“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг 135-бандида тадбиркорлик ва инновацион соҳадаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ривожлантириш учун венчур фондлар, венчур компаниялар ва инновацион корхоналар фаолиятини тартибга солиш билан бир қаторда венчур лойиҳаларни суғурталаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган.
Бу венчур лойиҳаларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш учун суғурта компанияларидан соҳанинг замонавий тенденциялари асосида янги хизматларни ишлаб чиқиш ва инновацион ечимларни талаб этади.
Хўш, венчур тушунчасининг ўзи нима ва бу йўналишда суғурта хизматлари зарурми?
Халқаро тажрибада венчурли бизнесда дастлабки босқичларданоқ юқори таваккалчилик хатари мавжуд бўлиб, инвестициялаштирилган жараёнларнинг якуний натижалари амалга оширилгандан кейин ижобий самарага эришилмаса молиялаштирилган маблағдан ажралиб қолиш мумкин. Бизнеснинг бу турига илм-фан соҳасидаги илмий-тадқиқот натижаларини молиялаштириш кўпроқ мос келади.
Венчур фондини янги ишланмаларга маблағ киритишга тайёр турган ягона инвестор деб айтиш мумкин. Бундай кўринишдаги кредит маблағларига эҳтиёж асосан энди иш бошлаётган тадбиркор, олим, тадқиқотчи, инженер ва кашфиётчиларда юзага келиб, улар ўзига хос, антиқа ғояларни ва истиқболли ишланмаларни мустақил равишда амалга оширишни мақсад қилиб қўйишади.
Якуни ноаниқ бўлган, лойиҳа учун тижорат банкларининг кредит ва қарз маблағларини олиш албатта, қийин. Мана шундай бир ҳолатда тадбиркорга ёрдамчи ва ҳомий сифатида венчурли бизнес инвесторлари кириб келишади. Иқтисодий нуқтаи назардан, инвесторларнинг асосий мақсади тадбиркорга ёрдам бериш эмас, балки юқори фойда олиш бўлиб ҳисобланади. Аммо, ихтиро ўзини оқламаган ҳолатлар ҳам кузатилади.
Ана шу жараёнда бу лойиҳаларнинг қайсидир қисмларини ёки тўлалигича суғурта ҳимоясига олиниши ихтирочи олимлар ва тадбиркорлар ҳимоясини таъминлашда муҳим қадамдир.