Тошкент давлат иқтисодиёт университетида агросаноат соҳасида рақобатбардошликни ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабалар иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг моддий-техник базасини яхшилаш, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатдошлигини таъминловчи инновацияларни қўллаш мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда кўп тармоқли фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлаш, тармоқда самарадорликни ошириш, агросаноат истиқболлари, мева-сабзавотчиликда агрокластерларни ташкил этишда жаҳон тажрибасидан фойдаланиш хусусида сўз юритилди.
Мамлакатимизда 73 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритади. Уларга 5,9 миллион гектардан ортиқ ер майдони узоқ муддатли ижарага берилган. Соҳа ривожи учун барча ҳуқуқий асослар яратилган. Берилаётган имконият ва имтиёзлардан тўғри фойдаланиб селекция ва уруғчиликни янада ривожлантириш, меҳнатни тўғри ташкил этиш устувор вазифадир. Бунда соҳа ходимларининг билим, тажриба ва профессионал маҳорати муҳим ўрин тутади.
Анжуманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати ва экспорт салоҳияти таҳлили, жаҳон аграр ва озиқ-овқат бозорларига интеграциялашув шароитида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, соҳада модернизациялаш тадбирлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.





