Аввал хабар берганимиздек 28 апрелдан бугунга қадар Халқаро сўз ва матбуот эркинлиги куни муносабати билан ташкил этилган медиа кунлар ниҳоясига етмоқда.
Тадбир Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассосциацияси (ЎзЭОАВМА) ЕХҲТ, К.Аденауэр жамғармаси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси каби халқаро ҳамкорлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Парламент комиссияси, “Узрепорт” АА, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, “Камолот” ЁИҲ, «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ каби миллий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган.
2014 йилнинг 28 апрелидан 2 майигача давом этадиган кунлар доирасида германиялик халқаро эксперт Рене Фолкнер иштирокида ижтимоий медиа маҳсулотни тайёрлаш бўйича, нодавлат радиостанциялар ижодий гуруҳлари учун Германиялик журналист Биргит Ветцел бошчилигидаги семинар-тренинг, ҳудудий телестанциялар журналистлари ва техник ходимлари учун маънавият ва маданият мавзуларини ўз ичига олган “давра суҳбати”, ЎзЭОАВМА аъзолари иштирокидаги конференциялар бўлиб ўтди.
Тадбирда теле ва радиостанциялар, халқаро ташкилотлар ва дипмиссия раҳбарлари, ижодий ва техник гуруҳлари, давлат ҳокимияти органлари вакиллари, жамоат ташкилотлари вакиллари, вазирликлар ва идоралар матбуот котиблари ва бош муҳаррирлар иштирок этишмоқда.
28 апрелдан 2 майга қадар ҳар куни “Бунёдкор” ёшлар телемажмуаси онлайн мултимедиа марказида амалий семинар ташкил этилди.
Семинар “онлайн вебинар” форматида ижтимоий аҳамиятга эга медиа маҳсулот тайёрловчи ижодий гуруҳлар учун ташкил этилади. Тадбир «Sachsen Fernshen GmbH & Co. Fernseh-Betriebs KG» телекомпанияси иш бошқарувчиси – Рене Фолькнер (Германия) бошчилигида олиб борилди.
Тренингдан кўзланган асосий мақсад ижтимоий аҳамиятли роликларни тайёрлашда халқаро тажрибани тадбиқ қилишдир. Тайёрланган маҳсулотлар тақдимоти ва уларни кўриб чиқиш халқаро конференция чоғида амалга оширилади.
Таъкидалб ўтиш жоизки, қатор халқаро ташкилотлар ЎзЭОАВМАга қилган ташрифлари давомида ассоциациянинг фаолиятига, тайёрланаётган медиа маҳсулотларлар ўзларининг юқори баҳосини беришган.
Ҳусусан 2014 йилнинг 3 апрелида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари бўйича координатори Дьерд Сабо қуйидагича фикр билдиради: “Биз кўрган ва айни дамда кабель телевидениеси орқали намоиш этилаётган ижтимоий телемаҳсулот ўзининг сифати ва мазмуни билан бизга жуда ёқди, ўйлайманки бу каби лойиҳалар жамият учун долзарблик касб этади ва биз ҳам бу борада ҳамкорликни давом эттиришга умид қиламиз”.
4 апрел куни ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Криста Пиккат ҳудудий журналистлар билан ўтказилган телемулоқотда қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: “Менимча, кабель телевидениеси орқали эфирга узатилаётган ижтимоий роликлар республика аҳолиси учун муҳим хабар (мэссеж)ни ўзида жамлаган. Айни шу хабар одамларни маданий ва маърифий қадриятларни оммалаштиришга чорлайди”.
К.Аденауэр фондининг ҳудудий координатори Томас Кунце ҳам жумладан шундай деди: “Ёшлар студияларининг фаолияти кундан кун такомиллашмоқда, журналистларнинг ижодий салоҳияти ва малакаси ошмоқда, бунга эса давомли равишда олиб борилаётган семинар тренинглар сабабчи. Биз халқаро тренерларни жалб қилишда ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз”.
Бундан ташқари 28 апрелдан 1 майгача параллель тарзда пойтахтимизнинг “Туркистон” меҳмонхонасида 11 та нодавлат телестанция ижодий гуруҳи учун Германиялик журналист Биргит Ветцел бошчилигида семинар тренининги ташкил этилди. Семинар кундалик радио ахборот дастурлари ва ижтимоий радио роликлар тайёрлаш жараёнини такомиллартириш мавзусида олиб борилади. Тренингдан кўзланган асосий мақсад замонавий ахборот дастурларини тайёрлашда нодавлат радиостанцияларнинг ўзаро алоқа механизмини системалаштириш, шунингдек, нодавлат радиостанциялар томонидан ижтимоий роликларни тайёрланиши ва уларни эфирга жойлаштириш механизмларни янада такомиллаштиришдан иборат.
30 апрел куни семинар доирасида Германия делегациясининг К. Аденауэр номидаги фонд вакили Герхард Валерс ва Саксония ерлари Парламенти раиси доктор Миттиас Рёсслерларнинг ЎзЭОАВМА ва “Бунёдкор” ёшлар телеклубига ташрифи режалаштирилган.
Учрашув чоғида ёш журналистлар томонидан ижтимоий аҳамиятли медиа маҳсулотни тайёрлаш бўйича лойиҳа ва ЎзЭОАВМАнинг К.Аденауэр фонди ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги фильм тақдим этилди.
Шунингдек апрелнинг сўнгги куни пойтахтимизнинг «Туркистон» меҳмонхонасида ЎзЭОАВМА аъзолари иштирокида конференция бўлиб ўтади. Унда Ассоциация раҳбарлари томонидан “2014 йил Соғлом бола йили” давлат дастурини ёритишга бағишланган тадбирлар мажмуаси, шунингдек, нодавлат телерадио узатишни янада такомиллаштиришнинг қатор долзарб масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамасининг 2014 йил 14-апрел № 92 сонли “Нодавлат телерадиоузатиш объектлари фаолияти ҳавфсизлигини муҳофаза қилиш тўғрисидаги” қарорининг амалда қўлланилиши бўйича семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамаси, нодавлат телерадиостанциялар, кабель телевидениеси ва Давлат ахборотлаштириш ва телекоммуникацион технологиялар қўмитаси вакиллари иштирок этди.
1 май куни “Журналистлар баҳори” фестивали доирасида маънавият ва маданият мавзуларини ўз ичига олган ҳудудий телестанциялар журналистлари ва техник ходимлари учун давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад “Соғлом бола йили” Давлат дастурини ёритиш борасидаги ижодий режани ва маданият, миллий анъаналар ва одатлар тўғрисида медиа контент тайёрлашнинг замонавий усулларини муҳокама қилишдан иборат эди.
Давра суҳбати якунларига кўра, ЮНЕСКО ва ЎзЭОАВМА энг яхши ишлар ва уларнинг муаллифларини аниқланди, улар “Журналистлар баҳори” фестивали чоғида мукофотланади.
Бугун 2 май куни Пойтахтимизнинг Dedeman Silk Road меҳмонхонасида халқаро конференция бўлиб ўтади. Унда нодавлат электрон ОАВ эфирини ижтимоий аҳамиятли медиа маҳсулот билан тўлдиришда ОАВ, давлат, жамоат ва халқаро ташкилотларнинг фаолиятини бирлаштириш ва маҳсулотларни халқаро ва мамлакатимизниг миллий манфаатларига мос келадиган қилиб тайёрлаш каби долзарб масалалар кўрилади.
Медиа кунлар иштирокчилари 2 май куни “Туркистон” саройида бўлиб ўтадиган IX “Олтин қалам” миллий мукофотини топшириш маросимида иштирок этишади. Таъкидлаб ўтиш жоизлки, ЎзЭОАВМА нинг 16 нафар ижодий ходими “Олтин қалам” мукофоти соҳиби ҳисобланади.
Тақдирлаш маросимидан сўнг ЎзЭОАВМА Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Парламент комиссияси, К.Аденауэр фонди, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Тошкентнинг Япон боғида ананавий “Журналистлар баҳори” фестивалини ташкил қилади ва Халқаро сўз ва матбуот эркинлиги кунига бағишлаб тантанали қабул уюштирилади. Миллий таомлар либослар танловларидан иборат фестивалдан кўзланган мақсад мамлакатимиз турли ҳудудларининг ўзига ҳос маданияти ва анъаналарини кенг тарғиб қилиш ва телестанциялар ходимларини рағбатлантиришдан иборатдир. Фестиваль доирасида фестиваль ғолибларини қуйидаги номинациялар бўйича мукофотлаш бўлиб ўтади: “Энг яхши миллий таом”, “Энг яхши миллий либос”, шунингдек, “давра суҳбати” доирасида юртимизнинг миллий маданий-маърифий ва умуминсоний қадриятларини тараннум қилувчи ишлар “Энг яхши телевизион материал” ва “Энг яхши радиоматериал” номинацияси бўйича мукофотланади.





