АсосийJamiyat

Ахборот-кутубхона марказига хорижий тилдаги адабиётлар тўплами туҳфа қилинди

'Ахборот-кутубхона марказига хорижий тилдаги адабиётлар тўплами туҳфа қилинди'ning rasmi

Абдулла Қодирий номидаги Навоий вилояти ахборот-кутубхона марказига Хитойнинг “China CAMC Engineering Co, Ltd” (CAMCE) компанияси томонидан 20 минг АҚШ доллари қийматидаги хорижий тилдаги адабиётлар тўплами туҳфа қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда давлатларимиз ўртасида барча соҳалар, жумладан, маданий-маърифий соҳалардаги ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланаётгани алоҳида таъкидланди.

Айни пайтда компания томонидан “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида йирик уч лойиҳадан бири – поливинилхлорид (ПВХ) – Каустик содаси – метанол ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

– Биз хитойликларда бир мақол бор, унинг маъноси шундай: агар кимдандир бир чимдим меҳр кўрсанг, икки ҳисса қилиб қайтар, – дейди “China CAMC Engineering Co., Ltd” (CAMCE) компанияси бош директори Ҳуанг Каи Ли хоним. – Демак, икки халқ ўртасида ўзаро ишонч бўлса, барча соҳалардаги алоқалар ҳам мустаҳкам бўлади. Бугун Хитойда Янги йилнинг илк куни. Бу байрамни Ўзбекистонда қуёш чарақлаб турган кунда нишонлаётганимизда ҳам қандайдир ҳикмат, файз кўряпман мен. Энди бундай хайрли тадбирларни кўп ўтказамиз.

Китобхон ўқувчи-ёшлар томонидан ўзбек ва хорижий тилларда Алишер Навоий ғазаллари ва замонавий шеъриятимиздан намуналар ёд айтилди.

– Китоблар жамланмаси айниқса, биз ёшлар учун ажойиб туҳфа бўлди, – дейди Навоий шаҳридаги 1-давлат иқтисослаштирилган умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Аҳмад Муродиллаев. – Айни пайтда IELTS имтиҳонларига тайёргарлик кўрмоқдаман. Хорижий тиллардаги бу адабиётлар бунда менга асқотишига ишонаман. Умуман, инсоннинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда китобнинг ўрни беқиёс.

Меҳмонларга “Ўтмиши қадим, келажаги нурли диёр” номли китоб-альбомлар эсдалик сифатида топширилди.

    Бошқа янгиликлар