Мутахассисларнинг маълумотига кўра, табиий ва антропоген омиллар туфайли сайёрамизнинг ўттиз фоиз ҳудудида деградация таъсири кузатилаётир.
Бу ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг ҳаёти, саломатлиги, турмуш тарзи ва жамият тараққиётига таҳдид солаётир.
Ана шундай глобал экологик муаммоларга бутун инсониятнинг эътиборини жалб этиш, табиатга етказилаётган салбий таъсирларни камайтириш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни тарғиб этиш мақсадида ҳар йили 22 апрель – Халқаро ерни муҳофазалаш куни сифатида нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида ушбу сана муносабати билан ер ресурсларини муҳофазалаш ва улардан оқилона фойдаланиш, бу йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ташкил этилган давра суҳбатида шулар ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда тегишли вазирлик, қўмита ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мутахассислар иштирок этди.
Турли соҳаларда, хусусан, қишлоқ хўжалигида замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш кўламини ошириш, мелиорация иншоотларини реконструкция қилиш, ишлаб чиқариш тармоқларида ресурстежамкор, табиатга безарар замонавий технологияларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича узлуксиз чора-тадбирлар бажарилаётир. Кейинги йилларда юртимизнинг турли ҳудудларида бу борада ҳаётга татбиқ этилган лойиҳалар натижасида икки юз қирқ минг гектардан зиёд майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 24 апрелда қабул қилинган «2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Тадбирда ер ресурсларини муҳофазалаш, тупроқ емирилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, саноатни ривожлантиришда табиатни муҳофазалашга оид меъёрларга амал қилинишини таъминлаш, ер ресурсларини бошқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар кўламини кенгайтириш, экологик тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш борасидаги вазифалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.





