«Moody’s» ҳалқаро рейтинг агентлиги томонидан 2014 йил 15 апрель куни нашр қилинган «Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболлари» янги ҳисоботига мувофиқ Ўзбекистон банк тизими ривожланиш истиқболлари кетма-кет бешинчи йил «барқарор» деб тасдиқланди.
«Moody’s» агентлигининг фикрига кўра, «барқарор» прогнози Ўзбекистон иқтисодиётининг, шу жумладан, иқтисодиётга катта ҳажмдаги инвестициялар йўналтирилиши ҳисобига, юқори суръатларда ўсаётганлиги билан изоҳланади. Шунингдек, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг ўсишини таъминловчи манба ҳисобланган Ўзбекистон банкларининг барқарор даромадлари банк тизими ривожланиши истиқболларига ижобий таъсир қилувчи муҳим омиллар қаторига киритилмоқда.
Агентлик томонидан Ўзбекистонда охирги 10 йил мобайнида юқори иқтисодий ўсиш даражаси таъминланганлиги ҳамда мамлакатимиз экспорти таркибининг МДҲдаги бошқа давлатларга нисбатан диверсификацияланганлиги ҳисобига иқтисодий ўсиш суръатлари ўзгарувчанлигининг сезиларли даражада паст бўлгани таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, «Moody’s» агентлиги Ўзбекистон банклари активлари сифатининг барқарор динамикасига эътибор қаратиб, капитал инвестициялар соҳасидаги ижобий ҳолат активлар сифатининг юқори даражада сақланиб қолишига асос бўлишини қайд этди.
2013 йил якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари активлари умумий миқдори 30 фоиз, охирги беш йилда эса ушбу кўрсаткич 3,6 баробар кўпайган.
Банк тизими капиталлашувини ошириш бўйича амалга оширилган мақсадли чора-тадбирлар банклар жами капиталининг охирги беш йилда 3,5 баробар, 2013 йил давомида эса 25,1 фоиз ошишини таъминлади. Банк тизими капитали етарлилик даражасининг ушбу кўрсаткичи умумқабул қилинган халқаро стандартларга нисбатан 3 баробар юқоридир.
Рейтинг агентлигининг фикрига кўра, 2014-2015 йиллар давомида кредитлаш ҳажмининг йилига 20 фоизга ошиши шароитида капитал етарлилигининг жорий коэффициентини сақлаб қолиш учун «Moody’s» рейтингига эга бўлган Ўзбекистон банклари келгусида капитални қўшимча ошириш бўйича чора-тадбирлар кўришлари лозим.
Ўзбекистон банкларининг жорий ликвидлик даражаси банк тизими барқарорлигини баҳолашда муҳим омиллардан бири бўлиб, қатор йиллар давомида 65 фоиздан юқори, яъни белгиланган минимал даражадан 2 баробар юқори миқдорни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, хўжалик субъектлари депозитлари ва аҳоли омонатлари, шунингдек, молиялаштиришнинг бошқа манбалари келгусида банк тизими ликвидлилигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, тижорат банкларидаги депозитларнинг умумий ҳажми охирги беш йилда 4,1 баробар, 2013 йилда эса 30,2 фоиз ошган.
«Moody’s» агентлиги томонидан прогноз даврида Ўзбекистон банкларининг ликвидлик ва даромадлилик кўрсаткичларининг барқарор даражада сақланиб туриши кутилмоқда.
Умуман олганда, «Moody’s» агентлигининг таъкидлашича, 12-18 ойни ташкил этувчи прогноз даврида мамлакат иқтисодиётининг юқори ўсиш суръати банклар учун қулай амалиёт муҳитини таъминлайди.





