Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсди.
Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 8,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоизга, хизматлар кўрсатиш 11,8 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.
Саноат тармоқларини ривожлантириш устуворликларини амалга ошириш, шунингдек, ички талабни мувозанатли рағбатлантириш ва ички бозорни рақобатбардошли маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар билан янада тўлиқроқ тўлдириш чора-тадбирлари истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 14,3 фоизга ва хизматлар кўрсатиш ҳажми 9,1 фоизга кўпайишига кўмаклашди.
Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида истеъмол маҳсулотлари улуши 2013 йилнинг биринчи чорагидаги 29,5 фоиз ўрнига 34,4 фоизгача кўпайди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокамасига ва шу йил 17 январда республика Ҳукуматининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устуворликларини амалга оширишни баҳолашга бағишланган мажлисида таъкидлаб ўтилди.





