1

Булутли тизимлар негизидаги ахборот тармоқларини барпо этиш ва бошқаришга бағишланган семинар ўтказилди

ЖАМИЯТ 17.02.2018, 07:45
Булутли тизимлар негизидаги ахборот тармоқларини барпо этиш ва бошқаришга бағишланган семинар ўтказилди

“Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясида маҳаллий ахборот технологиялари корхоналари ходимлари учун булутли тизимлар негизидаги ахборот тармоқларини барпо этиш ва бошқаришга бағишланган семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, хорижий ва маҳаллий ахборот технологиялари вакиллари, алоқа ва телекоммуникациялар соҳаси ходимлари иштирок этди.

Тадбир назарий, амалий ва лаборатория машғулотларидан иборат бўлиб, уларда мутахассислар ахборот тармоқларини яратиш соҳасидаги энг сўнгги техник ишланмалар билан танишди. Машғулотлар давомида иштирокчилар профессионал даражасини ошириб, тармоқлараро экранларнинг янги нусхаларини созлаш жараёнини ўзлаштирди, тармоқларни созлашга ихтисослашган дастурий таъминотдан фойдаланишга оид кўникмаларга эга бўлди. Шунингдек, турли тармоқ ускуналари, жумладан, тармоқлараро экранлар ва хавфсизлик шлюзларининг янги линейкалари прототипининг сўнгги моделлари намойиш қилинди.

Семинар дастурининг асосий қисми тармоқларни барпо этиш ва бошқаришнинг булутли тизимларига бағишланди. Бу каби инновацияларни маҳаллий корхоналар фаолиятига жорий этишнинг мутлақо амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда хорижлик мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

– Замонавий булутли технологиялар ахборот тармоқларини ташкил этиш ва бошқариш, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун кўплаб имкониятлар яратади, – дейди семинар иштирокчиси, “RIM-NIHOL” компанияси мутахассиси А.Прокопов. – Масалан, уларнинг негизида яратилаётган гибрид тизимлар фойдаланиш нуқталарига иш жараёнидан узилмаган ҳолда, бир пайтнинг ўзида бир неча режимда ишлаш имконини беради. Шу билан бирга, янги техник ишланмалар тармоқ маъмурлари олдида турган тармоқларни бошқариш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб муаммоларни ҳам ҳал этади.

Тадбир якунида мавзу юзасидан имтиҳон ташкил этилди. Ўтиш балларини қўлга киритган мутахассисларга “ZYXEL CERTIFIED NETWORK ENGINEER” (ZCNE) сертификати топширилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1