24 апрел куни Darakchi.uz сайтида чоп этилган "Соғлом бола йилида" гепатит билан хаста болага бепарволик билан қараётган шифокорлар” номли мақола жойлаштирилганди.
Ушбу мақоладаги ҳолат юзасидан 26 апрел Республика ихтисослашган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида мақоладаги келтирилган маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида учрашув ташкиллаштирилди. Унда Марказ директори Дилором Аҳмедова, директор муовини Камола Солиҳова, бош врач Абдуманнон Абдуқаюмов, Марказнинг поликлиника мудири Дилшод Юсупов ҳамда тегишли шифокорлар, Вирусология ИТИнинг УТТ шифокори, 30-оилавий поликлиника Умумий амалиёт шифокори Гулноза Ражабова, www.darakchi.uz ахборот портали муҳаррири Лайло Рустамова ва мурожаатчи Муяссар Юсупова иштирок этди.
Муҳокамани уюштиришдан асосий мақсад — боланинг саломатлигига ойдинлик киритиш эди. Гарчи мурожаатчи муҳокамада барча маълумотларни асосли тақдим этган, қўлида мавжуд зарурий тиббий хулосалар билан иштирок этган бўлса-да, масаланинг ечимидан кўра, журналистнинг мақолада келтирилган маълумотлар нотўғри эканлигига асосий урғу қаратилди.
Марказ директори томонидан мақоладаги барча хронология нотўғри эканлиги ва ахборот порталидан мақолага раддия бериш талаб қилинди. Ахборот портали муҳаррири бу талабни бажонидил қабул қилган. Ҳақиқий ҳолатни ифода этувчи маълумотлар асосида Марказ номидан тақдим этилган раддия матни ахборот порталида жойлаштирилишида муаммо йўқлигини таъкидлаган.
Айни шундай раддия матни эса мурожаатчининг фарзанди Арслон Юсупов тегишли Марказ шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилгач, тақдим этилиши керак эди. Аммо Марказ шифокорлари томонидан мурожаатчининг фарзанди ҳеч бир илмий-амалий таҳлилларсиз текшириб, унинг соғлигига қониқарли баҳо берилди. Узоқ давом этган муҳокамадан сўнг, шикоят қилган Муяссар Юсупованинг фарзандига тахмин қилинаётган ташхисни аниқлаш мақсадида Марказнинг ташхис бўлимига ётқизилиши таклиф этилди.
2014 йил 28 апрел куни эса Марказ директори Дилором Аҳмедова Darakchi.uz ахборот порталига она фарзандини олиб келмаганини маълум қилди.
28 апрел куни соат кечки 19:12 да портал муҳаррири электрон почта манзилига Соғлиқни Сақлаш вазирлиги электрон почтасидан раддия хати келди. Аммо раддия хатида ҳеч бир имзо, ҳеч бир муҳр йўқ. Муаллиф томонидан бу ҳолатга ойдинлик киритиш ва раддия бериш учун масъул шахснинг имзоси талаб қилинганда, Марказ директори юрист билан маслаҳатлашгач, жавоб тақдим этишини билдирди. Бироз вақт ўтиб Марказ бош шифокори қўнғироқ қилиб, раддия порталдан жойлаштирилиши рад этилаётганлиги сабаби билан қизиқди. Бош шифокор эса раддия журналистнинг номидан берилишини, яъни мақоладаги маълумотлар асоссиз эканлигини журналист тилидан ифода этилишини талаб қилди. Журналист эса мақоладаги маълумотлар мурожаатчининг тилидан берилганини, барчасини мурожаатчининг ўзи ҳам ҳанузгача тан олаётгани ва қўлидаги ҳужжатлар буни тасдиқлашини таъкидлаётганини тушунтирган. Шунга қарамай, марказ боланинг соғлиги ҳақиқатда қандай аҳволда эканлигига ойдинлик киритиш учун тегишли тиббий таҳлилларни ўтказмасдан туриб, журналист номидан раддия берилишини талаб қилмоқда. Акс ҳолда ҳаммаси судда муҳокама этилишини айтиб, гўшакни қўйган (суҳбатлар ёзиб олинган).
Жараёнлар тафсилоти қандай бўлса, шундайлигича портал муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Гувоҳи бўлганингиздек, журналист бор-йўғи бир фуқаронинг оворагарчиликларига барҳам берилиши ва фарзанди учун аниқ ташхис қўйилиши тарафдори. Чунки бугунги тараққийлашиб бораётган, дунё билан беллаша олиш имкониятига эга мазкур соҳада бунга ечим топиш муаммо эмас. Ахир давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга татбиқ этилмоқда. Тегишли тизим масъуллари ҳам бу борада айрим амалий ҳаракатларни амалга оширишга уринди: ҳеч бир имзосиз журналист номидан марказ тақдим этган раддия матнидаги бир хулоса мисолида оладиган бўлсак, “Болани ташхисини аниқлаш мақсадида Марказнинг ташхис бўлимига ётқизилиши таклиф этилди, лекин онаси 2014 йил 28 апрель куни олиб келаман, деб уйга болани олиб кетди. Бироқ биз ҳали ҳам Муяссар Юсупова ва унинг ўғли Арслон Юсуповни кутаяпмиз... Муяссар Юсупова боласини гепатология бўлимига эмас, балки ташхис бўлимига ётқизмоқчи бўлганлиги сабабли, боламни Марказга олиб бормайман, деб менга жавоб берди...” деган сабабларга ойдинлик киритишга уриндик. Мурожаатчи эса ўзининг бундай ҳаракатларини қуйида тақдим этган тушунтиришларида изоҳлади. Биз эса тегишли марказнинг журналист тақдим этган маълумотлар нотўғри эканлигида айблаётган эътирозини инобатга олиб, мурожаатчининг бу борадаги саволимизга берган ёзма изоҳини ҳеч бир таҳрирсиз жойлаштирдик:
“Ўғлим Тошкент шаҳар болалар тиббий маслахат диагностика маркази (ТШБТМДМ)да 2013 йил 25 декабрдан 2014 йил 13 январга қадар текширувдан ўтган. Қон қуйиш ва гематология илмий текшириш институти врачи ТШБТМДМда Олга Сахарова исмли шифокор текширувидан ўтди ва ўғлимни гематология институтига олиб боришимни айтди, шундан сўнг 2014 йил 3 январ куни гематология институтида қон топширдик. Йўлланмани олгач 3-шаҳар болалар шифохонасида гематология бўлимига ёткиздим. 2014 йил 4 апрел куни Вирусология илмий текшириш институтида 3-бўлим шифокори Хушнора С.С. фарзандимни текширди ва УТТ кўригидан ўтишимни айтди. Мен бўлимдаги УТТ текширувидан ўтказдим. УТТ шифокори қўлимга қуйидаги хулосани берди (илова қилинади): Сурункали гепатит, сурункали холецистит. Шунингдек бу ирсий касаллик бўлса, уни даволаш бефойдалигини айтди. Ўша пайт аҳволимни тасаввур қилаверинг. Ҳаттоки бу хулоса билан шифокор қабулига киришга ҳам қайта киришга қўрқдим. Сўнг шифокорга УТТ хулосасини берсам, у менга Вилсон-Коновалова касаллиги борлигига ишонч ҳосил қилиш учун бир нечта текширувдан ўтиш кераклигини тайинлади. Булар қуйидагилар: Церулоплазмин қон таҳлили, окулист кўриги: кольцо Кайзера Флейшера, генетик қон таҳлили ва онкомаркер АFP, ички аъзоларини МРТ қилишни айтди ҳамда жавоблари билан олдига қайта кўрикка келишимни айтди. Мен мазкур қон таҳллиларини сўраб, кўп хусусий ва Давлат тиббиёт муассасаларига бордим. I- Тиббиёт Академиясида бундай таҳлилни тўрт йил ичидаги одам мен эканлигимни айтишди. Оҳири Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 239-47-21 рақамига қўнғироқ қилсам саволимга ўзини Дилмурод деб таништирган одам Вирусология бош шифокори ўринбосарига учрашимни, у мени фарзандимни кўриб қўйишини айтди. Эртасига Вирусология ИТИ бош шифокори ўринбосарининг қабулига бориб, “Вазирликдан Дилмурод олдингизга юборди. Боламни кўрикдан ўтказинг” дедим. У киши УТТ хулосаси ва Хушноранинг тавсия этган тиббий қоғозни кўздан кечириб, булар шарт эмас деяди, бироқ менда барибир гумон қолди. Наҳотки УТТ шифокори ва 3-бўлим шифокори ёлғон айтган бўлса, майли бу таҳмин ёлғон ҳам дейлик, энди менинг аҳволим нима кечади. Боламнинг ҳар гал маззаси қочганида, мени шифокорларнинг Вильсон Канавалова ташҳиси юрагимга ғулғула солмайдими?
Наҳотки, болам бедаво дарддан ўлиб кетса деб қўрқаман. Аҳир айтилган гап, отилган ўқ, бу даҳшат билан яшаш хақиқаттан азоб, буни аниқ билмай яшаш унданда азоб. Мен унга ҳам ота, ҳам онаман. У нима касалга чалинган ё чалинмаганини аниқ билишга наҳотки она хақли эмас. Қўлимга ҳатто онкомаркер текшируви беришади-ю, мен бунга жим қараб тура оламанми? Аҳир онаман шуларни ўйлаб, Вирусология ИТИ 3-бўлим шифокори Хушнорага педиатрим гувоҳлигида қайта қўнғироқ қилиб, айтган церулоплазмин ва бошқа текширувларини топа олмаганимни фақат генетикдан қон таҳлили жавоби қўлимдалигини айтиб, боламни яна кўрикдан ўтказишини сўрадим. У эса энди боламни педиатрия илмий текшириш институтига олиб борасан, болангни ўшалар даволашади деди ва бошқа унга қўнғироқ қилмаслигимни айтди. Буни врачим Ражабова Гулноза ҳам эшитди. Вирусология ИТИда сўраганимда, ҳам улар тиббий қон таҳлилини ўтказишмади. Шундан сўнг Ражабова педиатрия илмий амалий марказига йўлланма берди. Оилавий поликлиникада гепатит маркерлар (А,В,С,Д) таҳлили ўтказилмаслиги сабабли педиатр мазкур таҳлилни ўтказа олмади. Педиатрия Марказига 9 кундан сўнг борганимнинг сабаби юқорида келтирилган Хушнора исмли шифокорнинг буюрган таҳлилларини излаганим ва генетикдан қон таҳлили жавобини кутганим бўлди. 2014 йил 14 апрел куни педиатрия поликлиникасига ўғлимни олиб бордим. Болам фильтрда кўрикдан ўтказилгани йўқ, боламни фақат гепатолог қабулига олиб кирдим. Гепатолог тавсиясига кўра, невропатолог кўриги ҳам ўтказилди. Педиатрия Марказининг поликлиника гепатологи боламни оч қоринда олиб келишимни ва уни УТТ текширувидан ўтказишини, унгача АЛТ, АТС, билирубин, HBsAG ва HCV маркерларини топширишимни айтди. Бу таҳлиллар поликлиникада йўқлигини айтганимда, пуллик бўлсада кўчада ўтишимни ва жавоби билан ҳузурига боришимни айтди. Мен врачдан илтимос қилиб, гепатит маркерлари таҳлилини ушбу поликлиникада ўтишини айтганимда, уларда бундай таҳлиллар олинмаслигини айтди. Мен ушбу анализларни ТШБТМДМда топшириб, жавоби чиққач, боламни педиатрия поликлиникасига УТТ текширувига олиб бормоқчи эдим. Қайта мурожаат қилмаганимга сабаб, қон таҳлили жавоби 26.04.14да чиқиши керак эди. Шу сабабдан истасам ҳам врач ҳузурига бора олмасдим. У ерга жавоблар билан 27.04.2014 бормоқчи эдим. Аммо 23.04.2014 эрталабки 7:00 ларда болам ўрнидан туришга мажоли йўқлигини айтганда, унинг ранглари оқарган эди, аммо, 7:50 да боламни яхши бўлиб кетар деган умидда мактабга юбордим. Аммо соат 10:15да бола мактабдан зўрға юриб келди. Мен дарҳол тез ёрдам чақирдим, тез ёрдам келганида, боламда кучли ҳолсизлик ва бош айланиши кузатилгани учун, болам 4 соатдан ошиқ қимирламай ётди. Тез ёрдам менга болани “Бошлиқ” мавзесидаги ЛОР бўлимига ёткизишини айтди, лекин ҳозирда болада томоқ қизариш йўқлигини ҳам айтди. Мен рад этдим. Бошлиқда бизнинг туман учун 10 та койка ажратилганини айтди. Бироқ бу аҳволдаги болани УТТ хулосасида ёзилган сурункали гепатит ташҳиси ва дизагригационная тромбацитопатия билан у ерга ҳам олишмаслигини айтиб, болани ташлаб кетди. Тез ёрдам шифокори томонидан фақатгина боланинг қон босими ўлчанди ва УАШ Ражабова Г. Болани уйга кўришга келганида, уйимга уч нафар маҳалла нозири кириб келди. Воқеадан ҳайрон бўлиб, Ражабовадан баъзи саволларга жавоб сўради. Ражабова уларга УТТ сурункали гепатит берганини, врачлар Вилсон-Канаваловага таҳмин қилишаётганини айтди, бу пайтда соат 14:00дан ошган эди. Шу куни болам кўчага чиқадиган аҳволда бўлмаган ва чиқмаган, буни Ражабова қўлидаги боланинг амбулатор картасидаги 23 апрел кундаги ёзувлари ҳам тасдиқлайди. Боламни эртасига 24.04.2014да 20 дақиқага ўз назоратим остида кўчага тоза ҳавога олиб чиқдим. Дўсти билан гаплашиб турганида Ражабова уйимизга келди, боламнинг кўчада эканлигини шифокор 24 апрел куни кечқурун кўрган. 24 апрел куни Соғлиқни сақлаш вазирлигига бордим, бир неча соат Вазирликда кутиб ўтирдим, тушликда эса мен болам уйда ёлғизлигини айтдим, боламдан ташвишланганим сабабли котиба қизга 11 минг сўм пул ва ҳужжатларимни ташлаб, такси хизмати орқали уйимга юборарсизлар деб кетганман. Эртасига бу ҳужжатлар уйимга олиб борилган.
Darakchi.uz сайтида келтирилган маълумотларни аниқлаш мақсадида Педиатрия марказида ўтказилган учрашувда гап асосан журналистни судга бериш ҳақида борди. Вирусология ИТИ УТТ шифокори текширув пайтида беморнинг жигарида хақиқаттан ўзгариш бўлганлигини тан олди. Бироқ нима сабабдан ирсий касалликка гумон қилингани ҳақида умуман гап бўлмади. Муҳокамадан сўнг боламни педиатр гепатолог ва педиатрия поликлиникаси мудири Дилшод Юсупов, УАШ Ражабова Г. ва мен иштирокимда боламни койкага ёткизиб, қорнини пайпаслаб кўриб, бола мутлақо соғлом бир ойдан кейин спортга қатнашса ҳам бўлади деди. У ерда болам бирорта ҳам қон таҳлили ва тиббий аппарат текширувидан ўтказилмади. Мен онкомаркер ва цирулоплазминлар текширув шарт эмасми деганимда, “Йўқ, болангиз соғлом десам сизга ёқмайдими” - деди. Бироқ мен барибир гумонда эканлигимни айтдим. Мен эса Вирусология ИТИ бош шифокори ўринбосари ёзиб берган рецептни унга тақдим этдим, у эса буларни боламга шарт эмаслигини айтди. Ўз навбатида Вирусология ИТИ бош шифокори ўринбосари ТШБТМДМ шифокорлари ёзган рецептларни шарт эмаслигини ва боламга ичирмаслигимни тайинлади.
Ўринли савол туғилади, нима сабабдан шифокорлар бир-бирини инкор этади, мен қайси бирининг гапига ишонишим ва қайси дорини ичиришим керак. Педиатрим эса ТШБТМДМда врачлар ёзган рецепт бўйича боламни даволашим кераклигини тавсия қилган. Мен кимга ишонишни билмай, боламни ҳозирда ҳеч қандай дори ичирмасдан, ушлаб турибман. Педиатрия поликлиникаси ҳам ҳеч қандай текширувсиз, ўзининг рецептини ёзиб берди. Бу ерда ким хақ? Қайси врачга ишониш керак? Вирусологиядагилар айтган бедаво дардни Педиатрия Марказида текширишса-ю, аниқ таҳлиллар жавобини олсам ва ҳотиржам бўлсам деган мақсадда эдим. Бироқ менга Педиатрия Марказида 26 апрел куни ҳамманинг олдида 28 апрелда олиб келишимни айтишди. Поликлиника бошлиғи гепатология бўлимида ётмаслигимни у ерда юқумли касалликлар борлигини айтди ва боламни ўзлари тавсия қилган жойда ётқизишларини айтишди. Умуман олганда, гап менинг қайси бўлимда ётишимда ҳам эмас, гап шифокорнинг боламни соғломлигига ишонган ҳолда уни ташҳис бўлимига ёткизиб, боламнинг соғломлигини исботлаб, ўзларини оқлашда бўлган. Агарда бола соғлом бўлса, у нима сабабдан мактабдан қайтиб келади. 1-синфдан бери нима сабабдан физкультура дарсларида қатнашса ўнг қовурқаси остида қаттиқ нарсани ҳис қилишини айтади. Онаман, мен унда сариқ касаллиги белгиларини кўряпман. Лекин илмий китобларда ёзилишича, қонда баъзан бу касаллик аломатлари сезилмаслиги ҳам мумкин экан.
Нега амалда боламни биргина савол-жавоб натижасида соғлом, деган хулосага келинди. Марказ директори билан гаплашиб, нега педиатр қабулида бўлган, деган ёлғон қоғоз қилгансизлар деганимда, у саволимга жавоб бермади. Нима сабабдан ўзингларда бор гепатит маркерлари таҳлилига кўчага ёзиб берганликлари ҳақида сўрасам, яна жавоб бермади. Жавоби фақат, “Мана энди нимага болангни олиб келмаяпсан?”- бўлди. Бунинг сабабини мен айтадиган бўлсам, энди мен Педиатрия илмий амалий маркази баъзи шифокорларига ишончим қолмаганлиги бўлди.
Марказ директорига қўнғироқ қилиб, уларга ишончим қолмаганлиги сабабли боламни олиб боришдан бош тортганимни айтганман. Вирусология УТТ врачи сурункали гепатит бергани ва уни ё тасдиқланиши, ё йўқ бўлишини исташимни айтдим.
Қайси она боласига бефарқ қарайди, шунча югурдим, шифокорларга ялиндим, гарчи болам сурункали гепатитга чалинган бўлса ҳам, агар шифокорлар даволашса унинг тузалиб кетишига ишонганим сабабли шу ҳаракатларни амалга оширдим. Бу менинг қўлимдан келгани холос. Педиатрия вакили боламни қўл билан пайпаслаб, уни соғлом деб турса, бола соғлом бўлиб қоладими? Унда Вирусология ИТИ УТТ шифокори ва 3-бўлим шифокорининг менга айтган гапларини қандай тушуниш мумкин? Бунда ким ёлғон гапиряпти, мен кимга ишонишим керак? Саволларим кўп, лекин ҳали ҳам жавоб ололмадим! Лекин 3-бўлим шифокори ва УТТ хулосаларидаги қўрқинчли гаплар менга тинчлик бермаяпти. Боламнинг нега бошқа болалар сингари соғлом эмасман, деганига қайси врач жавоб бера олади? Иллоҳим боламнинг бедаво дардга чалинмагани рост бўлсин! Шифокорларга битта сўнгги саволим бор: Вирусология таҳлилига асосланиб, фарзандимга Вилсон-Канавалова таҳминини айтишса-ю, мазкур текширувлардан ўтказишларини сўраб, педиатрия илмий-амалий марказига мурожаат қилсам, мен ёлғон гапирган бўламанми? Бу ерда ким айбдор? Менми? Фарзандимми? Ёки шифокорларми?”.
Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасидан.
Бош Қомусимизда акс этган ушбу модданинг мазмун-моҳиятини тушунтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Бугунги кунда республикамизда фуқаролар мурожаатларига эътибор қаратиш, унда жамиятимиз ривожига таҳдид солаётган масалаларга ойдинлик киритиш Давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Барча давлат бошқаруви органларида, вазирликлар ва мутасадди идораларда ана шу талаб ижросини таъминлаш учун Ишонч телефонлари йўлга қўйилган. Бу бежиз эмас: сабаб инсон шаъни ва қадр-қиммати юксак қадрланадиган юртимизда ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлаётган оддий фуқароларни тўғридан-тўғри мутасадди раҳбарлар билан боғлана олишга имкон яратишдир. Юқорида келтирилган фуқаро мурожаати ҳақида ҳам журналист томонидан масалага ойдинлик киритиш Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг Ишонч телефонига мурожаат қилинган. Фуқаролар мурожаатига эътиборнинг исботи сифатида вазирлик ишонч телефонига тушган масалага аниқлик киритиш учун Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий амалий тиббиёт марказига йўналтирганига ишончимиз комил. Буни жараёнлар ҳам исботлаб турибди. Сабаби фуқаро қайд этганидек, унинг мурожаатига айни шу ишонч телефонига ахборот порталига қилинган қўнғироқдан кейин аниқлик киритишга киришилган.
Марказ эса ишонч телефонига тушган мурожаатга ойдинлик киритиб, фуқарони қийнаётган масалага ечим топишдан аввал фуқаро ва давлат бошқаруви органлари ўртасида воситачи бўлган ОАВ вакилига ўз тилидан ҳали ечими топилмаган масала юзасидан раддия беришни талаб қилмоқда. Раддия бериш учун эса вазиятни аниқ таҳлил қилиб, ўрганиладиган жиҳатларга эътибор қаратиб, ҳақиқий вазият ҳақида тегишли марказ маълумот тақдим этиши керак, бизнингча.
Хулоса қилмаймиз, ҳали-ҳамон болага қўйилган тахминий ташхислар аниқланмаган, она эса безовта. Гарчи она тегишли марказ шифокорлари текширувидан ўзига маълум сабабларга кўра бош тортаётган бўлса-да, Марказ масъуллари албатта бу масаланинг ечимини топишади, деган умиддамиз.
Лайло Рустамова тайёрлади





