5 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББга Яшнобод туманидаги мактаб интернати ҳудудида “бомба” борлиги тўғрисида хабар келиб тушади. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилади.
Вазирлик хабарида қайд этилишича, шу куни соат 18:18ларда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи Людмила Кучеренко маст ҳолда 103-сонли Ақли заифлар мактаб интернатида ўқиётган ўғли И.Владимировични уйига олиб кетгани келганида интернат раҳбарияти уни маст ҳолда бўлганлиги учун олиб кетишига рухсат бермаган.
Шундан сўнг Людмила Кучеренко Тошкент шаҳар ИИББ “102” хизматига қўнғироқ қилиб, юқоридаги мактаб интернати ҳудудида “бомба” бор деб ёлғон хабар берган.
Мазкур хабар юзасидан воқеа жойига туман ИИБ ва ҳуқукни ҳимоя қилувчи бошқа идора ходимлари етиб келиб мактаб интернат ҳудудини текширилганларида хеч қандай портловчи моддалар ва шубхали буюмлар топилмаган.
Кўрилган чоралар натижасида ёлғон хабар берган Людмила Кучеренко ушланган. Айни вақтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






