Сарлавҳадаги бу саволга сабаб бўлган воқеа, яъни Сурхондарё вилояти Денов туманида содир бўлган бир қотиллик ҳақидаги ҳавола фейсбук ижтимоий тармоғидаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳида Муҳаммад Шакур номи остидаги фойдаланувчи томонидан жойлаштирилгач, жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Келинг, аввало ҳаволадаги айрим изоҳлар билан таништирайлик...
"БУЗУҚХОНА" (биринчи қисм)
“Деновда бир нечта “бузуқхона"лар бор. Улар доим бўлганлиги бир масала, аммо, бу жойлар масъул идораларнинг нақд тумшуғининг тагида фаолият юритгани – бошқа масала... Хуллас, ҳамма билади. Бу ерга ҳатто коллеж ўқувчилари ҳам боришини...
Бир неча кун аввал бу ерга бир нечта коллеж ўқувчиси ўз одатларига мувофиқ, келишибди. Ўзлари билан бир мактаб ўқувчисини ҳам олиб келишибди. Нима бўлибди-нима қўйибди – "бузуқхона"нинг “мудираси” ўша мактаб ўқувчисини пичоқ уриб ўлдирибди...
БАЛОГАРДОН (иккинчи қисм)
Бундай "бузуқхона"ларнинг фаолияти ҳақида ҳамма билади, аммо бирон кор-ҳол бўлиб қолса – ҳамма оппоқ. Фақат битта айбдор – мактаб! Мактаб директори ва ўша бола ўқиган синф раҳбари ишдан кетади, дейишяпти одамлар. Савол: нима учун? Жавоб: бошқа каттаконлар, ўша – ҳаммасини билиб турган каттаконлар – айбдор бўлмаслиги учун... Чунки улар каттакон-да. Ўқитувчи эса – майда одам. Ҳолбуки, "бузуқхона"ларни йўқотиш кучига ўқитувчи эга эмас, бу кучга каттаконлар эга”.
АСЛИДА ҚАНДАЙ БЎЛГАН?
Энди бу ҳавола нега баҳс-мунозараларга сабаб бўлганини англагандирсиз?! Мазкур ҳаволани ўқиган кимдир “Фоҳишахона кеча ёки бугун ташкил бўлиб қолмаган, ҳудуддаги ҳуқуқ-тартибот органлари нега ўз вақтида назоратга олмаган?” қабилидаги саволларни ўртага ташласа, бошқа фойдаланувчи бу борада ўқитувчини айблаш ўринсизлигини, маҳалла масъуллари, участка нозирлари жавобгарликка тортилишини билдирган. Ҳатто фойдаланувчилардан бири бу борада хулоса чиқаришга шошилмасликни, асл ҳолатга ойдинлик киритиш лозимлигини қайд этган. Биз эса фаолиятимиз мажбуриятидан келиб чиқиб, бу борада ҳуқуқ-тартибот органининг изоҳини олишга қарор қилдик.
Сурхондарё вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси У.Саидов томонидан тақдим этилган маълумотлар қуйидагича:
— Алибоева Дилноза Рустамовна 2018 йил 2 январь куни яшаш уйи, яъни Денов шаҳар, "Меҳр-оқибат" маҳалласи, "Гулистон" кўчаси, 34-уй, 53-хонадонга кириш подъезди олдида, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, ўзига таниш бўлган вояга етмаган Б.Н билан ўзаро жанжаллашиб қолган, Б.Н. уни қўпол сўзлар билан ҳақоратлаганлиги сабабли, уни қасддан ўлдириш мақсадида ўзи билан уйидан олиб чиққан ошхона пичоғи ёрдамида Б.Н.нинг чап кўкрак қисмига бир марта уриб, оғир тан жароҳати етказган. Б.Н. олган оғир тан жароҳати оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.
Денов туман прокуратураси томонидан 2017 йил 2 январь куни Д.Алибоевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.
Ўқувчини ўлдирган аёл аслида ким?
Фейсбук ижтимоий тармоғидаги гуруҳда жойлаштирилган ҳаволада ўқувчига пичоқ санчиб ўлдирган аёл “бузуқхона” “мудираси” сифатида келтирилган. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
Вилоят прокуратураси томонидан таҳририятга тақдим этилган маълумотномада қайд этилишича, Алибоева Дилноза Рустамовна бирор-бир ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан муқаддам биринчи маротаба Жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Қумқўрғон туман судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (ЖК)нинг 105-моддаси 2-қисми "и" бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 2010 йил 28 октябрдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган. Иккинчи маротаба, ЖИБ Денов туман судининг 2016 йил 18 февралдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 131-моддаси 2-қисми "а, б" бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддасига асосан 3.552.000 сўм жарима жазоси тайинланиб, ушбу жазо ЖИБ Денов туман судининг 2016 йил 12 октябрдаги ажрими билан ЖКнинг 44-моддасига асосан 7 сутка қамоқ жазосига алмаштирилган. Учинчи маротаба ЖИБ Денов туман судининг 2017 йил 15 сентябрдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 131-моддаси 4-қисми "б" бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, унга нисбатан ЖКнинг 72-моддасига асосан 2 йил синов муддати белгиланган.
Маълумот учун
“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 105-моддаси 2-қисми ана шундай номланиб, унинг “и” бандида бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
"Фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш"
Саҳифамиз “қаҳрамони” бўлган айбланувчи иккинчи маротаба судланганда унинг айбли деб топилишига асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми ана шундай деб номланади. Фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
131-модда 4-қисми “б” банди эса...
Шунингдек, айбланувчи учинчи бор судланган ҳолат (ЖКнинг 4-қисми, “б” банди), яъни ушбу модданинг биринчи (Ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш) ёки иккинчи қисми (Фоҳишахона ташкил этиш ёки сақлаш)да назарда тутилган ҳаракатлар такроран, хавфли рецидивист ёки ушбу Кодекснинг 135 ёки 137-моддаларида назарда тутилган жиноятларни илгари содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Яна бир муҳим маълумот: айбланувчи 1991 йили туғилган ва икки нафар фарзанднинг онаси. Шунингдек, воқеа 2018 йил 2 январь куни соат 20:00да содир бўлганлиги ҳам мазкур иш кўрилиши жараёнида алоҳида эътиборга олинадиган далилдир. Демак, масала анча чигал ва тергов ҳаракатлари давомида ҳақиқий айбдорларни ишга жалб қилиш етарлича холислик ҳамда адолатни талаб этади. Аммо буни вақт кўрсатади. Ҳозир эса мавзунинг иккинчи томонига эътибор қаратсак...
Ким айбдор?
Юқорида таъкидлангани каби ушбу ҳолат ҳақида ижтимоий тармоқдаги гуруҳга жойланган ҳаволада фойдаланувчилар томонидан билдирилган муносабатларни инкор этмаган ҳолда биз ҳам ҳодисага оид ўз мулоҳазаларимизни баён этишни лозим топдик.
Биринчидан, ҳолат жабрланувчиси ўқувчи бўлгани учун кўпчилик фойдаланувчилар жиноий ишни кўриш жараёнида айбдорлик мактаб маъмурияти ва ўқитувчи зиммасига тушишидан хавотирдалиги ўринли. Шундай экан, аввало бу ҳолатнинг соат 20:00 да содир бўлганига эътибор қаратиш лозим. Агар олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида воқеа содир бўлган ана шу вақт эътиборга олинса, бу борада мактаб маъмурияти ва ўқитувчининг айбдор бўлишига асос бор ёки йўқлигини англаш қийин эмас.
Иккинчидан, ҳолат юзасидан жойланган ҳавола муаллифи Деновда фоҳишахоналарнинг фаолият юритиши ва айнан ўша ҳолат содир бўлган куни ўз одатларига мувофиқ коллеж ўқувчилари бу ерга келганлигини қайд этган. Аммо бу прокуратура органи тақдим этган маълумотларда акс этмади. Агар бу асос ҳам тергов ҳаракатларида ўз исботини топса, бир ўқувчи йигитнинг ҳаётдан эрта кўз юмишига сабаб бўлган бепарволик оқибати айбдорларини аниқлаш қийин эмас. Бундай нохуш ҳолатларни жиловлаш, олдини олиш, йўл қўймаслик, бу борада назоратни кучайтириш асосан ўша ҳудуд масъулларининг, ҳуқуқ-тартибот органларининг зиммасидаги вазифа. Акс ҳолда такрор ва такрор судланган айбланувчининг яна шундай мудҳиш қотилликка қўл уриши нимадан далолат?
Учинчидан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу борада оиладаги тарбия, фарзанднинг ким билан мулоқотда бўлаётгани, дўсту ўртоқларига ҳам эътиборли бўлиш муҳим аҳамият касб этишини билдиришган. Дарҳақиқат, бу борада ота-оналар ҳам бепарволикка берилмай, фарзанднинг ҳар қадамидан хабардор бўлиб турса, бу каби кўнгилсизликлар юрагимизга оғриқ олиб кирмайди.
Бу — ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқда тарқалган ва тергов ҳаракатларида аниқланган маълумотлар доирасидаги мулоҳазаларимиз. Аммо сўнгги сўзни ҳуқуқ-органлари айтишади. Ўйлаймизки, айтилажак сўнгги сўз, яъни ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда жамоатчилик фикри, айбланувчи ва жабрдийданинг жамиятдаги ижтимоий ўрни чуқур таҳлил қилинади ва адолатли қарор чиқарилиши таъминланади.
Ўз мухбиримиз






