Муносиб туҳфа
Ислом Каримов! Бу ном тилга олинганда, беихтиёр ҳар биримизнинг қалбларимизга илиқлик югуради. Зотан, Ўзбекистонни истиқлолга олиб чиққан, уни турли бало-қазолардан асраб, турли долғали даврлардан эсон-омон олиб ўтган буюк давлат ва сиёсат арбоби ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбидан мангу жой олиб кетди.
Бу буюк зот ҳақида ҳар қанча гапирилса, оз. У ҳақда китоблар, мақолалар, шеърлар битилмоқда. “Даракчи” саҳифаларида ўтган йили ёзувчи Акбар Мирзонинг “Суиқасд” романи босилган эди. Муаллифнинг яқинда Биринчи Президент ҳақида битилган, “Сўнгги нидо” номли яна бир китоби нашрдан чиқди. Ушбу китобда ҳам Ислом Каримовнинг мамлакат тараққиёти, тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида олиб борган шарафли ишлари, халқимиз бошидан кечирган қувончли ва қайғули кунлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан мазкур китобдан марҳум Юртбошимиз ҳаётининг айрим лавҳалари ҳақида ҳикоя қилувчи бир парчани эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
2001 йил…
Президент ёзаётган мактубини тугатиб, ручкани аста стол устига қўяркан, бироз хаёлга чўмди...
Ўтган йилдаги ташвишли воқеалар қалбига озор берган бўлса, озодлик нашидасини сураётган жафокаш халқнинг барча соҳаларда зиммаларига олган топшириқларни ортиғи билан адо этганликлари юрагига таскин ва умид бағишлади. Сентябрнинг ўрталаридаёқ мамлакатда биринчи бўлиб йиллик пахта тайёрлаш шартнома режасини бажарган Асака ва Олтинкўл туманлари пахтакорларига табрик йўллагани, орадан бир ҳафта ўтиб-ўтмай бутун вилоятнинг барча миришкор деҳқонларини бу борада пешқадам бўлганликлари билан қутлаганини эслаб, юзларига табассум югурди.
Яна бир хурсанд қилган ҳодиса ёдига тушди. Ахир Сидней олимпиадасида Ўзбекистон бокс вакили Муҳаммадқодир Абдуллаев ўзбек боксчилари орасида биринчи бўлиб "Олимпия чемпиони" деган юксак номга мушарраф бўлди. Президент ғолибга зарбоф тўн кийдиргани, қимматбаҳо эсдалик совғалар топширганини эслаб, бундай чемпионлар кўпайишига умид билдирди.
Ўтган йили бўлиб ўтган барча тадбирларни, юз берган ҳодисаларни эслашнинг ўзи қийин. Бироқ ёдга олса, қайд этиб қўйса арзигулик воқеалар анчагина. Етакчи давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи ёки ўзининг расмий сафарлари чоғида икки томонлама манфаатли битимлар имзоланди, давлат чегараларини қўриқлаш, тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишувлар бўлиб ўтди. Айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг "Минг йиллик саммити"да иштирок этгани ва нутқ сўзлагани, АҚШ Президенти Билл Клинтон, Туркия раҳбари Аҳмет Неждет Сезар, Исроил Бош вазири Эхут Барак, Япония Бош вазири Иосиро Мори, Америка Олий Ислом кенгаши раиси шайх Муҳаммад Хишом Каббоний ҳамда яна бир қанча давлатлар бошлиқлари ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашиб, ҳар томонлама фойдали суҳбат ва музокаралар олиб борди.
Мамлакат мустақиллигининг ўн йиллиги нишонланадиган 2001 йил янада қутлуғ келди. Энди бу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш ва тантана қилиш керак. Янги йил ана шу муборак тўйни ўтказиш тўғрисидаги қарорга имзо чекиш билан бошланди. Бунга Наврўз байрами шодиёнаси уланиб кетди. Қутлуғ баҳор айёмининг эртаси куни Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов олтмиш ёшни қаршилайди. Табаррук Қашқадарё замини улғайтирган буюк ижодкор, ўзбек шеъриятининг забардаст шоирини Оқсаройга таклиф қилиш, муборак ёши билан табриклаш режалаштирилган. Бу тадбирларнинг барчасида қатнашиш, нутқ сўзлаш, бутун халқни баҳорий байрамлар билан қутлаш қандай бахт, қандай саодат! Булар хурсандчилик, албатта.
Ҳозир эса Ўзбекистон Президенти Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган болалар асарларининг халқаро танлови ғолиби, лицей ўқувчиси Дилфуза Матбобоевани табриклаб, унинг онаси Тожибархон ая Матбобоевага ёзиб тугатган мактубини яна қўлга олди.
Қандай ажойиб натижа!
Президент бутунжаҳон миқёсидаги халқаро мусобақа ва танловларда қатнашган ўғил-қизларнинг, айниқса, ёшлар эришган ҳар қандай ютуқлардан беҳад қувониб, жамики ташвиш ва ғамларини бир лаҳзага бўлса-да унутар эди. Бундай тадбирларда юрт байроғининг баланд кўтарилишидан эса кўзлари беихтиёр порлаб, бутун вужуди яйраб кетарди. Шундай унутилмас дақиқаларда қалби ғypyp, ифтихор ва янги истакларга тўларди. Мамлакат довруғини оламга таратаётган, унга шараф ва шон ҳадя қилаётган болажонларни бағрига босиб, пешонасидан ўпиб, янада улкан зафарлар сари чорлашни истарди. Ватанга қувонч олиб келган ёшларни хориждан қайтиб келиши билан уларга пешвоз чиқиб шахсан кутиб олишни жуда-жуда хоҳларди.
Мактуб "Шундай иқтидорли фарзандни тарбиялаб, камолга етказганингиз учун шахсан сизга ва сиз орқали барча оила аъзоларингизга беҳад миннатдорчилигимни изҳор қиламан", деган самимий сўзлар билан тугаган эди. Президент охирги сатрларни яна бир бор кўздан кечиргач, мактубни имзолаб, дарҳол кўрсатилган манзилга жўнатишни тайинлади. Эзгу тилак ва янгидан-янги зафарлар битилган нома шу бугуннинг ўзидаёқ Тожибар аянинг қўлига топширилди.
Латофатли қизчасининг қўлга киритган ғалабасидан, айниқса, бу ютуққа Юртбошининг қилган эътиборидан ғоятда мамнун бўлган Тожибар ая севинчдан анчагача кўз ёшларини тия олмади. Қўлидаги мактубни қўни-қўшниларга, қариндош-уруғларга кўрсатар экан, хурсандчилигининг чеки йўқ эди. Шу куни қишлоқ аҳли аянинг чексиз қувончига шерик бўлди.
***
Ёзнинг сўнгги ойи бошланган кун. Президент яна мактуб ёзишга ўтирди. Афсуски, бу сафар хурсандчилик хати эмас. Эрталабки қайғули хабарда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг бевақт вафот этгани баён этилганди.
Шу куни Ўзбекистон Президентининг халқчил ижодкор, машҳур қўшиқчи-шоирнинг бевақт вафоти муносабати билан унинг волидаи муҳтарамаси — Энахон ая Сотиболдиевага чуқур ҳамдардлик билдириб йўллаган мактуби матбуотда эълон қилинди.