Анжуман “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк Ипак йўли” реклама агентлиги томонидан Жаҳон сайёҳлик ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, дипломатик корпус, меҳмонхоналар вакиллари, соҳа мутахассислари, олимлар ва экспертлар иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Фаррух Ризаев ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида юртимизга келаётган сайёҳлар сафи тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Мамлакатимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Юртимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ва файзли гўшалари дунё сайёҳларини ўзига ром этмоқда. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик муҳити, замонавий меҳмонхоналар ва юксак сифатли хизмат уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратмоқда. Хусусан, 2013 йилда мамлакатимизга келган сайёҳлар сони 2012 йилдагига нисбатан қарийб йигирма фоиз ошди.
Бугунги кунда юртимизда сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлари, шунингдек, отда, туяда, автомобилда саёҳат қилиш, альпинизм, балиқ ови, рафтинг каби кўплаб турлари ривожланмоқда. Тўққиз юздан зиёд сайёҳлик корхонаси, жумладан, 430 меҳмонхона, 530 дан ортиқ сайёҳлик компанияси фаолият кўрсатмоқда.
Дам олиш туризми бутун дунёда талаб юқори бўлган соҳалардан биридир. “Дам олиш дунёси” халқаро кўргазмаси Ўзбекистонда баҳор-ёз сайёҳлик мавсумини очиб берадиган ўзига хос лойиҳа бўлиб, хорижликларни мамлакатимиздаги дам олиш масканларига жалб қилиш ва юртдошларимизнинг чет элга саёҳатини уюштириш, ички туризмни ривожлантириш масалаларига йўналтирилган. Кўргазма маҳаллий ва хорижий туроператорларнинг янги сайёҳлик мавсуми олдидан ўз маҳсулот ва хизматларини илгари суриши, корпоратив мижозлар билан шартномалар тузиши, таътил мавсумига оид режалар ишлаб чиқиши учун қулай имконият яратади.
Иккинчи бор ўтказилаётган ушбу халқаро кўргазмада ўттиздан ортиқ хорижий сайёҳлик компанияси вакиллари иштирок этмоқда.
Мамлакатнинг сайёҳлик имкониятларини рўёбга чиқаришда ички туризмни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Зотан, ҳар қандай янги маҳсулотга, аввало, маҳаллий сайёҳларда қизиқиш уйғотиб, сўнгра уни хорижий сайёҳларга тақдим этиш юқори самара беради. Мамлакатимизда янги тарихий-археологик боғлар, йўллар ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиб, аҳоли учун қулай туристик маршрутлар ишлаб чиқилаётгани натижасида ички туризм жадал ривожланмоқда. Ҳар йили миллионлаб юртдошларимиз мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 20 февралида қабул қилинган “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорига асосан Шаҳрисабзда улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, ҳудудни минтақамиздаги энг гўзал ва обод шаҳарга айлантириш кўзда тутилган. Шаҳрисабзнинг юртимиз ижтимоий ва маданий тараққиётидаги аҳамиятини янада ошириш, уни замонавий туризм марказига айлантириш мақсадида сайёҳлик иншоотларини барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш, сайёҳликнинг транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни бажаришга киришилди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш ва ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида "Дам олиш дунёси" сайёҳлик кўргазмасида Шаҳрисабз шаҳрининг туристик имкониятларига бағишланган экспозиция ҳам намойиш этилмоқда.
Кўргазмада хорижнинг нуфузли халқаро сайёҳлик фирмалари, миллий сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, мафтункор табиат ва тарихий обидалар акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари, фотоэкспозициялар, экотуризм ва спорт туризми, авиатранспорт, меҳмонхона, суғурта ва банк хизматлари, миллий ва ҳудудий сайёҳлик ташкилотлари фаолиятига оид маълумотлар билан танишмоқда.
“Дам олиш дунёси” барча замонавий йўналишларни ўзида мужассам этган. Хусусан, унда ички ва ташқи туризм, фаол ва саргузашт туризми, илмий ва соғломлаштириш туризми, сайёҳлик маъмуриятлари ва миллий офислар, туристик агентликлар ва туроператорлар, меҳмонхоналар, санаторий-курорт мажмуалари, дам олиш масканлари, транспорт ва суғурта компаниялари, он-лайн бронлаштириш тизимлари каби бўлимлар ишлаб турибди.
Ушбу халқаро сайёҳлик кўргазмаси жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг сайёҳлик борасидаги улкан салоҳияти билан кенг таништириш ва хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ички туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Икки кун давом этадиган кўргазма доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида чет эллик мутахассислар билан ўзаро фикр ва мулоҳаза алмашилади, ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади. Хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланади.
Кўргазманинг биринчи кунида “Гастрономик туризм – рақобатбардош маҳсулот омили” мавзусида Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Гастрономик туризм пазандачилик билан боғлиқ барча туристик фаолият турлари, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, гастрономик фестиваллар, озиқ-овқат ярмаркалари ва бу борада тажриба орттиришга хизмат қилувчи саёҳатлар мажмуидир. Конференцияда Ўзбекистонда гастрономик туризмни ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
Кўргазманинг иккинчи кунида “Ипак йўли лаззати” миллий ошхона фестивали ўтказилади. Шунингдек, сайёҳлик фирма ва компанияларининг тақдимотлари бўлиб ўтади.





