АсосийJamiyat

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган форум бўлиб ўтди

Пойтахтимизда  Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган форум бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, ёқилғи-энергетика, савдо-сармоя, автомобилсозлик, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, авиаташув,  божхона, экспорт-импорт, суғурта ва логистика каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компаниялари раҳбарлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, Корея Республикаси иқтисодиёт, гуманитар ва ижтимоий фанлар бўйича миллий тадқиқот кенгаши ижрочи директори Ан Се Ён ва бошқалар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йилнинг сентябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликка янги суръат бахш этди.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган, ҳар жиҳатдан ишончли стратегик шеригидир. Мунтазамлик касб этган мулоқотлар ва муштарак интилишлар туфайли давлатларимиз ўртасидаги алоқалар барча йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳам, Жанубий Корея ҳам иқтисодиёт соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу борада икки мамлакат ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик сармоявий шерикларидан бири. Мазкур мамлакатнинг Ўзбекистонга киритган жами сармояси 6 миллиард АҚШ долларидан ошади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини ташкил этувчи 230 дан зиёд ҳужжат имзоланган.

2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда жанубий кореялик ишбилармонлар билан ташкил этилган қарийб 420 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимизда Жанубий Кореянинг саксонга яқин компанияси ўз ваколатхонасини очган. Улар савдо, тўқимачилик ва енгил саноат, тоғ-кон металлургияси, кимё ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, транспорт хизмати кўрсатиш каби соҳаларда иш юритади.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳамкорлигида нефть-кимё соҳасида дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири – Устюрт газ-кимё мажмуаси бунёд этилмоқда.

Форумда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлиги натижалари юқори баҳоланди. Иштирокчиларнинг фикрича, изчил ривожланаётган савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий ҳамкорлик ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини бераётир. Дунёда беқарор молиявий-иқтисодий ҳолат давом этаётган бир пайтда Ўзбекистон эришаётган барқарор иқтисодий ўсишга кореялик меҳмонлар юқори баҳо берди.

2006 йил 29 март куни имзоланган мамлакатларимиз ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация асосида амалга оширилаётган ўзаро муносабатлар муттасил кенгайиб, янги мазмун билан бойиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидандир. Таълим, фан, спорт, маданият, тиббиёт ва сайёҳлик соҳасида ўзаро самарали ҳамкорлик изчил давом этмоқда, талабалар, ўқитувчилар ва мутахассислар  алмашиш фаоллашмоқда.

Анжуманда меҳмонларга мамлакатимизда иқтисодиётни муттасил ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни равнақ топтириш омиллари, молиявий тизимни барқарор тараққий эттириш борасидаги саъй-ҳаракатлар,  “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди. Иштирокчилар мазкур тадбир ўзаро иқтисодий ва молиявий ҳамкорликка оид кўплаб муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлганини таъкидлади. Бундай форумларни мунтазам ўтказиш Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқларининг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қилувчи муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши алоҳида қайд этилди. 

Форумда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида транспорт ва логистика, газ саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш каби қатор соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари, бу борадаги алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш омиллари  юзасидан фикр алмашилди. 

    Бошқа янгиликлар