1

Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмаси собиқ раҳбарлари нега жавобгарликка тортилди?

ЖАМИЯТ 26.01.2018, 06:00
Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмаси собиқ раҳбарлари нега жавобгарликка тортилди?

Адолатли ва ҳурматли раҳбар бўлиш кишидан нафақат етук билим ва малака, балки виждонли, ҳар қандай вазиятда ҳам қўл остидагиларга холис муносабатда бўлишни талаб этади. Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмаси собиқ раҳбарлари агар ана шу мезон асосида ишлаганларида юзлаб ходимларнинг ҳуқуқи поймол бўлмасмиди, деб ёзади ЎзА.

Туман тиббиёт бирлашмасидаги собиқ раҳбарлардан қолган “мерос”: гарчи бўш иш ўринлари бўлмаса-да, фуқароларни ишга олавериш анъанаси негадир тўхтамади. Натижада аввалдан ишлаб келаётганлар кейинчалик 0,25 "ставка"да ишлашга мажбур бўлди. Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар бир ходим меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда маош олиши лозим. Ходимлар сони кўпайгач, табиийки, 234 нафар ишчи белгиланганидан кам маош олишга мажбур бўлган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан собиқ мансабдорлар жазога тортилган.

Бироқ, бирлашмада 2016 йилнинг май ойидан 2017 йилнинг май ойига қадар бош шифокор вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган раҳбар ҳам аввалги бошлиқларнинг хатосини такрорлайди.

Оқибатда ортиқча штат бирликлари сақланиши натижасида 2017 йилнинг биринчи чорагида жами 236 миллион сўмдан зиёд кўзда тутилмаган харажатлар юзага келади. Етмаган маблағлар учун бирлашманинг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш махсус фондидан қарийб 100 миллион сўм ишлатиб юборилади.

Мазкур раҳбар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилган. Масалан, бирлашма бош ҳисобчиси содир этган жиноятлари учун суд ҳукми билан 2 йилга ахлоқ тузатиш, 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлашдан маҳрум этилиб, тиббиёт бирлашмасининг бош муҳандис лавозимига ўтказилади. Бироз муддат ўтгач, унга пуллик хизмат бўлими ҳисобчилиги ҳам қўшиб берилади. Кейинчалик эса яна бош ҳисобчи вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган.

Бўлиб ўтган шунча гап-сўзларга қарамай, раҳбар судда ўз айбини тан олмаган бўлса-да, далиллар унинг айбини яққол кўрсатди. Унга нисбатан 2 йилга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари белгиланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1