АсосийJamiyat

My.gov.uz орқали юборилган мурожаатлар сони 11,5 мингтани ташкил этди

My.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали мамлакатимиз ахборот-коммуникация тизимининг истиқболли лойиҳаларидан. 2013 йил 1 июлдан ишга туширилган ушбу портал давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлигининг қулай, самарали воситасига айланди.

Мазкур лойиҳа “Обод турмуш йили” Давлат дастури ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрда қабул қилинган “Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилди. Ягона порталнинг яратилиши мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш ва ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи бўлди.

–  Бугунги кунда ягона портал орқали йигирмадан ортиқ йўналиш бўйича 170 дан зиёд интерактив хизматдан фойдаланиш мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузуридаги «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи Э.Раҳмонов. – Улар орасида автоматик режимда тақдим этиладиган интерактив хизматлар ҳам бор. Масалан, жисмоний ва юридик шахсларнинг стационар телефон алоқа хизматлари ҳамда интернетга уланиши, солиқ бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида давлат солиқ хизмати органларидан маълумотнома олиш, телекоммуникация соҳасида лицензия олиш ва бошқа хизматлар шулар жумласидандир.

Порталда аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари портал орқали давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, бу ерда маълумотномага оид ахборот топиш, фойдаланувчиларга уларнинг мурожаат ва аризалари давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши қайси босқичда эканини билиш имконини берадиган “Статистика” модулидан фойдаланиш мумкин.

Порталга Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари уланган. Фуқаролар ўз мурожаатларини яшаш жойи бўйича тақдим этиши мумкин. Бу маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш имконини беради. Бунга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари компьютерлаштириш маркази билан ҳамкорликда туман раҳбарларини “Электрон ҳукумат” тизимига жалб қилиш бўйича ўтказилаётган ташкилий тадбирлар туфайли эришилмоқда.

Қисқа муддатда сайт орқали давлат органларига жўнатилган мурожаатлар сони 11,5 мингтани ташкил этди. Шунинг қарийб 83 фоизи кўриб чиқилган ва фуқароларга тегишли жавоблар қайтарилган. Порталдан айниқса жисмоний шахслар кўпроқ фойдаланаётир. Жами мурожаатларнинг 88 фоизи айнан улардан келиб тушган. Мурожаатларнинг кўп қисми Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар, Адлия, Халқ таълими вазирликлари ва Давлат солиқ қўмитасига юборилган.

Ягона порталдан фойдаланувчилар орасида юридик шахслар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Тадбиркорлар портал қулайликлари ва имкониятларига юқори баҳо бермоқда.

Ягона портал мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, уланаётган ташкилотлар сони ортиб, қўшимча имконият ва хизматлар ишлаб чиқилмоқда, портал орқали иш сифати ва қулайлик даражаси ошмоқда. Давлат органларининг масъул ходимлари билан ҳамкорликда портал модулларидан самарали фойдаланилмоқда, ўқув машғулотлари ва семинарлар ўтказилмоқда.

Ўзаро алоқаларни яхшилаш ва давлат органларининг мурожаатлар устида ишлаши хусусида фойдаланувчилар фикрини инобатга олиш мақсадида “Баҳолаш” сервис хизматидан фойдаланган ҳолда, порталда мурожаатга қайтарилган жавобга изоҳ бериш имконияти яратилди. Ушбу тизим давлат органларининг фуқаролар мурожаатларини тўлиқ ва сифатли кўриб чиқишини таъминлашга ёрдам беради.

Ягона портал фойдаланувчилари учун мурожаатларни давлат органларига жўнатадиган Android платформасидаги махсус мобиль илова ишлаб чиқилди. Улар уяли алоқа телефонига келадиган SMS-хабар орқали ўз мурожаатларининг кўриб чиқилиши қайси босқичда эканидан хабардор бўлиши мумкин. Ягона порталнинг ахборот-маълумот хизмати фаолияти ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Мазкур хизмат мутахассислари интерактив хизматлардан фойдаланишга оид маълумотларни тақдим этишдан ташқари телефон орқали фуқаролардан мурожаатларни қабул қилиб, тегишли давлат муассасасига жўнатади.

Бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали  “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан кўрсатилаётган кўплаб  хизматлар учун тўловларни мобиль телефони орқали тўлаш имконини бермоқда. Яқин вақтларда фойдаланувчилар реал вақт режимида “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси хизматлари тўловини ҳам портал орқали амалга ошириши мумкин. Бундан ташқари, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда давлат божлари ҳамда бошқа йиғимларни он-лайн усулда тўлаш масалаларини кўриб чиқаётир.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётганининг ёрқин далилидир. Портални такомиллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ишлар, шубҳасиз, тез орада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фуқаролар ҳамда юридик шахслар билан реал вақт режимида янада самарали ҳамкорлик қилишига ёрдам беради.

    Бошқа янгиликлар