Берлиндаги қочоқ болаларнинг ўзбек муаллими (фото)

ЖАМИЯТ 25.01.2018, 15:26
Берлиндаги қочоқ болаларнинг ўзбек муаллими (фото)

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, суриялик қочоқлар сони 5 миллондан ошиб кетган. 2017 йил давомида 600 минг нафардан зиёд киши ўз уйига - Сурияга қайтган. Уларнинг аксарияти шу пайтга қадар Туркия, Ливан, Иордания, Ироқ сингари қўшни давлатлардан бошпана топган.

Бироқ миллионлаб қочоқлар ҳамон турли мамлакатларда, жумладан Германияда ҳам яшамоқда. Мамлакат ҳукумати Сурия жангарилардан тозаланганини инобатга олиб, қочоқларни 2018 йилнинг ўрталарига қадар ўз уйларига қайтаришни режалаштирмоқда. Айни пайтда Германияда 600 минга яқин суриялик қочоқ истиқомат қилади.

– Уларнинг аксариятига бир йиллик бошпана олиш ҳуқуқи берилган ва бу муддат тугамоқда, – дейди 2013 йилдан буён Берлин шаҳридаги Виндмюленберг (Grundschule am Windmühlenberg) мактабида қочоқларнинг болаларига дарс бериб келаётган Анвар Шерматов. – Германия Ички ишлар вазирлиги қочоқлар реинтеграцияси бўйича махсус дастур ишлаб чиққан ва кимки 2018 йилнинг 28 февралигача унда иштирок этса, 3 минг евро миқдорида ёрдам пули олиши мумкин.

Анвар Шерматов Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан. Берлин техника университетини битирган. 17 йилдан буён Германияда яшайди. Оилали. Икки нафар фарзанди бор.

Анвар муаллимнинг ҳикояси

– Германиядаги кўплаб мактабларда қочоқларнинг фарзандлари учун махсус синфлар (willkommensklasse) ташкил этилган. Қоидага кўра, бир синфда кўпи билан 12 нафар бола ўқиши лозим. Бироқ ўқувчилар сони доим белгиланган меъёрдан ортиқ бўлади. Баъзи йиллари 22 нафаргача болага дарс берганман. Асосан Сурия, Афғонистон, Косово-Албания ва Босниядан келган болалар.

Бир қарашда улар ҳам бошқа болаларга ўхшаган бола. Тўполон қилади, чопади, ўйнайди. Бироқ қандайдир мунгли. Айниқса, Сурия ва Афғонистондан келган болалар синиқиб қолган. Синфимда Иброҳим исмли бола бор. Ҳозир 12 ёшда. Тўққиз ёшида акалари билан Суриядан чиқиб кетган. Жуда одамови. Баъзан гаплашиб турамиз. Бироқ ўзи, оиласи ҳақида деярли гапирмайди.

Матбуотда суриялик қочоқларни ватанига қайтариш масаласи кескин муҳокама қилинаётган кунларнинг бирида Иброҳим билан шу ҳақда гаплашиб қолдик. “Сизлар нима қилмоқчисизлар?”, деб сўрадим ундан. Иброҳим бир муддат жим қолди. Унинг кўзлари ёшга тўлганди. “Билмасам, устоз. Сурияда борадиган жойимиз, бошпанамиз йўқ. Уйимиз...” Унинг ўпкаси тўлиб кетди. Ярасини янгилаганимдан афсусланиб, “кечир”, дегандек бошини силаб қўйдим. Ҳамдардлигими ёки дўстона муносабатим сабабми Иброҳим қочқинликда ўтаётган тўрт йиллик ҳаёти ҳақида гапириб берди.

Аллоҳ насиб этган бўлса, яна кўришамиз

– Ўша куни мактабда тинчгина дарс ўтаётган эдик, – ҳикоясини бошлади Иброҳим. – Қаттиқ гумбурлаган товуш эшитилди. Ўқитувчимиз тезда партанинг остига киринглар, деди. Чўк тушиб, бошимизни қўлимиз билан бекитиб олдик. Шу пайт мактабимиз яқинида яна бир портлаш юз берди. Дераза ойналари синиб, бино титраб кетди. Бу даҳшатли товушдан қулоқларимиз битиб, қаттиқ қўрқувга тушиб қолдик. Ҳаммамиз ўқитувчимизга қарардик. У ҳам саросимада эди, нима қилишни билмасди. Бироздан кейин партанинг остидан чиқдик. Устоз ойнадан ташқарига қарадию, “Аллоҳга шукур, ўзи асрабди”, деди.

photo5427048756454467673.jpg

Синфимда Иброҳим исмли бола бор. Ҳозир 12 ёшда. Тўққиз ёшида акалари билан Суриядан чиқиб кетган. Жуда одамови. Баъзан гаплашиб турамиз. Бироқ ўзи, оиласи ҳақида деярли гапирмайди.

Ростдан ҳам Худо асраб қолибди бизни ўша куни. Шундоққина мактабимиз яқинида бомба портлаган экан. Шу тариқа кунлар ўтаверди. Кунда, кун ора қайсидир бино ракета зарбасидан вайронага айланар, бегуноҳ одамлар қурбон бўларди. Биз яшайдиган кўп қаватли уйнинг бир қисмига ракета келиб теккандан кейин отам Сурияда қолиш жуда хавфли бўлиб қолганини, тинчроқ бошпана топишимиз кераклигини айтди. Бутун оиламиз билан йўлга отланишимиз учун етарли маблағимиз йўқ эди. Шунинг учун отам катта акамга, “Икки укангни олиб йўлга чиқ. Бошқаларга қўшилиб бирор тинчроқ мамлакатга кетинглар. Ишлаб пул топ. Укаларингни эҳтиёт қил. Аллоҳ насиб этган бўлса, кўришармиз”, деди.

Акаларим билан Сурия ва Ливан чегарасида ташкил қилинган қочқинлар лагерига бориб, бир чодирга жойлашдик. Бу ерда оддийгина яшаш учун керак бўладиган шароит ҳам йўқ эди. Бироқ соғ-саломат, ракета ва бомбалар ёмғиридан йироқ эдик. Кичикроқ чодир остида ўзига яраша мактаб ҳам ташкил қилинган эди. Қочқинлар орасидаги шифокор ва ўқитувчилар лагердагилардан ёрдамини аямасди...

Қочоқлар лагеридаги оғир шароит ва доимий хавотир одамларни бу ерлардан янада олисроқ кетишга ундарди. Европа давлатларида қочқинлар учун яратилган шароитлар ҳақидаги гап-сўзлар кўплаб оилаларни машаққатли сафарга бошларди. Шу тариқа ака-укалар яна йўлга чиқди.

– Гоҳ машинада, гоҳ пиёда юриб, бир амаллаб Туркияга етиб олдик, - ҳикоясини давом эттирди Иброҳим. – Бир муддат Истанбулда яшадик. Акам иш топди. Истанбул катта шаҳар. Одам кўп. Егуликлар қиммат. Бир оз пул тўплагач, ўзимизга ўхшаган муҳожирларга қўшилиб, Измирга кўчиб ўтдик. Акам яна иш излай бошлади. Оёқ кийим тикадиган фабрикадан иш топилди. Мен ҳам акаларимга қўшилиб ҳар куни тонг саҳардан ишга борар, кун ботганда қайтардик. Бошида фабрика эгаси болаларни ишга олмайман, деб туриб олди. Аҳволимизни тушунтирганимиздан сўнг рози бўлди. Турмушимиз бир оз яхшиланган бўлса-да, оғир иш тинкамизни қуритганди. Катта акам ейиш-ичишдан қисиб, пул йиға бошлади. Европага кетамиз, у ерда ишламайсизлар, қоринларинг тўйиб овқатланасиз, мактабда ўқийсиз, дерди акам...

Етарлича маблағ йиғилгач, Иброҳимнинг катта акаси Европага ўтиб олиш йўлларини ахтара бошлайди. Кўпчилик қочқинлар қатори улар ҳам энг хатарли йўлни танлашади - резина қайиқда денгиз орқали Грецияга бормоқчи бўлишади.

Топталган болалик

– Ярим тунда бизни автобус билан қаергадир олиб боришди, – давом этди Иброҳим. – Йўлга тушишимиздан аввал Греция соҳилларига яқинлашгач, резина қайиқни тешишимиз кераклигини, шунда қутқарув кемаси келиб бизни олиб кетишини, шундай қилсак қочоқ сифатида қабул қилинишимиз осон кечишини айтишди.

photo5427048756454467674.jpg

Иброҳим акалари билан Германияга келиб, қочқинлар ётоқхонасига жойлашганидан сўнг кўп ўтмай ватанидан хунук хабар келди. Оиласи яшаган уйга бомба тушган, отаси ҳалок бўлган,
онаси ва опа-сингиллари оғир яраланган эди.

Қайиқда одам шунчалик кўп эдики оёқ босгани жой топилмасди. Айримлар бир-бирини телефонда суратга олиб, интернетга жойлар, кема чўкиб кетса, тақдири қандай тугаганини бошқаларга билдириш учун нималарнидир ёзарди. Қирғоқ кўрингач, қайиғимиз пучая бошлади, бироз вақтдан сўнг ҳаммамиз сув бетида қалқиб турар эдик (Измирда қутқарув жилетини нима учун сотиб олганлигимизни ўшанда тушундим). Дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Ҳаётимиз шу ерда якун топадигандек эди назаримда. Ҳар гал юзимга тўлқин келиб урилганида сув ютиб қолар, ҳозир чўкиб кетаман, деб ўйлардим. Катталар бизни юпатар, бир-биримизни қўйиб юбормасликни тайинларди. Бироқ тўлқин бизни пўкакдек отиб ўйнар, сув бетидаги хасдек турли томонга тарқаб кетардик. Ниҳоят қутарув кемаси кўринди. Шу тариқа Грецияга етиб келдик. Аллоҳ бизни яна асради, чунки биз билан бирга қайиққа чиққанларнинг ҳаммаси ҳам қирғоққача эсон-омон етиб ололгани йўқ.

Иброҳим акалари билан Германияга келиб, қочқинлар ётоқхонасига жойлашганидан сўнг кўп ўтмай ватанидан хунук хабар келди. Оиласи яшаган уйга бомба тушган, отаси ҳалок бўлган, онаси ва опа-сингиллари оғир яраланган эди.

Иброҳим тинч ва осуда юртда яшашга, болалик бахтидан лаззатланишга, ўз ватанида билим олишга ҳақли эдику, деб ўйлайман. Афсуски, унинг болалиги аллақачон сўнган. Мунгли нигоҳларига дош бериш қийин. Кўзларидаги оғриқли саволларга жавоб топа олмайман. Юзлаб бегуноҳ болалар, норасида гўдаклар умрига зомин бўлган, миллионлаб инсонларнинг оромини бузган, минглаб оилаларни сарсон-саргардон,шаҳарларни вайрон, катта бир мамлакатни пароканда қилган бу урушни очган олчоқларни, панада туриб уларни гижгижлаганларни, қўллаганларни лаънатлайман, холос. Менинг қўлимдан келадигани – шу: Иброҳим сингари болаларга билим бераман. Уларнинг қалбида келажакка, одамларга ишонч уйғотишга ҳаракат қиламан. Баъзан, Ватаним – Ўзбекистон ҳақида сўзлайман уларга.

"Ўзбек эканимдан, Ўзбекистон фарзанди эканимдан фахрланиб кетдим!”

Қизимнинг мактабида болаларга бир ҳужжатли фильм намойиш этишибди. Фильм қаҳрамонлардан бири ўзини “Мен Ўзбекистонликман!” деб таништирибди. Шу пайти синфдошлари бирданига қизимга қарашибди. Ўзбекистонлик йигит мусобақада биринчи ўринни эгаллабди. Ватанимиз байроғи баланд кўтарилибди. Синфдаги барча болалар ўрнидан туриб, қизимни олқишлашибди. “Дада, йиғлаб юборай дедим. Худди мусобақада биринчи ўринни қўлга киритгандек ҳис қилдим ўзимни. Ўзбек эканимдан, Ўзбекистон фарзанди эканимдан фахрланиб кетдим!” деди у тўлқинланиб гапириб бераркан.

Қизим Германияда туғилган. Йилда бир ойгагина Ўзбекистонда яшаса-да, Ватанини жонидан ортиқ севади. Самарқанд, қишлоғимиз, қавму қариндошлар ҳақида соғинч билан гапиради. Унинг кўзларидаги меҳрни кўриб, қувониб кетаман. Ўзбекистондек тинч, осуда, жаннатмонанд юрт бергани учун Яратганга шукроналар айтаман.

Воҳид Луқмонов ёзиб олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1