрочилик услубим бир оз қийинроқ, кўпроқ маҳорат талаб қилиши  сабабдир. Шу боис эллик йил мобайнида ярқ этиб чиққан шогирдларим камроқ бўлди. Уларнинг энг ёшлари мана - Абдулла Шомағрупов билан Абдуқаҳҳор Жалилов.

Абдулла Шомағрупов:

  • Авваламбор мана шундай улуғ устозга шогирд бўлганимдан хурсандман,  фахрланаман.   Камолиддин акани ўзбек миллий мусиқа маданиятимиз тарихидан ўрин олган ҳақиқий утсозлардан деб бемалол айтишимиз мумкин. Бундан ўттиз, қирқ йил илгари куйлаган қўшиқлари бугун ҳам истеъмолдан тушмай, катта-катта тадбирлар, ҳашамларда ижро этилиб келиняпти. Шу ўринда мен ҳам устознинг бир қатор қўшиқларини ижро этишга ҳаракат қилдим. Хусусан, “Парвона қилгансиз” қўшиғи кўпчиликка манзур бўлди.  Шу ўринда мен ҳам устознинг бир қатор қўшиқларини ижро этишга ҳаракат қилдим. “Парвона қилгансиз” қўшиғи кўпчиликка манзур бўлди.  Шу қўшиқни куйламоқчиман деб устознинг ёнларига борганимда, улар дутор чалиб ижро этиладиган бу қўшиқни қандай айтишим кераклигини кўрсатиб берганлар. Қисқаси, устоз Камолиддин Раҳимовни ўзбек мумтоз мусиқасининг катта бир архиви десам муболаға бўлмайди. Шу ўринда саволим ҳам бор эди. “Парвона қилгансиз”  қўшиғининг ўз муаллифи Шўхий домлани ҳаётда кўрмаганмиз. Иложи бўлса улар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз...

Камолиддин Раҳимов:

  • Худо раҳмат қилсин, ўз тахаллуси ўзига ярашган ажойиб, дилбар, шўх йигит эди.  Устози йўқ, ўзи дутор чалиб қўшиқ айтган. “Парвона қилгансиз”ни ҳам ўзи ўрганганми, ёки биров ўргатганми, билмайман. Кейин унга бир оз сайқал бериб, чиройли нозу карашмасини жойига қўйиб, ўзгартириб куйладик. Кейин навбат сенга етди. Биз куйлагандан ҳам яхши чиқди. Эшитиб хурсанд бўлдим. Шогирдлар устозларнинг ашуласини айтиб чиқса, халққа ёқса, “зап, ашула бўлипти-да, сиз айтганингзда ёдимда қолмаган бўлиши мумкин, лекин Абдуллажон айтганини эшитиб мириқдим”, дейишса хурсанд бўламан. Абдуллажон ҳам аста-секин ижод қозонида қайнаб боряпти. Худо хоҳласа ундан халқимизнинг, қолаверса, менинг ҳам умидим катта. (Абдулла Шомағруповга юзланиб): —Телеэкранларда Абдуллажонни кўриб, қўшиғини тинглаб, ўзимнинг ёшлигимни эслайман. Халқимизнинг дидига мос шунақа шогирдларимиз кўпайсин деб ният қиламан.  Бугуннинг томошабинида вақт жуда ҳам қиммат. Илгари телевизорда битта канал бўлган. Ҳозир беш, олтита канал бор. Шулар ичида “фалон канални бурагин, фалончи ашула айтяпти”, дейиладиган натижага эриши керак, болам.  Бунга эришиш учун боя айтганимдек, халқнинг, томошабиннинг қалбидан жой олиш лозим.

Абдулла Шомағрупов:

  • Раҳмат устоз. Бугунги кунда тадбир ва концертлар билан бўлиб, тез-тез устоздан хабар ололмаяпман. Лекин қаерда бўлсам ҳам, уларнинг ўгитлари, насиҳатлари ҳар доим мен билан. Устоз билан саксонинчи йилларда танишганман. Лекин унгача қўшиқларини тинглаб, хиргойи қилиб юрганман. Санъатга кириб келишимга ҳам, устознинг ижодларига  бўлган меҳрим, қизиқишим сабаб бўлган. Устознинг ёнига мени тоғам олиб келган. Ўшандан бери “устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириб келяпмиз.  Худога шукр. Кам бўлмаяпмиз. Санъат йўли устоз айтганларидек, машаққатли, тинимсиз меҳнат, изланиш дегани. Устозининг яримта гапига чидолмасдан кетиб қоладиган шогирдлар ҳам бор. Албатта, улар кўп нарса йўқотишади. Устозлар танқиди биз учун мевадек гап. Мана шунча йилдан бери Камолиддин акадан бирор-бир аччиқ сўз эшитганим йўқ. Бундан кейин ҳам эшитмасликка ҳаракат қиламан. 

Камолиддин Раҳимов:

  • Чунки бизнинг ҳунаримиз қўполликни хушламайди. Торимизни ҳам  мулойимлик билан чаламиз. Қатиқ чалсак, симлари узилиб кетади. Худди шу каби шогирдларни ҳам кўнглига ботмайдиган тарзда, дунёқарашига қараб гапирамиз.

Абдулла Шомағрупов:

  • Бугунги кунда санъат ҳақида маълумоти бўлмай туриб қўшиқ куйлаётганларнинг қилаётган меҳнатига, бир натижага эриша олмаётганлигига ачинаман...

Камолиддин Раҳимов:

  • Қўшиқчилик санъатида албатта маълумотга эга бўлиш керак. Агар маълумот олишга қурби етмаса, бирор бир устознинг этагини тутиш лозим, улардан фойдаланиш керак. Изланиш, кўплаб ишлаш, эринмай чалиш даркор. Нафақат ўз миллатиники, умуман, ер юзидаги барча куй-қўшиқлардан хабардор бўлиш керак. Баъзи бир шоигрдларимиз  “тайёрига айёр!”. Қайси ашула халққа манзур бўлса, шуни айтади-да, санъатини тирикчилик манбаига айлантириб, ўн, ўн беш йилдан сўнг саҳнадан чиқиб кетаверади. Қўшиқ билан ашулани, ашула билан яллани, ялла билан дуэтни фарқлай билиш керак. Ғазал танлаб, ашула айтишдан аввал кўплаб ғазаллардан хабардор бўлиш лозим.
  •  
  • Устоз бугунги кунда мақом анъанавий ижрочилиги бўлмини битириб, замонавий эстрада қўшиқларини куйлашяпти. Бунинг сабаби мақом қўшиқчилиги санъатининг машаққатли эканлигидами? 
  • (Ўйланиб) Хўш, бунинг бир нечта сабаби бор. Аслида ҳар бир ижоднинг, ёки касбнинг ўзига яраша машаққати бор. Агар чин юракдан, ҳалол меҳнат қилса, ўша касбнинг машақатларига дуч келади. Ана ундан сўнг роҳатини кўради. Ҳар бир касб эгасига авваламбор шу касбга кириб келган пайтида устозлар томонидан қўйиладиган талаблар бўлади. Биринчиси — сабр ва қаонат. Ёшларимизнинг мақомни битириб, сиз айтаётгандек замонавий эстрада қўшиқчилигига ўзини уришига сабаб, мақом йўналишида анча машаққат чекиш, ана ундан сўнг  кўзлаган манзилга етиб олишнинг ўзи қийинроқ-да.  Ёшларимиз орасида ҳам замонавий, ҳам мақом йўналишида ижод қилаётганлари бор. Буни кўриб  хурсанд бўламан.

Абдуқаҳҳор Жалилов:

  • Санъаткорлар ҳар хил, аввал шеър ёзиб, кейин унга мусиқа басталашади. Ёки аксинча, мусиқа басталаб, кейин унга шеърни мослаштиришади.  Аслида ижодда қай бири тўғрироқ?

Камолиддин Раҳимов:

  • Халқ орасидан, қалбидан жой олган яхши куйлар, мусиқаларимиз бор. Лекин ҳаммасини ҳам оммабоп ва муваффақиятли чиққан деб айтиб бўлмайди. Менинг назаримда аввал ғазал танлаб, шоир қалбидан чиққан  ноласига мослаб куй басталаниши керак. Масалан, ўзимга келсак, “Роҳат” номли халқ куйи бор. Мусиқасини устоз Турғун Алиматов чалган.. Ана шу куйга мен ғазал солиб куйладим. Ундан аввал устоз рубобчи, бастакор Муҳаммаджон Мирзаев “Дил куйласин” номли куйларига ғазал солиб куйладим. Ўзлари эшитиб, хурсанд бўлганлар. Хонандалар орасида мен ҳазм қилолмайдиган бир одат борки, улар тайёр ғазални  бошқа куйга солиб айтишга уринади. Жавон тўла китоб-ку?! Ўша китоблардан ғазал танлаб, ўзинг айтавер. Айтилган ашулани бошқа куйга солиб айтишинг шартми дегим келади уларга. 
  • Санъатга энди кириб келаётган Наргиз “Наргиз” қўшиғингизни жавоб тарзида сўзларини бир оз ўзгартириб куйлади. Қўшиқ кўнглингиздагидек чиқдими?

Камолиддин Раҳимов:

  • Қўшиқчилик соҳасида шу ашулани мен ҳам айтсам қандоқ бўларкин деган нуқтаи назардандир эҳтимол, қизимиз Наргиз “Наргиз” қўшиғини куйлади.  Балки  у қиз менинг йўналишимни давом эттирмас, балки менинг йўналишимда ижод қила олмас ҳам... Лекин у “Наргиз”ни чин юракдан куйлаганлиги учунми, халққа манзур бўлди. Шу устахонага ўзи келиб, мендан рухсат сўради. Мен майли, айтақолгин дедим. Шеърининг у ёқ бу ёғини  Валижон Шамшиев ёзиб берипти. Менинг ижроимга бўлган меҳр, ҳофизанинг шу қўшиқни яхши кўрганидан бўлса керак,  ўзининг ижроси ҳам чиройли чиққан. Омадини берсин!

— Шу қўшиқ хонанда Равшан Комилов ижросида қандай чиққан деб ўйлайсиз?

  • (узоқ ўйланиб) Бир нарса дейишим қийин...

P/S:  Камолиддин Раҳимов яқин кунларда мухлисларига  ўз яккахон концерт дастурини тақдим этади.

 Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1