АсосийJamiyat

“Онангни қози урса, додингни кимга айтасан...” Ёхуд чироқчилик катта суд ижрочиси ўмарган пуллар ҳақида

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, суд ҳимоясининг самарадорлигини оширишга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугун сир эмаски, мазкур тизимнинг мустақиллиги, ошкоралиги ва ўз навбатида адолат тамойилларини мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилаётганини жаҳон ҳамжамияти кўриб, кузатиб келмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар жараёнида суд қарорларини ижро этишнинг самарали тизимини яратиш, судларни ҳар томонлама моддий-техника жиҳатидан таъминлаш ва молиялаштириш муҳим аҳамият касб этди.

Шу мақсадда, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти ташкил этилди. Ислоҳотлар натижасида "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги ва "Ижро иши юритиш такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари қабул қилинди. Шу аснода мажбурий ижро этиш механизми янада такомиллаштирилди, шунингдек, суд қарорларини ижро этишдан бўйин товлаган ва тўсқинлик қилган қарздорларни жавобгарликка тортишнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлари яратилди. Ушбу ҳуқуқий механизмлар самараси ўлароқ соҳада сезиларли ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Аммо ҳудудлардаги баъзи бир ходимларнинг ўз манфаатлари йўлида ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этишлари соҳа обрўйига жиддий путур етказмоқда десак, янглишмаймиз...

ИШОНЧНИ ОҚЛАМАГАН КАТТА СУД ИЖРОЧИСИ

Фикримизни Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг Чироқчи туман бўлими мисолида давом эттирсак. Биламизки, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини мажбурий ижро механизми орқали таъминлаш Суд департаментининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Лекин Суд департаменти Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси Чироқчи туман бўлими суд ижрочилари А.Абдуллаев, С.Хуррамов, Б.Ёқубов, А.Каримов ва С.Қудратовлар хизмат вазифаларига эътиборсизлик билан қараганлар тоифасидан бўлиб чиқдилар. Аввал сўзни Чироқчи туман суд ижрочилари бошлиғи, катта суд ижрочисидан бошласак. Маълум бўлишича, А.Абдуллаев бу лавозимга олий маълумотга эга бўлмасдан туриб эришган. Албатта, бу унга билдирилган юксак ишонч эди. Ишончни оқлаш эса иш фаолиятда кўринади. Бироқ А.Абдуллаев раҳбарликни "ўзи хон, кўланкаси майдон" деб тушунди. Тез орада масъулиятни унутиб, вазифасига совуққонлик билан қарайдиган бўлди. Дастлаб у 2011-2012 йилларда келиб тушган айбдор шахслардан алимент пулларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига бепарволарча муносабатда бўла бошлади. Бунинг оқибатида 60 та ижро ҳужжати юзасидан 169 нафар қарздорлардан жами 1 млрд. 576 млн. 611 минг 845 сўмлик алимент маблағлари тегишли тартибда ундирилмасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

ШАХСИЙ ЭҲТИЁЖГА ЎЗЛАШТИРИЛГАН 8 МЛН. 351 МИНГ СЎМ

Қолаверса, А.Абдуллаев Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунидан бехабар раҳбар бўлиб чиқди. Унинг бўлимида фуқаролардан алимент пулларини ундириш ва бошқа масалалар юзасидан келиб тушган мурожаатлар ҳам рўйхатдан ўтказилмасдан чанг босиб ётаверган. Бунинг натижасида 130 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари бузилган. Бир қарашда "ишнинг кўзи"ни билмайдигандай кўринган А.Абдуллаев моддий манфаат кўришнинг "ҳадиси"ни олган экан. Акс ҳолда, қуйидаги жиноий йўлни "кашф" қилармиди? Жумладан, у Чироқчи тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан қўлланилган маъмурий жарималарни (2012 йилда) топширишга келган Ш.Алиевдан 31 минг 460 сўм, Г.Ҳасановадан 188 минг 760 сўм, Ж.Турсуновдан 286 минг сўм, Б.Қаҳҳоровдан 314 минг 600 сўм, А.Бозоровдан 62 минг 920 сўм ва бошқа шу сингари фуқароларнинг 66 нафаридан 8 млн. 351 минг сўм нақд пулларни олиб, тегишли тартибда банк муассасаларига топширмасдан, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

ХОДИМЛАР ОЛГАН "ЎРНАК" ҲАМ ЧАККИ ЭМАС

Сўнгра ўзлаштирилган пулларни олдиндан ўйлаб қўйган жиноий йўл билан хаспўшлаб, яъни жарималарнинг ундирилганлиги тўғрисида сохта маълумотларни туман ИИБга юбориб, даврини сураверган. Раҳбарнинг жиноий қилмишлари ва ўз вазифасига совуққонлик билан қараши қолган ходимларга ҳам "ўрнак" бўлди. Хусусан, суд ижрочиси С.Хуррамов ҳам Чироқчи туман ИИБ томонидан жарималарни ундириш учун юборилган қарорлардан ўз "фойдаси"га ишлашни йўлга қўйди. У фуқаро А.Самадовдан 346 минг 60 сўм, У.Очилдовдан 314 минг 600 сўм, У.Жабборовдан 314 минг 600 сўм, К.Боймуродовдан 1 млн. 132 минг 560 сўм, Л.Худойбердиевадан 72 минг 355 сўм, А.Файзиевдан 361 минг 775 сўм, У.Холиёровдан 434 минг 130 сўм, Р.Казаковдан 171 минг 600 сўм, Р.Жавлиевдан 57 минг 200 сўм, Х.Дониёровдан 434 минг 130 сўм ва О.Бўстоновдан 600 минг 600 сўм нақд пул маблағларини олгандан сўнг иштаҳаси очилиб кетди ва 151 нафар фуқародан жами 21 млн. 593 минг сўмлик маъмурий жарималарни олиб, "туя" қилди. Сўнгра С.Хуррамов раҳбарининг "тажрибаси"ни қўллади. У ҳам туман ИИБга пул маблағлари ундирилганлиги ҳақида "жимжимадор" маълумотларни тақдим этди. Шу тариқа 2012 йил ҳам ортда қолди.

"ЎРГАНГАН КЎНГИЛ, ЎРТАНСА ҚЎЙМАС"

"Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас", деганларидек, С.Хуррамов 2013 йилнинг дастлабки ойидаёқ эски "ҳунари"ни бошлади.Ҳар доимгидек, туман ИИБ томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан 8 ой давомида 41 нафар фуқарога ҳисоблаганда, жами 5 млн. 664 минг сўм нақд пул маблағлари ўзлаштирилди. Бу ишлар ҳам сохта маълумотлар тақдим этиш орқали ёпилди.Б.Ёқубов ҳам ҳамкасбларидан қолишишни истамади. У ҳам шу ишнинг бошини тутиб, 2012 йилда 157 нафар фуқарога қўлланилган жаримадан келган 16 млн. сўмдан ортиқ пул маблағларини "ютиб" юборди. 2013 йилга келиб, Б.Ёқубовнинг "даромад"и кескин камайиб, 119 минг сўмга эга бўлди.Бўлимдаги А.Каримов эса туман ИИБ томонидан тақдим этилган маъмурий жарималар бўйича 2012 йилда 6 млн. 643 минг сўм "фойда" топди. Бироқ А.Каримов бошқа ишнинг ҳам бошини тутди. У "Соҳиб тадбир" МЧЖ раҳбари Б.Норматов билан "келишиб" ишлашни уддалади ва 2012 йилда 40 нафар фуқаролардан давлат фойдасига ўтказилган 45 млн. 913 минг сўмлик товар-моддий қимматликларни Б.Норматовга арзонлаштирилган нархда, яъни сохта далолатномалар тузиш йўли билан ўтказиб беради. Сотиш учун ўтказилган товарлардан А.Каримов 26 млн. сўм "фойда" кўрди.

"ҚОВУН ҚОВУНДАН РАНГ ОЛАДИ"

Халқимизда "қовун қовундан ранг олади", деган гап бор. Охирги "қаҳрамон"имиз — юқоридагилардан бирмунча ёшроқ ижрочи С.Қудратов ҳам катталардан "ўрнак" олди. Аммо "тажриба"сизлик панд бердими ёки масъулият йўл қўймадими, у 19 нафар фуқародан  2 млн. 894 минг сўмни олиб, "қаноат" қилиб ишлайверди. Шу зайлда иш юритган ижрочиларнинг "иш"лари вақти келиб ошкор бўлди. Ўтказилган текширишлар ва тергов жараёнида А.Абдуллаев, С.Хуррамов, Б.Ёқубов, А.Каримов, С.Қудратов ва Б.Норматовлар айбларига иқрор бўлишди ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.Хулоса қилиб айтганда, ўз манфаатлари йўлида қинғир ишларни амалга ошираётган, таъбир жоиз бўлса, ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараб келаётган юқоридаги каби кимсаларни ҳеч қачон кечириб бўлмайди. Улар учун қонуний жазо доимо муқаррардир.

Тоҳир ҲУСАНОВ, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари

    Бошқа янгиликлар