“Олтин қалам” IX Миллий мукофотига ижодий ишларни қабул қилиш якунланди. Мукофот жамғармаси 181 миллион сўмни ташкил қилган танловга 490 нафарга яқин журналист газета, журналларда чоп этилган, теле ва радиоэфирга узатилган 7,4 мингта ижодий ишини тақдим этди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломовнинг хабар беришича, дастлабки йили танловда 1669 ижодий иш билан 136 журналист иштирок этган бўлса, ўтган йили “Олтин қалам” VIII Миллий мукофоти учун ўтказилган танловда 410 нафар журналист қатнашиб, 6400 дан зиёд ижодий иш тақдим этилди.
Танлов ўтказиб келинаётгандан буён 3,4 минг нафарга яқин журналист ўзининг 50,5 мингдан зиёд ижодий ишини тақдим этди. Журналистик материалларни танлаб олишда нафақат уларнинг сифати, балки Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар, демократик ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг мазмун-моҳиятини тезкор, холис ва ишончли акс эттириш танловнинг асосий мезонига айланди. Ўтган даврда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, юксак маҳоратини намойиш этган 194 нафар журналист ғолиб ва совриндор бўлди.
Бу йил ҳам ғолиблар, одатдагидек, бош мукофот ва тўртта асосий номинация (босма оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио ва интернет-журналистика) бўйича аниқланади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва пул мукофоти билан тақдирланади. БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, Жаҳон банки, “Минтақавий мулоқот” ташкилотининг (Словения) Ўзбекистондаги ваколатхоналари ўзлари таъсис этган рағбатлантирувчи мукофотларни топширади.
Айни пайтда Ўзбекистонда тўққиз юздан зиёд газета ва журнал, қарийб юзта теле ва радиостанция, тўртта ахборот агентлиги, 320 дан ортиқ интернет-нашр фаолият кўрсатмоқда.





