АсосийJamiyat

"TravTаlk" журналида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган саҳифа чоп этилди

'"TravTаlk" журналида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган саҳифа чоп этилди'ning rasmi

Ушбу лойиҳа мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси ва "Aeeroworld Aviation" компанияси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Жанубий Осиёнинг оммабоп сайёҳлик нашрларидан бирида берилган мақолада Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистонга ҳар йили дунёнинг турли давлатларидан юз минглаб туристлар ташриф буюриши таъкидланган. Мамлакатимиз нафақат қўҳна обидалар, маданий ва тарихий мерос объектлари, осори-атиқалари билан, балки бетакрор табиатининг гўзал манзаралари билан ҳам саёҳатчилар эътиборини ўзига тортишига алоҳида урғу берилган. Ўзбек заминининг шарқираган сойлари, чўққилари булутлар билан туташган пурвиқор тоғлари, бепоён кенгликлари, кўл ва дарёларини бир марта кўрган киши узоқ пайт унинг таассуроти билан юради.

Бундан ташкари, бағрикенг ва меҳмондўст халқи, унинг ранг-баранг урф-одатлари ва такрорланмас миллий аньаналари, еганда таъми оғизларда қоладиган миллий таомлари ва ширинликлари, фақат Ўзбекистонда учрайдиган мевалари, таъми тилни ёрадиган қовун-тарвузларининг довруғи аллақачон дунёга достон бўлган. Ушбу манзараларни акс эттирган сифатли фотолавҳалар журнал саҳифасидан ўрин олган.

Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилаётган бугунги кунда халқаро миқёсдаги бундай нуфузли нашрларда Ўзбекистоннинг тарғиботи долзарб аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, "TravTаlk" журнали 40 мингдан ортиқ ададда чоп этилади. Ҳиндистондан ташқари Жанубий Осиёнинг барча давлатларидаги туризм компаниялари, йирик бизнес ташкилотлари, авиакомпаниялар, турагентликлар ва маҳаллий сайёҳлар орасида кенг тарқатилади. Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон туризмига бағишланган турли мавзулардаги материаллар журнал саҳифаларида ҳар ойда мунтазам бериб борилиши режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар