АсосийJamiyat

Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорларга яратилаётган қулай имкониятларни кўргазмали семинарда намойиш қилади

1-3 май кунлари пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан кўргазмали семинар ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмали семинардан кўзланган асосий мақсад, Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  Фармони ҳамда жорий йил 15 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулай имконият ва афзалликлар тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилишдан иборатдир. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати хабар беради.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитларини тубдан яхшилаш, иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида қабул қилинган.

Албатта, ушбу киритилган меъёрлар тадбиркорлик субъектларига керакли бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ахборотларни тегишли ташкилотнинг расмий веб-сайтидан тезкорлик билан олишга, ўз фаолиятларини қонуний асосда йўлга қўйишга, айниқса, кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий билимини янада оширишга хизмат қилади.

Фармонга асосан инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор тадбирлар кўзда тутилган 46 та банддан иборат «2014-2015 йилларда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар Дастури» тасдиқланган.

Дастурга асосан ягона ер солиғининг тўлов муддатини 3 тадан 2 тага қисқартириш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш вазифаси белгилаб қўйилди. Яна бир муҳим масала, жорий йилнинг 2-чорагида электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилиш муддатини 12 ойдан 24 ойгача узайтиришни назарда тутувчи амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, тегишли органларга 2015 йил 1 январгача бўлган муддатда лицензияланадиган 19 та фаолият турларига «бир дарча» тамойилини жорий этиш, жорий йилнинг охиригача тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия келишувлари шартларини бажариш бўйича даврий ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиб бориш учун дастурий маҳсулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси юклатилган.

2014 йил 1 октябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида:

молия, солиқ, статистика ва бошқа турдаги ҳисоботларни интерактив расмийлаштириш ва тақдим этиш;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, коммунал тўловларни, лицензия ва рухсат этиш характерига эга ҳужжатлар бўйича кўриб чиқишда ва уларни олишда тўланадиган йиғимларни ва давлат божларини Интернет-банкинг тизими орқали тўлаш;

маълумотномалар олиш ва бошқа интерактив давлат хизматларидан фойдаланишни амалга ошириш имконини берадиган шахсий «тадбиркорлик субъектининг кабинети» ишлашини таъминлаш юклатилган. Ушбу тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектлари интернет орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириши, ўзларига тегишли бўлган маълумотларни шахсий кабинетидан электрон шаклда олиш имкониятларига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси Божхона қўмитаси, Марказий банк ҳамда бошқа мутасадди вазирлик, идоралар масъул ходимлари иштирок этган кўргазмали семинарда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан ўртага ташланган саволларга мутасадди ходимлар томонидан батафсил жавоблар берилади.

 

    Бошқа янгиликлар